You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон, Фарғона: “Сўх воқеалари” юзасидан суд ҳукми ўқилди - O'zbekiston So'x dunyo yangiliklar
22 нафар судланувчи устидан суд жараёни расман ўз ниҳоясига етди.
Расмий хабарларга кўра, судланувчиларнинг барчаси Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244-моддаси бўйича айбдор, деб топилди.
Уларга нисбатан 5, 4, 2 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этиш ва озодликни чеклаш жазолари тайинланган.
Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум бўлишича, фақат икки нафар судланувчига 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Қолган судланувчилар учун 5, 4 ва 2 йилга озодликни чеклаш жазоси кўзда тутилган.
Расмий хабар тафсилотларидан маълум бўлишича, шунда ҳам, судланувчиларга нисбатан енгилроқ жазо тайинлаш қўлланилган.
Судланувчилар ва бошқа томонларга суд ҳукми юзасидан шикоят қилишнинг қонуний тартиби ва муддати тушунтирилган.
Аммо суд ҳукмига судланувчилар ўзлари ва ҳимоячиларининг муносабатлари ҳозирча маълум эмас.
Уларнинг ҳукм юзасидан шикоят аризаси билан чиқиш-чиқмасликлари ҳам шу соатларда ноаён қолмоқда.
Расмий хабарда айтилишича, "жиноят оқибатида Фарғона вилоят ИИБ фойдасига етказилган 9 996 341 сўм моддий зарарнинг судланувчилардан солидар тартибда ундирилиши" ҳам белгиланган.
22 нафар судланувчи устидан суд ўтган йил ноябрь ойида Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судида бошланган.
Ўша пайтда айбланувчиларга Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 219-моддаси - ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш ва 244 - оммавий тартибсизликлар ташкил қилиш, оммавий тартибсизликларда қатнашиш айбловлари қўйилгани айтилган.
Айбланувчилардан икки нафари вояга етмаган шахслар экани ҳам маълум бўлган.
Уларнинг тўққиз нафари ҳибсга олинган, 13 нафари уй қамоғида сақланган.
Августда судланувчилар сонининг олти нафар экани хабар қилинган, ноябрь ойига келиб, айбланувчилар сони 22 нафарга етгани аён бўлганди.
Орада Сўх воқеаларида айбланаётганлар тергов жараёнида қийноққа солинишгани, қўрқитилганликларини айтишгани ҳам хабар берилган.
Баъзилари эса, тўполонларда қатнашмаганлигини таъкидлашгани ҳам маълум бўлганди.
Gazeta.uz интернет нашри ўтган август охирида олти нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ва улар орасида Фарғона вилояти собиқ ҳокими Шуҳрат Ғаниев бошчилигидаги делегацияга тош отган фуқаро ҳам бўлгани ҳақида ёзган.
Олти нафар айбланувчи қаторида, шунингдек, 22 ёшли Дадахон Ҳайдаров (июнь ойида бўлиб ўтган Бош вазир билан учрашувда ҳокимни ўзгартиришни сўраган сўхлик видеоблогер - gazeta.uz таҳририяти) ва 28 ёшли Дилмурод Махбубов ҳам қўлга олингани, тергов айблов қўя олмагани боис, кейинчалик уларнинг қамоқдан озод қилингани ҳақида ҳам хабар берганди.
Жиноят кодексининг 244-моддаси назарда тутиларкан, судланувчиларнинг ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосига юз тутишлари мумкинлиги ҳам тахмин қилинганди.
Сўх воқеалари
Ўтган йилнинг 31 май куни Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятига қарашли Сўх тумани ва Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани туташган чегара ҳудудидаги қишлоқларда аҳоли ўртасида сув туфайли низо келиб чиққан.
Хабарларда Сўхнинг Чашма ва Қадамжой туманининг Чечме қишлоқлари аҳолиси Чашма номли булоқнинг қайси давлатга тегишли экани юзасидан чиққан тортишувлар ортидан тўқнашгани айтилади.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Чашма булоғининг ариқларини биргаликда тозалаш пайтида юзага келган баҳслашув натижасида икки мамлакатнинг айрим фуқаролари ўртасида можаро келиб чиққан.
Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари бир-бирларини тошбўрон қилганлар.
Жанжал натижасида Ўзбекистон ҳудудидаги уч хонадон ёқиб юборилган.
Можаро ҳар икки томондан жаъми 200 дан ортиқ кишининг тан жароҳати олиши билан якун топган.
Биргина расмий рақамлардан энг кўп жабрланганларнинг ўзбекистонликлар экани англашилган.
1 июнь куни Бош вазир Абдулла Арипов чегара ҳудудига ташриф буюриб, Қирғизистон томони билан музокаралар ўтказган. Томонлар муаммони икки томонлама текширишга келишиб олганлар.
Шунингдек, Абдулла Арипов Сўх тумани аҳолиси билан ҳам учрашган, уларнинг муаммолари ва талабларига қулоқ тутган.
Шундан кейин жиноят иши қўзғатилган, бир неча сўхлик ҳибсга олинган эди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek