You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
BBC кимнинг тарафида? Бизни нима учун сўкишади ёки мақташади? O‘zbekiston mintaqa dunyo yangiliklar
Турфа матбуот воситалари қаторида Би-би-си (BBC) ўзининг холислиги ва айнан шу холислик қадриятига қаттиқ амал қилиш ҳаракати билан танилгани сир эмас.
Бу масала баҳсли эканини таъкидлайдиганлар ҳам оз эмас, аммо айни холислик даъвосида қанчалар жон борлигини билиш учун BBC ҳақида очиғу ёпиқ манбаларни интернетдан бир қидириб кўриш кифоя.
Аммо айни шу холислик айримлар томонидан нохолислик, деб қабул қилиниши ҳам бор гап.
Фақатгина Би-би-си Ўзбек хизмати мисолида оладиган бўлсак, аввал радио ўлароқ ташкил топган хизматимизга ёғдирилган маломатлар қаторида мисли кўрилмаган олқишларнинг саноғи йўқ.
Ҳатто, баъзан кеча бизни "халоскорим", деб алқаб турган гуруҳу шахслар бугунга келиб "халқ, миллат ва дин душмани", деб таърифлашига ҳам кўникиб қолганмиз.
Ёки айнан шунинг акси... Кеча "халқ душмани" эдик, бугун "дўст"миз.
Журналистларимизда очиғи, бунақа мақтов ва сўкишларга соғлом иммунитет ҳосил бўлган.
Холисликни ўта содда тушунтириш
Би-би-си журналистлари орасида шундай бир ҳақиқат-афсона юради. Сизнинг динингиз, миллатингиз, ирқингиз ва жинсингиз ёки ҳатто қайси овқатни ёқтириб, қайсисидан кўнглингиз беҳузур бўлиши ва ё қайси футбол командасига ишқибозлик қилишингизу қай бир партияга ҳайриҳоҳлигингиз... буларнинг барига ҳаққингиз бор, аммо журналист ўлароқ камера қаршисига чиқишингиз ёки қўлингизга қалам олишингиз билан сизнинг шахсий қарашларингиз, эътиқодингиз, ҳаётингиз, танангиз ранги ва яна бир қатор преференсларингиз унутилиши керак! Бу BBC журналистининг муросасиз қадрияти.
Холисликни ўта содда тушунтириш 2
Энди тасаввур қилинг, кеча сиз "Фаластин озодлиги учун" номли намойишда қатнашдингиз, бу намойишда "Исроил - босқинчи" ва ёки "Исроилга ўлим" каби шиорлар ўртага отилди. Бу ерда икки масала... биринчиси, BBC журналисти фақатгина бу намойишни ёритиш учун чиқиши мумкин, зинҳор унда қатнашиш учун эмас.
Аммо яна тасаввур қилинг...Сиз журналистсиз ва Фаластин тарафидасиз...балки мусулмон ёки насроний бўлганингиз учун, балки ўша минтақада яқинларингиз яшаётгандир ва ёки дунёни "сионистлар эгаллаб олди", деган конспирация ғоясига ишонарсиз. Хуллас, яширибми ошкорами, дейлик сиз бу намойишда қатнашдингиз.
Эртаси куни ишга чиқишингиз керак ва муҳаррирингиз ҳозиргина Исроил Ташқи ишлар вазирлиги билан суҳбатлашгани ҳамда вазирлик сўзчисини интервьюга кўндиргани ҳақида айтади.
Суҳбатни сиз, бу ўринда кеча Исроилга қарши намойишга чиққан журналист олиб бориши керак.
Исроил Ташқи ишлар вазири жонли эфирнинг қоқ ўртасида сизни нохолисликда, кеча Лондон марказида намойишда ўз ҳукуматига қарши намойишда қатнашишда айблади.
Сизнинг жавобингиз қандай бўлади? Тахминан мана бундай бўлиши мумкинми?
-Йўқ, мен холисман, кеча у ерда бир оддий одам сифатида қатнашиб, Исроил ҳукуматини қоралашимни билдирдим, холос.
-Йўқ, мен холисман, аммо ҳукуматингиз яқинларимни бомбардимон қилди...
-Йўқ, мен холисман, аммо сизлар Фаластинни босиб олган босқинчиларсиз...
Табиийки, буларнинг бари фараз ва сиз бу жавоблар ёки жавобларсиз ҳам ортиқ журналист эмассиз. Айниқса, BBC журналисти бўлолмайсиз.
Чунки BBC холис, у бу ўринда Исроилни ҳам Фаластин ҳам дастакламайди. Бу биз у ёки бу масалада мутлақо бефарқмиз дегани эмас.
BBC Исроил воизидан ҳам Фаластин воизидан ҳам бирдай кескин ва оғир саволларни сўраши мумкин.
Холислик мана шу ерда...Яъни, ана шу бетарафлик қадрияти билан қилинган интервью миллионлаб тингловчи, ўқувчи ва томошабинларга вазиятни иложи борича тўлиқ очиб беришга ва ўзлари учун хулоса чиқаришга қулай имконият яратади.
Бизни нима учун сўкишади ва мақташади?
Яна холислик учун... Бир мисол, ижтимоий тармоқлардаги видео ёки ҳикоялар остида яқин ўртада бот-бот ёзиладиган изоҳлардан бирида "нима учун Хитойдаги уйғурлар масаласини кўтармасдан доим Фаластин ҳақида гапирасизлар?" иккинчисида эса, "нима учун фақат уйғурларни гапирасизлар, Фаластиндаги мусулмонлар...".
Қизиғи, кейин ҳар икки гуруҳ ҳам бизни Британия ёки Америка томонидан молияланишда, уларнинг хизматини қилишда жўр бўлиб айблашади.
Табиий, бу айблов муаллифларининг анчагинаси...троллар, аммо бошқа соғлом фикрлайдиган учун яна ўта содда жавоб шу - bbcuzbek.com сайтимизга боқинг, Google дан "Америка" ёки "Британия" деб қидириб кўринг, BBC нинг айни мавзулардаги мақолаларни ёки видеоларни кўздан кечиринг.
Қалай? Даъво қилингани каби агар биз Британия ва Америка ҳукуматининг хизматини қилганимизда ҳали ҳам BBC бўлармидик?
Энди таҳририй қадриятларимиз ҳақида сал батафсилроқ:
Би-би-си Буюк Британия ва дунё бўйлаб ишончли хабар етказувчи ўлароқ тан олинган. Телевидение ва радио хизматлари каби бизнинг веб сайтимиз тўғри, холис ва мустақил журналистикани амалга оширишга интилади.
Бизнинг таҳририй қадриятларимизда шундай жумлалар янграйди: "Муштарийларимизнинг бизнинг контентга ишончи амалга ошираётган барча ишларимиз пойдеворидир. Биз мустақил, холис ва ростгўймиз. Биз энг юқори аниқлик ва холисликка эришишга аҳд қилганмиз ҳамда муштарийларимизни била туриб ёки маълумотлар ила чалғитишга йўл қўймаслик учун курашамиз".
"Бизнинг холисликка томон аҳдимиз ишончли алоқанинг устунидир. Биз тайёрлаганимиз барча материалда ҳар бир мавзуга турли қарашларни ўзида жо этган холислик ила ёндашамиз. Биз ҳамма мувофиқ фактларни адолат ва очиқ онг ила кўриб чиқамиз".
Интернетда ишончли журналистикани аниқлаш кишини чалғитиб қўйиши мумкинлигидан хабардормиз. Шунингдек, муштарийларимиз Би-би-си журналистикаси қандай амалга оширилиши борасида янада кўпроқ тушунишни исташини ҳам яхши биламиз.
Шу сабабларга кўра, BBC News сиз вебсайтимизда қандай маълумотни ўқиётган ёки томоша қилаётганингиз, бу кимдан ва қаердан келаётгани ҳамда бу ҳикоя қандай ишлаб чиқилгани тушунтириш йўлида катта кучни сафарбар қилмоқда. Бу билан биз сизга нима учун BBC News'га ишониш мумкинлигини англаш йўлида ёрдам бера оламиз.
Бундан ташқари, биз ишончли журналистика кўрсаткичларини "машина ўқий оладиган формат"га айлантирмоқдамиз, яъни улар қидирув сайтлари ва ижтимоий тармоқ платформалари томонидан танланиб, уларни маълумотнинг ишончли манбалари ўлароқ аниқроқ таснифлашга имкон яратади.
Мукаммал тажриба
Би-би-си узоқ вақтдан бери бизнинг барча контентимизга татбиқ этиладиган ва журналистларимиз амал қиладиган Таҳририят Йўриқномаларига эга.
Би-би-си кўрсатмалари янгиликлар бўлимида қандай қўлланилишини янада аниқроқ намойиш этиш мақсадида биз мазкур саҳифада барча мувофиқ бўлимларни келтирмоқдамиз.
Олдинги қўйилган мақсад: Би-би-сининг мақсади холислик, юқори сифат таъминоти ва хабар, таълим берувчи ҳамда кўнгилочар хизматлар орқали барча муштарийларга хизмат кўрсатиб, жамоатчилик манфаати йўлида фаолият юритишдир.
Эгалик тузилмаси, молиялаш ва грантлар: Биз таҳририй софлигимизга путур етказиши мумкин бўлган ҳар қандай ташқи манфаатлар ва келишувлардан мустақилмиз. Муштарийларимиз биз олган қарорлар ташқи манфаатлар, сиёсий ёки тижорий босимлар ёки ҳар қандай шахсий манфаатлардан холи эканига ишонч ҳосил қилиши мумкин. Би-би-си мустақиллиги тўғрисидаги Би-би-си Хартиясида BBC News Буюк Британия ва дунё бўйлаб қандай молияланишидан кўпроқ бохабар бўлишингиз мумкин.
Ташкил топган сана: Би-би-си 1922 йил 18 октябр.
BBC News O'zbek ташкил топган сана: 30 ноябр, 1994 йил
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek