Ўзбекистон: Президент Мирзиёв ерни кимдан олиб, кимга бераяпти? Video O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Published
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ўзбекистон президенти имзолаган фармонга ҳозир "Ер декрети", деб таъриф берилмоқда. Фармон матнида ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш муҳимлиги урғуланаяпти. Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта давлати бўлади.

Фармон "Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" деб номланади.

Англашилишича, бир одам 70 гектар ернинг эгаси бўлиб турган вақтда, ёнидаги 50 оила ишсиз, даромадсиз қолиб келган вазиятни ўзгартириш мақсади кўзланган.

"Биз ерни ҳақиқий эгасига, халққа бермоқчимиз. Битта фермерда 70 гектар ер бор, мисол учун. Нимага олдидаги 50 та хонадонга 25 сотихдан ер бермаймиз? Нимага? Қани адолат?", деди Президент Мирзиёев ушбу масалага бағишланган видеоселектор мажлисда.

Адлия вазири Русланбек Давлетов айтишича, ушбу ер ислоҳотини эълон қилишдан олдин Ўзбекистон ичкариси ва хориждаги тажриба пухта ўрганилган.

"Бунинг тагида жуда катта изланишлар, ойлар давомида жуда катта гуруҳ бугунги кундаги бу соҳадаги муаммоларни таҳлил қилиб, жойларга чиқиб, бевосита шу соҳадаги мутасаддилар билан мулоқот қилиб, катта жараён натижасида, чет эл тажрибаси ўрганилиб, бунинг натижасида таклифлар шаклланиб, ана шу амалга ошадиган ғояларга старт берилди", деди Адлия вазири.

Русланбек Давлетов айтишича, президент фармони Ўзбекистонда ер ислоҳотига қаратилган тўрт йўналишдаги ишларни қамраб олган. Булар:

  • 1. Ерни қайта тақсимлаш;
  • 2. Ер ҳуқуқларини қайта кўриб чиқиш;
  • 3. Ер ажратиш тартибларини тубдан қайта кўриб чиқиш;
  • 4. Ер билан боғлиқ бўлган муносабатларнинг назоратини кучайтириш ва жавобгарлик масалаларини тубдан қайта кўриб чиқиш.

Ана шу фармон асосида энди 15 қонуности ҳужжатини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Президент Мирзиёев тарихий деб таърифлаган фармон энди коррупционер ҳокимларни ноқонуний даромад манбаидан айириши аксар ўзбекистонликларни қувонтираётгани рост, охирги икки йилда ҳокимларнинг 2500 та қарори бекор қилингани, қарийб 600 мансабдорга ер қонунчилиги бўйича жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар қилди Бош Прокуратура.

Ҳукумат йил охиригача қарийб ярим миллион одамга иш жойи ташкил этмоқчи, "ер билан ўзини ўзи банд қилсин", деган қарорга келинган.

Ўзбекистонда 30 йилдан буён тартибга солинмаган ер муносабатларини ўзгартириш фурсати аллақачон етганини урғулаган иқтисодий блоггер bakiroo, лекин бунчалар шошма-шошарлик нима учун?, деб ёзди.

Иқтисодий таҳлилчи назарида, "афсуски, турли манипуляциялар ва тор олигархик гуруҳларнинг манфаатли ўзлаштиришлари учун "лазейкалар" қолдирилган.

"Хусусан, давлат-хусусий шериклик лойиҳалари ва ижтимоий фойдали мақсадларга эришишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда ер участкалари давлат ташкилотига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилиши белгиланмоқда.

Масалан, Тошкент ва Самарқанд шаҳрида ҳокимият билан чатишиб кетган гуруҳларнинг фаолиятлари бунга мисол. Шартли ҳокимият таъсисчилигидаги МЧЖлар ва ишончли бошқарувчиларнинг лойиҳалари учун доимий фойдаланишга ер ажратилади, амалда эса улар билан аффиллашиб кетган бенефициарлар - тижорий олигархия бу ер участкаларини турли кўринишларда тасарруф эта бошлайди. Марказда ва жойларда коррупциялашган номенклатура энг асосий бизнес фигураларга айланиб кетганини ҳисобга олсангиз, оқибатларни тасаввур қилиш қийин эмас. Давлат чиновниклари ва уларнинг шериклари давлат-хусусий шериклик ниқоби остида ер участкаларини гибрид тарзда тасарруф этиши учун жуда катта тирқиш бу. Ер Қонунчилигига ўзгартиришлар киритилишида бу лазейка тугатилиши лозим", деб ёзди bakiroo.

"Фармон тўлиқ эълон қилингач, бошқа саволлар ҳам юзага келмоқда.

Юқоридаги пост бўйича хавотирларимиз ўринли эканини давлат-хусусий шериклик лойиҳалари учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилган ерларнинг давлат-хусусий ёки ижтимоий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддатига хусусий шерик, нодавлат нотижорат ташкилоти ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига ижарага берилиши мумкинлиги ҳам тасдиқлаб турипти. Яъни давлат-хусусий шерикликдаги ерлар бемалол ижара воситасида учинчи шахслар томонидан (улар бегона бўлмайди албатта) тасарруф эта бошланади. Уёғига эса худдо пошшо.

Фармон гарчи истисноларни тугатишни кўзлаган бўлса-да, истиснолар барибир қолган. Хусусан, Ҳукумат агросаноат кластерларига ва йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун ерни тўғридан-тўғри ижарага бериши қайд этилган, яъни йирик олигархия учун шу ерда ҳам лазейка қолдирилган. Нега очиқ танлов ёки аукцион орқали эмас. Ахир бу мумкин-ку!

Афсусланарлиси, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга, халқаро бирлашмалар ва ташкилотларга, чет эллик юридик ва жисмоний шахсларга ҳам ижара ҳуқуқи асосида ер ажратилиши мумкин. Бизга Қозоғистоннинг аччиқ тажрибаси наҳотки дарс бўлмади? Биз бу билан келажагимизга катта хатар қолдирамиз", деб ёзди иқтисодий таҳлилчи.

"Яна савол туғилди: Фермерларнинг ер участкалари қай асосда ишсизларга қайта тақсимланмоқда?

Айтилмоқдаки, ишсиз, турли дафтарларга бириктирилган аҳолига қишлоқ хўжалиги ерларини 10 йил муддатга деҳқончилик билан шуғулланиш учун ижарага берилади. Амалда шу йил бошидан буён ишчи ўринлари яратиш баҳонаси остида фермерлар фойдаланиб келаётган ер участкаларининг 10-15 фоизи маъмурий йўл билан олиб қўйилиб, камбағал аҳоли қатламларига тақсимланмоқда.

Ушбу ер участкалари ҳозирда фермер хўжаликларига мерос қолдириладиган ижара ҳуқуқи асосида тегишли.

Фермерлардан қайси асосларда ер майдонлари реквизиция қилинади?

Албатта ҳуқуқий жавоб керак. Бу минглаб фермерларнинг ҳақлари учун, мулкий ҳуқуқларнинг таъминланиши учун ҳам керак.

Мулкий ҳуқуқлар бир субъектнинг ҳақи бузилиши ҳисобига юзага келмаслиги лозим", деб ёзди блоггер bakiroo.

"Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси Интернетда жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Би-би-си суҳбатлашган бошқа бир ўзбекистонлик таҳлилчи фикрича, президент фармони асосидаги кейинги бошқа ҳужжатларни "сайлов йилида оламшумул ишлар қилдик, деган ҳисобот учун" эмас, узоқ муддатни кўзлаб тайёрламоқ лозим. Ана ўшанда Ер ислоҳотидан яна бир ҳовуч пулдор эмас, оддий халқ наф кўради.

Ўзбекистон аграр-индустриал давлат.

Қишлоқ хўжалиги Ўзбекистонда халқ хўжалигининг энг муҳим тармоқларидан бири саналади.

Мамлакатда меҳнатга лаёқатли аҳолининг қарийб ярми қишлоқ хўжалигида бандлиги айтилади.

Айрим маҳаллий иқтисодий таҳлилчиларнинг фикрларига таянилса, "мамлакат қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиб, инқироздан олиб чиқиш бу - ҳеч муболағасиз бутун Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожланиш босқичига олиб чиқиш"ни англатади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek