You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
«Сизга хиёнат қилмадим» - Ихтиёр Абдуллаев президентга ёзган хат, қийноқлар ва оқ банан коробкаси даъволари DXX O'zbekiston (видео)
Давлат Хавфсизлик Хизмати (ДХХ)га 2018-2019 йилларда раҳбарлик қилган Ихтиёр Абдуллаев оиласининг Би-би-сига айтишича, унинг қамоқхонадаги саломатлиги ёмонлашган, аммо унга зарур тиббий муолажа ўтказилишига рухсат берилмаяпти.
Ихтиёр Абдуллаев 2018 йилнинг 31 январидан 2019 йилнинг 11 февралигача ДХХ раиси бўлиб фаолият юритган ва ҳукумат хабарида соғлиғи ёмонлашгани сабабли истеъфо бергани айтилганди.
2019 йил 27 сентябрда Ҳарбий суд уни, куч тизимларининг қатор бошқа зобитлари билан бир қаторда, йирик миқдордаги порахўрлик, ўз мансабини суиистеъмол қилиш ва товламачилик каби айбларда айбдор деб топди ва 18 йилга озодликдан маҳрум қилди.
Ёпиқ тарзда ўтказилган суд иши тафсилотидан жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари бехабар бўлди, аммо суддан аввал интернетда шов-шувга сабаб бўлган мақолаларда Абдуллаев ўзига ишонган шериклари билан Президент Шавкат Мирзиёв ва оиласи ортидан кузатув ўрнатишда айблангани иддао қилинди. Хусусан, Элтуз нашрига хат йўллаган ва ДХХ зобитлари дея таништирилган шахслар Абдуллаевни собиқ МХХ раиси Рустам Иноятовдек қудратга эга бўлишга уринишда айблашди.
Суд ёпиқ ўтар экан, бу каби юқори даражали ишда айбланувчиларнинг ўзлари қандай чиқишлар қилгани, ёки ўзларини оқлашга уринган ё уринмаганликлари сир бўлиб қолди.
Ихтиёр Абдуллаевнинг ўғли Азиз Абдуллаевнинг Би-би-сига айтишича, жорий йил январида отаси Президент Мирзиёев номига 27 варақлик хат битиб, унда ўзига қўйилган барча айбларни «эпизодма-эпизод» рад қилган. Аммо, оиланинг ишонишича, хат манзилга етиб бормаган, Абдуллаев эса жазо тариқасида карцерга ташланган.
«Шу мурожаатни дадам биздан [матбуотга] чиқаришимизни сўраганидан ҳам вазият оғирлашганини билиш мумкин. Ман билмайман, ҳозир уларни карцер ичида қийноққа солишаётган бўлишса-чи? Терговда қандай ҳолат бўлгани маълум, балки бу ёқда у такрор бўлаётган бўлса-чи?» - дейди Азиз Абдуллаев.
Собиқ ДХХ раисининг отаси Бахтиёр Абдуллаев ўз ўғлининг айбсиз эканига ишонади, ҳамда агар у ёзган хат давлат рахбарига етказилса ва қайта тергов ўтказилса, «адолат қарор топиш»ини айтади.
«Президентдан мен шуни сўрайман, комиссия тузилсин. Комиссияда ДХХ бошлиғи, Бош прокурор, Ички ишлар вазирлиги бошлиғи, маслаҳатчи Худойбергенов бўлса.., президентнинг ўзи ишонган одамлардан комиссия тузиб, Ихтиёр билан биргаликда тергов ва суд [қандай] оборилганини текширишса, адолат қарор топади», - дейди у.
Ихтиёр Абдуллаевнинг президент номига ёзилган хатидан парча:
"Буюк Аллоҳ гувоҳ, мен Сизга хиёнат қилганим йўқ. Ота-онам 80дан ошди, соғлиғим ёмонлашган, чап кўзим кўрмаяпти. Бизларга раҳм шавқат қилинг илтимос ўтиниб кечирим сўрайман ишончингизни оқлай олмадим, мени кечиринг. Давлат идораларидаги 33 йил хизмат даврида умрим ўтди, ота-онам хизматини қила олмадим. Сиздан ўтиниб, илтижо қиламан, менга раҳм қилинг, ота-онамни қариб қолганларида хизматларини қилиб, дуоларини олишимга имкон беринг. Ушбу мурожаатимни Сизга етиб боришига тўсқинлик қилганларнинг барчасини Буюк Аллоҳга солдим. "
Қийноқлар иддаолари
Оиласининг айтишича, уларга Ихтиёр Абдуллаев билан фақат икки марта кўришишга рухсат беришган, оила ёллаган адвокатларга ҳам унинг олдига киришга изн берилмаган.
«Кўриниб турганди, чўккалаб қолганлар. Ҳибсдан олдин қандай забардаст эркак бўлган бўлсалар, бу ёқда сочлари оқариб, елкалари сиқилиб, озиб, юриши жуда оғир эди. Зўрға кириб келдилар олдимизга. Чап кўзлари умуман кўрмаётганини айтишди, ўнг кўзи эса фақат бир метрча масофани кўриб, одамнинг овозидан танир эканлар. Кўзларидан ташқари, тизза ва тизза бўғимлари пастидан қаттиқ шикоят қилаётганликларини билдим. Бу оғриқларнинг асосий сабаби - 2018 йилда бошланган терговда оёқларига, билмайман қандай жисм билан, қаттиқ тазйиқ етказилганини билдим», - дейди Азиз Абдуллаев.
Қийноқлар иддаолари Ихтиёр Абдуллаевнинг ўз хатида ҳам тилга олинган. Хатдан парча:
"Тергов гуруҳи томонидан мени инсон сифатида лойга булаш, мутлоқ мантиққа тўғри келмайдиган, ақлбовар қилмайдиган жиноятларни содир этганликда айблаш учун мен, Жаҳонгир Игамов ва бошқаларга ғайриинсоний қийноқлар қўллаб, оила аъзоларимизни таъқиб қилиб, тухмат кўрсатмалар олишди, жиноят ишидаги қатор хужжатлар, хатто мен имзо чеккан буйруқлар, гувоҳларнинг хатто судда берган кўрсатмалари, суд мажлиси баёни ва суд хукмлари қалбакилаштирилди, менга нисбатан интернетда турли бўхтонлар ташкил этилди. Мен ва ушбу жиноят иши бўйича айбдор деб топилган барча шахсларга нисбатан жуда қаттиқ жисмоний ва руҳий тазйиқлар ўтказилди, оилаларимиз ва яқинларимизга ҳам тазйиқлар ўтказилди. Зонага келиб эшитдим, мен умуман танимаган шахслардан ҳам қийноқлар остида кўрсатмалар менга нисбатан олинган экан."
Президент ортидан кузатув ва порахўрлик иддаолари
Абдуллаевнинг оиласи у давлат раҳбарига ниҳоятда яқин бўлганини айтиб, унинг ортидан кузатув ўрнатиши ҳақидаги айблар асоссиз эканига ишонади.
"Давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёев билан 2016 йилда қўл бериб кўришиш бахтига муяссар бўлганман. Ўшанда отамнинг аппендицити ёрилиб, зудлик билан операция қилиш зарурати туғилганда, шу инсон дадамнинг ҳаётини сақлаб қолиб ўз машинасида шифохонага олиб бориб, ўзлари ётқизиб тепасида турганларида, отамни кўришга бориб шуларни кўрганман ва ҳайрон қолганман шунчалик меҳрибонлигига. Отам "менга шунчалик яхшилик қилган одамнинг ортидан қандай қилиб мен кузатув қилишим мумкин, оилаларига қандай кузатув қилишим мумкин", деяптилар. Бу айбловлар умуман мантиққа тўғри келмайди дейдилар", - дейди Азиз Абдуллаев.
Азиз Абдуллаев ўз отаси унга истеъфога чиқишидан бир кун аввал президент ҳузурига чақирилгани, ғазабда бўлган президент уни "урушган"и, аммо отаси бу ҳоллар аввал ҳам бўлгани учун жим турганини айтиб берганини билдирди. "Лекин, эртасига ариза берасан деган кўрсатма бўлган", - дейди у.
Ихтиёр Абдуллаевнинг президент номига ёзилган хатидан парча:
"Уйим ва ўзимнинг хавфсизлигимни Президент давлат хавфсизлиги ходимлари таъминлаб, ҳар бир буйруқ ва ҳаракатим эса МХХ ҳодимлари назоратида бўлиб, барча маълумот кунига Президент давлат хавфсизлиги хизматига етказиб турилганлиги сабабли, хато қилмасликка, ўта шаффоф ишлашга ҳаракат қилдим. Лекин, хавфсизлик хизмати соҳасида билим ва тажрибам етарли бўлмаганлиги, етарли назорат ўрната олмаганлигим учун ходимлар фаолияти устидан, бир қатор қўпол хатоларга йўл қўйдим, бунинг учун чексиз пушаймонман. Ишончингизни оқлай олмаганлим учун Сиздан ўтиниб кечирим сўрайман. Лекин, Буюк Парвардигорим гувоҳ, ХАЛҚИМГА ва унинг бошида турган СИЗГА хиёнат қилганим йўқ, бундай мақсадим ҳам бўлмаган. Сиз мен ва яқинларим учун доим жуда қадрли инсон бўлгансиз, ҳозир ҳам келгусида ҳам худди шундай бўлиб қолади. Сиздан фақат яхшилик кўрдик, фақат Сизга ишониб бу идорага ишга бордим. Сиздан бошқа бирон бошқа ишонган одамим ҳам бўлмаган - буни ўзингиз яхши биласиз. Нима ютуқларга эришган бўлсам, фақат Сизнинг ёрдамингиз билан эришдим. Фарзандларим ҳам, укаларим ҳам давлат идораларида ишлаётган эди, ота учун фарзандлар тақдири энг олий неъматлардан, шу сабабли менда Сизга хиёнат қилишга заррача ҳам сабаб, мақсад ҳам бўлмаган."
Би-би-сига қисман тақдим этилган хат парчаларида Ихтиёр Абдуллаев ўзига қарши илгари сурилган порахўрлик айбловларини пунктларга бўлиб, рад этганини кўриш мумкин. Пунктлар орасида, жумладан, қуйидагилар бор:
"№6. Дори-дармон соҳасини эгаллаш мақсадида Дори-дармон АК раҳбарларига асоссиз равишда жиноят иши қўзғатиб, АК бошқарувини чет эл бошқарувига топширишига эришиб, Ўзбекистон манфаатига жиддий зиён етказган деб тухмат айб қўйилган.
№28. "О.Хожиакбаровга тазъйиқ ўтказиб ундан 80 млн доллар пул ундирган" деган айб.
№30. Д.Шомуродовдан 2 млн доллар олганликда айб қўйилди."
Буларнинг бирида Ихтиёр Абдуллаев бир ходимининг гўёки унинг уйига 2 миллион доллар солинган оқ банан коробкасини олиб келиб, ҳеч ким бўлмагани айтилган уй даҳлизига ташлаб кетгани борасидаги айбловни савол остига олади.
"14.11.2018 йил бу чоршанба куни, турмуш ўртоғим, келинларим ишлашмайди, доим уйда бўлишади, соат 18.00ларда невараларим боғчадан келишади, уйда Бахтиёр исмли жияним бор, уй ҳеч қачон ёлғиз эшиклар очиқ қолдирилмайди, шу сабаб у уй прихожкасига ҳеч қандай ҳолда кира олмайди. Қўриқчилар ПДХХ ходимлари хатто сингил ёки укаларим келса ҳам телефон килиб кўриб, кейин уйга киргизишган, қандай қилиб ҳеч ким "гўёки" уйда бўлмасада ПДХХ ходимлари уни текширмасдан коробкаси билан индамасдан уйга киргизиб юборишлари мумкин?" - деб ёзади ўз хатида Абдуллаев.
ДХХ ислоҳоти
Миллий Хавфсизлик Хизматига 23 йил раислик қилган Рустам Иноятов лавозимидан олиниши мамлакат ичи ва ташқарида кўпчилик томонидан давлат раҳбарининг ислоҳоти дея кўрилганди. Президент Мирзиёев Иноятовни ишдан олиш ва ўрнига Ихтиёр Абдуллаевни тайинлашидан 12 кун аввал Сурхондарёда ўтган мажлисда, МХХ ходимларининг баъзиларини "ғўдайган ит"га тенглаштирган ва ҳатто "валломатини ҳам" ишдан олишини айтганди.
Ихтиёр Абдуллаев лавозимга келгач, МХХ номи ДХХга ўзгартирилди, ДХХ ваколатлари бўйича қабул қилинган қарорда эса унинг ваколатлари асосан ташқи хавфларга қарши курашишга қаратилишига ишора берилди.
Аммо, ДХХга қарши қийноқлар даъволари янграшда давом этди, ҳамда ғайриоддий ҳолда Facebook ва YouTube тармоқлари фаолияти чекланди.
Рустам Иноятов қўли остида МХХ ходимлари томонидан ўғрилаб кетилган ва Ихтиёр Абдуллаев лавозимга келиши ортидан озод этилган журналист Бобомурод Абдулла иши хавфсизлик хизматларининг иш усулларига ноёб мисол бўлган эди.
"Усмон Ҳақназаров" тахаллуси остида Ислом Каримов ҳукуматига қарши мақолалар ёзиб келган журналист терговлар чоғида ундан ўша вақтда Бош прокурор лавозимида бўлган Ихтиёр Абдуллаев ва ИИВ вазири Пўлат Бобожоновларга қарши қийноқлар остида кўрсатмалар ёзишга мажбурланганини очиқ судда баён қилганди. Аммо, у хавфсизлик хизматига янги раис келиши унинг ишига таъсир қилганига ишонмайди.
"Менинг ишимда Ихтиёр Абдуллаевнинг шахсий иштироки йўқ деб биламан. Агар шахсий иштироки бўлганида, у ДХХ фаолиятини яхшилаш, у ердаги чиркин ишларни тўхтатишни истаганида эди, мен судда исботлаб берган ва исмларигача айтган шахсларни жазолар эди. Ихтиёр Абдуллаев, менинг эсимда, Сенатда чиқиб "Эрк", "Бирлик" партиялари вазиятни издан чиқаришни истаяпти, фуқароларимиз берилаётган эркинликларни нотўғри тушуниб ҳижоб тақяпти, соқолларини ўстирворяпти деб чиққан одам. Тўғриси, мен ўша пайти ундан кутмагандим, шундай ислоҳотлар пайти Сенатда чиқиб, халқаро ташкилотларни ҳам айблашини", - дейди журналист.
"Сиёсий пистирма"
Ислоҳотлар даврида давлат раҳбарининг ишонган сафдоши дея кўрилган Ихтиёр Абдуллаевнинг ДХХ тепасига келиши ва бир йил ўтиши билан бу каби жиддий айбловларга юз тутиши жамоатчилик ва таҳлилчиларда кўплаб саволларни уйғотганди. Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг айтишича, "ниҳоятда ёпиқ" ДХХ раҳбариятининг муваффақиятлари ёки хатолари ҳақида баҳс қилиш жуда қийин.
"Тасаввурлар шуни кўрсатадики, бу шахслар қисман ёки тўлақонли коррупцияда айбланса-да, коррупция билан биргаликда ёки коррупциядан ташқари бир ҳолатда уларнинг сиёсий мойиллиги ва сиёсий содиқлигига олий ҳокимиятда шубҳалар пайдо бўлган. Лекин, Ихтиёр Абдуллаевнинг қамалишига қандай сиёсий ё ҳуқуқий сабаблар бор деганда, бу саволнинг жавоби фуқаролик жамиятида ё ташқи дунёда йўқ. Ҳокимиятлар алмашиши пайтида кучли зўриқишлар пайдо бўлади. Бундай даврда қудратли шахсларга бўлган ишонч ўзини оқламаган ҳолатда, уларга қарши рақобатдаги гуруҳлар, ҳукумат учун курашаётган гурҳлар томонидан сиёсий пистирмалар ё провокациялар амалга оширилган бўлиши мумкин деган фикрлар ҳам мавжуд", - дейди Камолиддин Раббимов.
Хўш, Ихтиёр Абдуллаев ишдан олиниши ва қамалишига коррупция, у йўл қўйган хатолар сабаб бўлдими ёки президентнинг унга нисбатан йўқолган ишончи ё рақибларининг сиёсий ўйини?
Бу саволларга жавоб топиш имконсиз. ДХХ оммавий ахборот воситалари саволларига жавоб бермай келади. Қамалган ДХХ раиси ишида ҳам Абдуллаевнинг ўзи ва яқинлари тергов даврида қийноқларга тутилганликлари ва кўрсатмалар сохталаштирилгани борасидаги даъволар хусусида расмий маълумот олиш имконсиз. Абдуллаевнинг ўғли эса, отасига қарши тергов аввал МХХ сафида ишлаб кетган одамлар томонидан олиб борилганини айтади.
Би-би-си Ихтиёр Абдуллаевнинг саломатлиги, у президентга йўллаган хати ортидан жазолангани иддаолари ва нега унга оиласи билан кўришига рухсат берилмаётгани борасидаги саволлар билан Жазони ижро этиш идорасига масъул ИИВ билан боғланди ва матбуот хизмати раҳбаридан қуйидаги жавобни олди:
"Бир нарса айтишим мумкин, ҳар қандай ҳаракат фақат қонун доирасида амалга оширилади. Қонунни бузган ходимлар албатта жазоланади.»
Би-би-си қайтадан Абдуллаев аҳволи борасида маълумот сўраганида, "Қонуний вакили томонидан расмий сўров юборилиши керак," деган жавобни олди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek