Ўзбекистон ҳам Россияга ўз сўзи ва таъсирини ўтказа оладими? Video Rossiya Putin O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Published
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳам Россия таъсир доирасига қайтиб, Москва истагига қараб йўл тутмаяптими, деган саволлар ўртага ташланмоқда.

Айниқса, Россиянинг Ўзбекистонда АЭС қуриши, расмий Тошкентнинг Москва етакчилигидаги Евросиё Иқтисодий Иттифоқига кузатувчи мақомида кириши каби ҳолатлар айни фикрларни кучайтирди.

Шу қаторда айрим маданий амаллар, дейлик, Янги Йил байрамини нишонлаш ё рус тилини ўргатишга катта аҳамият берилиши, Россия босқинчи аскарлари бутхонасини таъмирлаш ёки 9 Май санасини Советча русумда ўтказиш ҳам айни фикрларни кучайтирган.

Хавотирлар қанчалик асосли?

Кремль ҳох Совет Иттифоқи, ҳох Россия тимсолида бўлсин, сўнгги асрлар давомида дунёга, хусусан, атрофидаги кичикроқ давлатларга ўз кучини намойиш этиб келган.

Бироқ сўнгги йиллари МДҲ бўйлаб Россиянинг таъсири заифлашиб бормоқда.

Ҳали 30 йил олдин Россия таъсир доирасидан чиқиб кетган Болтиқбўйи давлатларини қўятурайлик.

Украина ва Россия ўртасидаги вазият душманона бўлиб қолмоқда.

Грузия билан Москва муносабатлари замирида ҳам чуқур зиддиятлар ётибди.

Москвапарастларга нима бўлди?

Ўтган 2020 йилда эса янада кутилмаган воқеалар содир бўлди.

Энг россияпараст давлат - Беларусда Президент Лукашенко бошқарувига қарши норозилик узоқ муддатли кўп минг кишилик намойишлар тимсолида яққол кўзга кўринди.

Олдинроқ эса камбағал ва митти Молдова ҳам ўзига ғарбпараст президент сайлаганди.

Майя Санду Би-би-сига берган илк суҳбатида "Молдовани Европа Иттифоқига яқинлаштириш ва аъзо қилиш" қарорига келганини айтган.

Кавказда ҳам воқелик Кремль истаганидек эмас.

Озарбайжон 30 йилча вақт давомида қуролли арманлар назорат қилиб келган Тоғли Қорабоғнинг баъзи қисмлари ва унинг атрофидаги ўз ҳудудларини қайтариб олди.

Бу ўринда Озарбайжонлар қардош Туркия қўлловига суяндилар.

Таҳлилчи Камолиддин Раббимовга кўра, Тоғли Қорабоғдаги сўнгги низодан кейин Москванинг Жанубий Кавказдаги бош иттифоқчиси - Арманистонда ҳам Россияга нисбатан ишончсизлик ошган.

Яккаланган Россия

Россия халқаро саҳнада ҳам сиёсий жиҳатдан анча яккаланган.

Қримнинг қўшиб олиниши, Украина билан ўртада давом этиб келаётган танглик ё мухолифат раҳбари Алексей Навальний билан кечган воқеалар ҳам Россияга нисбатан халқаро танқидларни кучайтирган.

Шу сабабли МДҲдаги ўз иттифоқчиларидан ва мавқеидан айрилиш Россия учун катта йўқотишдир.

"Россиянинг мунтазам ититфоқчилари жуда заиф ва бу борада АҚШ билан беллаша олмайди" - дейди таҳлилчи Рафаэль Саттаров.

"Москванинг қудратли, катта таъсирга эга иттифоқчилари йўқ".

"Маълум бир масала туфайли иттифоқчи бўлиб қолган давлатлар бор. Арманистон бўладими, Туркия ё Эрон" - давом этади таҳлилчи.

"Аммо бундай иттифоқчилик самара бераётгани йўқ".

Россиянинг суянган тоғи...

Шундай ҳолатда эса Россиянинг бош эътибори Марказий Осиёга қаратилиши мумкинми, деган савол ўртага чиқади.

"Марказий Осиёдаги энг аҳолиси катта ва жойлашуви жиҳатидан минтақанинг энг муҳим давлати бўлган Ўзбекистонга Россиянинг эҳтиёжи ва эътибори ошиб бораверади" - дейди таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

"Геосиёсий жиҳатдан иҳоталанган Россия бундан кейин ўзига ҳамкорлар излаб, кўпроқ Марказий Осиёга юзланишга мажбур бўлади".

Тошкент қўлидаги куч

Россияда миллионлаб ўзбек, тожик ва қирғиз мигрантлари ишлаб, оила боқишади.

Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон - анчайин камбағал давлатлар.

Лекин худди шу мигрантлар келажакда минтақа давлатлари манфаатига ҳисса қўшиши мумкинлиги ҳам айтилади.

"Россиядаги демогарафик вазиятга қаралса, аҳоли камаймоқда, иқтисодий ўсишни ушлаб туриш ёки армияни аскарлар билан таъминлаш учун ҳам Марказий Осиёликларга Москванинг эҳтиёжи юқори бўлиб қолаверади" - дейди Камолиддин Раббимов.

"Россиядаги ўзбек, тожик ва ё қирғиз мигрантлари фарзандлари турли соҳаларда муваффақиятларга эришишмоқда, турфа жабҳаларга кириб боришмоқда ва ижтимоий пиллапояда юқорилашмоқда" - изоҳлайди Рафаэль Саттаров.

Таҳлилчига кўра, бу ҳолатлар ҳам ўз таъсири ва кучини кўрсатади.

Кўксаройдан Кремлга

Россия минтақага ёндош ва улкан ҳудудли ядровий қудрат.

Миллионлаб ўзбек ё тожикнинг Россияда ишлаши қайсидир маънода Ўзбекистон ва Тожикистондаги камбағаллик ва ишсизликни юмшатиб, ўз ватанидаги ижтимоий портлаш эҳтимолини жиловлаб тургани ҳам урғуланади.

Шундай ҳолатда қандай қилиб Тошкент, Душанбе ёки Бишкек бугун-эрта Москвага ўз сўзини ўтказа олади, деган савол ўртага чиқади.

"Россия ўз иқтисодий ўсишини таъминлаш ва ишчи кучига бўлган эҳтиёжини қондириш учун ҳамда геосиёсий ва хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам ўз эътиборини Марказий Осиё давлатларига ошириб бораверади" - дейди Камолиддин Раббимов.

"Россия энди Марказий Осиёга бир тарафлама босим ё таъсир ўтказувчи қудратли давлат бўлиб қолмайди, балки минтақа давлатларидаги иқтисодий ва демографик потенциал сабабли уларнинг ҳам Россияга таъсири ошиб бораверади".

Ҳозирча, кўплаб ўзбек, тожик ё қирғиз учун Россия нон топиш, оила боқиш имкониятини бераётган юрт.

Зотан дунёда бошқа ҳеч бир мамлакат шу дамда миллионлаб Марказий Осиёликка иш таклиф эта олмаслиги ҳам ҳақиқат.

Бироқ вақт сайин шарт-шароит ва ҳаёт реалликлари ўзгармоқда.

Россия қанчалик қудратли бўлмасин, унинг ҳам Марказий Осиёга муҳтожлиги кўринмоқда.

Ўртадаги алоқалар қай тахлит ривожланмасин, барибир, ўзаро эҳтиёжлар тобора кучайиб борадиган кўринади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek