Ўзбекистон: Президент Мирзиёев диний қўмита раҳбарини алмаштирди

Published

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Абдуғофур Аҳмедовни лавозимидан бўшатиб, ўрнига Содиқ Тошбоевни тайинлаган.

Яқинда диний қўмита журналистларга босим можароси марказига тушган эди.

2019 йил сентябригача Давлат Хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган Абдуғофур Аҳмедов нега диний қўмита раҳбарлигидан олингани ва қайси бошқа ишга ўтгани очиқланмади.

Ўзбекистондаги kun.uz сайти хабар қилишича, шу вақтгача Андижон вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари бўлган Содиқ Тошбоев Дин ишлари бўйича қўмита раиси лавозимини эгаллаган.

Содиқ Тошбоев 1978 йилда Самарқанд вилояти Иштихон туманида туғилган. Маълумоти олий, 1999 йилда Г.Плеханов номидаги Россия Иқтисодиёт Академияси Тошкент филиалини тамомлаган, маълумоти бўйича мутахассислиги - иқтисодчи, сиёсатшунос ва тизимли таҳлилчи. У 2001-2002 йилларда «Ўзагросуғурта» Самарқанд филиали етакчи мутахассиси, 2004-2018 йилларда ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиси бўлган, деб хабар қилади kun.uz.

Шу йил февралида Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Дилшод Эшнаев Azon.uz веб-сайти муассиси ва таҳририяти ходимларига босим ўтказгани фош бўлди.

Бундан олдин ҳам Azon.uz сайтида эълон қилинган мақолаларни олиб ташлаш талаби Дин ишлари қўмитасидан бўлгани аён бўлди.

Февраль ойи бошида Дилшод Эшнаев Azon.uz муассиси Мубашшир Аҳмадга қўнғироқ қилиб икки мақолани олиб ташлашни талаб қилган.

Бунга норозилик сифатида Azon.uz Бош муҳаррири Абдулазиз Муборак ишдан кетиш ҳақида ариза ёзганини маълум қилди, Би-би-си билан суҳбатда Дин ишлари бўйича қўмитадан бундан олдин қандай босимлар бўлгани ҳақида сўзлаб берди.

Аzon.uz сайти ўзининг расмий муносабатида Дилшод Эшнаев томонидан Мубашшир Аҳмадга ҳақорат ва таҳдид бўлганлигини ва ўзларида ушбу суҳбатнинг аудио ёзуви борлигини ёзди.

Дин ишлари бўйича қўмита Азон.узга босим бўлганлигини қатъиян рад қилди.

Қўмита диний мазмундаги материал тайёрлашда тавсия бериши мумкинлигини, аммо олиб ташлаш ваколати йўқлигини маълум қилди.

"Қайсидир сайтдан қандайдир маълумотни олдириб ташлаш ёки олиб ташлашга мажбур қилиш ваколатига эга эмас. Шунга кўра, "azon.uz" сайтида эълон қилинган муайян мақолаларни олдириб ташлаш бўйича Қўмита раҳбарияти томонидан ҳеч қандай топшириқ бўлмаганини қатъий маълум қиламиз", дейилади баёнотда.

Қўмита раисининг ўринбосари Дилшод Эшнаев 2019 йилнинг сентябр ойида ушбу лавозимни эгаллаган.

Kun.uz нинг ёзишича, Эшнаев бунгача Давлат хавфсизлик хизмати тизимида ишлаган.

2018 йил президент фармонига кўра "Содиқ хизматлари учун" медали билан тақдирланган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek