Ўзбекистон ортидан Покистон ҳам АҚШ ҳарбий базасига йўқ, дедими - энди Вашингтон нима қилади? Afg‘oniston, O‘zbekiston, Tolibon, dunyo, yangiliklar

Published

Покистон Бош вазирининг шу кунларда берган интервьюси катта шов-шувга сабаб бўлмоқда. Покистон ҳам яқинда Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистон қаторида АҚШ ўз ҳарбий базаларини очиш ниятида бўлган давлатлардан бири сифатида тилга олинган.

Бу ҳақдаги хабарлар шу йил апрель ойида айрим нуфузли Ғарб нашрларида ҳам бўй кўрсатганди.

АҚШ 20 йиллик ҳозирлигидан сўнг, жорий йилдан қолмай Афғонистондан ўз қўшинларини буткул олиб чиқиб кетмоқчи ёки уларнинг сонини кескин қисқартирмоқчи.

Сўнгги ойларда бўй кўрсатаётган хабарлар тафсилотларидан маълум бўлишича, бундан буёғига Афғонистонда ўзининг чегараоша амалиётларини олиб бориш учун ўзининг ҳарбий базаларига жой топиш илинжида.

Покистон Бош вазири Американинг Axios веб сайтига интервью берган.

Имрон Хон суҳбат чоғида АҚШга Афғонистондаги ҳарбий амалиётлари учун Покистон тупроғидан фойдаланишига изн бермаслигини қатъий таъкидлаган.

Интервью душанба куни тонгда эфирга узатилган, бир зумда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлиши ортидан, кўпчиликнинг диққат-эътиборига тушган.

Axios Имрон Хоннинг АҚШ ва Афғонистон ҳақидаги гапларини ҳали суҳбат эфирга узатилмай туриб эълон қилган.

Покистон Бош вазири суҳбатдоши Жонатан Суонга Марказий Жосуслик хизмати (ЦРУ)нинг Покистондан туриб ал-Қоида, ИШИД ва Толибонга қарши чегараоша акслтеррор амалиётларини уюштириши учун Америка Қўшма Штатларига "умуман" рухсат бермаслигини айтган.

Жо Байденнинг шу йил сентябрь ойигача Афғонистонни тарк этиш режаси манзарасида АҚШ учун Покистоннинг ҳамкорлиги жуда муҳим аҳамият касб этади.

Афғонистонга бевосита чегарадош Покистон Американинг "террорга қарши уруши"да яқин иттифоқчиларидан бири бўлган.

Ўзбекистондан ўтувчи Шимолийси каби, Покистондан келувчи Жанубий Таъминот йўли ҳам Афғонистондаги АҚШ ва Нато бошчилигидаги иттифоқ кучларининг таъминотида муҳим ўрин тутган.

АҚШ ўз вақтида Покистонни "Натога аъзо бўлмаган энг йирик иттифоқчиси" сифатида кўрган.

Покистонга, йилларки, ҳар томонлама кўмак бериб келган.

2010 йилда келаси беш йилни назарда тутиб, Покистонга ҳарбий ва хавфсизлик соҳаларида жами $2 миллиард долларлик ёрдам ҳам ваъда қилган.

Аммо орада жангарилар ва жангари гуруҳлар билан боғлиқ масалалар туфайли ўзаро муносабатлари совуқлашаркан, АҚШ бир неча бор Покистонга юзлаб миллион долларлик ёрдамларини тўхтатиб қўйишини ҳам эълон қилган.

Расмий Исломобод изчил равишда рад этиб келса-да, ҳарбий доираларда Покистон ҳукумати Толибон ҳаракатига катта таъсирга эга, деб кўрилади.

Ал-Қоида тармоғининг лидери Усама бин Лодин ҳам 2011 йилнинг май ойида АҚШ кучлари томонидан Покистон ҳудудида ўлдирилган.

Бундан ташқари, "Ҳаққоний" каби ашаддий жангари гуруҳларнинг, йилларки, Покистон ҳудудидан бошпана топиб келаётгани ишонилади.

Имрон Хон Американинг ўз ҳарбий амалиётлари учун Покистон ҳудудидан фойдаланиш режасига доимо қарши бўлиб келган.

Унинг сўнгги жавоби Покистон ҳукуматининг бошқа аъзоларининг бу хусусдаги чиқишларига ҳамоҳанг ҳам янграган.

Бош вазирларининг сўнгги суҳбати чоғида ҳам бу хусусдаги яна бир бор урғуланган мавқеи Покистонда катта олқишларга сабаб бўлган, #AbsolutelyNot хэштеги трендга чиққан.

Дунёнинг саноқли ядровий қудратларидан бири бўлган Покистон Афғонистон масаласида энг йирик минтақавий ўйинчи давлатлардан бири саналади.

Марказий Осиёда худди шундай мавқеъда бўлган Ўзбекистон томони ҳам АҚШ ҳарбий базалари хусусидаги хабарларга расман ўз муносабатини билдиргандек кўринган.

Мудофаа вазирлиги вакили, "Ўзбекистон ўз ҳудудига хорижий ҳарбий базалар ва объектлар жойлаштирилишига йўл қўймаслиги"ни айтган.

Ўзбекистоннинг Мудофаа доктринасида бу нарса кўзда тутилмаганини маълум қилган.

Вакилнинг бу муносабати Россиянинг Новости ахборот агентлиги хабарида бўй кўрсатган.

Ўтган май ойида эса, Толибон ҳаракати Афғонистоннинг қўшниларига мурожаат билан чиққан.

Уларни ўз ҳудудларидан Афғонистонга қарши фойдаланилишига изн бермасликка чақирган.

Акс-ҳолда бунинг оқибатлари билан огоҳлантирган.

"Агар, шундай қилишса, бунинг оқибатларига ўша давлатларнинг ўзлари масъул" эканликларини айтганди.

Афғонистон Толибон ҳаракати минтақадаги энг йирик жангари гуруҳи бўлади.

АҚШ ҳарбийлари Афғонистондаги ҳарбий амалиётларини амалга оширишда бундан аввал икки Марказий Осиё давлати - Ўзбекистон ва Қирғизистондаги ҳарбий базадан фойдаланишган.

Аммо ҳар икки давлатдаги базаси ҳам машмашалар ва шахсан президентларининг эътирозлари билан ёпилган.

Воқеаларнинг сўнгги ривожи эса, Марказий Осиёда геосиёсий танглик кучайиб бораётган бир пайтга тўғри келган.

Россия ва Хитой АҚШ билан бирга минтақадаги учта йирик геосиёсий ўйинчидан иккитаси саналади.

Ҳар икковлон ҳам Марказий Осиёда ўз ҳарбий базаларига эга.

Улар АҚШ қўшинларининг ўз чегаралари яқинидаги ҳозирлигидан безовта эканликларини ҳам яширмай келишади.

Россия ҳозирда аксарият минтақа давлатларининг йирик ҳарбий-техник ҳамкори бўлса, Хитой уларнинг энг йирик савдо-иқтисодий шериги, сармоячиси ва кредитори ҳам бўлади.

Хитой, бошқа томондан, айнан Покистоннинг энг йирик иқтисодий ва ҳарбий ҳамкоридан биттаси бўлади.

Афғонистон минтақанинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош ва дунёнинг асл илдизлари Ўзбекистонга бориб тақалувчи ўзбек жангари гуруҳлари ҳали-ҳануз бошпана сақлаб келаётган саноқли давлатларидан биридир.

Марказий Осиёда армияси энг жанговар экани айтилувчи Ўзбекистон, бошқа томондан, аксарият минтақа давлатларидан фарқли тарзда, Россия шамсияси остидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига ҳам кирмайди, унга расман аъзо эмас.

Дональд Трамп маъмурияти даврида АҚШ, айниқса, Ўзбекистон ва Қозоғистон билан қайта яқинлашиш ҳаракатида кўринган.

Шавкат Мирзиёевнинг илк ва бир ташрифининг ўзидаёқ Ўзбекистон билан стратегик шерикликнинг "янги даври"ни бошлаганликларини эълон қилган.

АҚШ айнан Дональд Трамр бошқаруви даврида Толибон билан эришилган ва "тарихий" экани айтилган ўтган йилги битим доирасида Афғонистонни тарк этиш ҳаракатида.

Мазкур келишув шартларига кўра, 9.500 га яқин хорижий ҳарбийларнинг буткул чиқиб кетиши эвазига Толибон бошқа жангари гуруҳларнинг Афғонистон тупроғидан туриб, четга ҳужум уюштиришларига изн бермайди.

Ўзбекистон Афғонистондаги тинчлик жараёнига расман ва фаол бош қўшган ягона минтақа давлати бўлади. Толибон ҳаракатининг ўзи билан ҳам бевосита мулоқотда.

Тинчлик жараёнининг Афғонистонда толибларни ҳам ўз ичига олувчи коалицион ҳукумат тузилишини мақсад қилган якуний - афғонлараро мулоқотлар босқичи ҳануз ўз поёнига етмаган.

Шу кунларда экспертлар қолиб, ҳатто, айрим маҳаллий расмийлар ўзларининг ҳам бу мулоқотларнинг самарасини аллақачон савол остига ола бошлашгани ҳам кўрилган.

Ҳарбий иттифоқ қўшинларининг ортга якуний сафарбарлик режаси бутун Афғонистон бўйлаб зўравонликлар хавотирли тус олган бир пайтга тўғри келмоқда.

Айниқса, сўнгги ҳафталарда Афғонистоннинг Марказий Осиёга бевосита чегарадош минтақаларида вазият жиддий ёмонлашган, ўнлаб туманлар толиблар ихтиёрига ўтган.

Толибон шу кунларда Афғонистоннинг Ўзбекистонга қўшни Балх вилоятида ҳам қатор туманларни босиб олишга муваффақ бўлган.

Толибон ҳужумларининг янада кучайиб бораётгани манзарасида Нато Бош котиби бундан кейин ҳам Афғонистон хавфсизлик кучларини ташлаб қўймасликлари, уларни ҳар томонлама дастаклашларини баён қилган, аммо ҳалича бу хусусда аниқ режалари тафсилотлари кўзга ташланмайди.

Аксарият экспертларнинг бирдек эътироф этишларича, жорий йил Афғонистон учун "ҳал қилувчиси" бўлади.

Покистон Бош вазирининг сўнгги жавоби ва Толибоннинг май ойидаги огоҳлантиришига ҳозирча Вашингтон, Афғонистондаги хорижий иттифоқ қўшинларининг расмий муносабати маълум эмас.

Шу соатларда олинаётган хабарларга кўра эса, АҚШ ҳарбийлари Толибоннинг сўнгги ютуқларини назарда тутиб, Афғонистондан чиқиш суръатларини бироз секинлаштиришларини айтишган.

Аммо, Пенатгон вакили Жон Кирбининг таъкидлашича, ортга буткул сафарбарликлари учун аввалги белгиланган якуний муҳлат - 11 сентябрь санаси барибир ўзгаришсиз қолади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek