You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Тадқиқот: Ўзбекистон ковид ўлимларини энг кўп яширган давлатми? O‘zbekiston, video, kovid, dunyo, yangiliklar
Ўзбекистон 77 давлат ичида коронавирусдан ўлганлар сонини энг кўп яширган давлат сифатида қайд қилинди. Бундай хулосага келган халқаро тадқиқотда айтилишича, Ўзбекистон ковиддан ўлганлар сонини 30 мартагача камайтириб кўрсатган.
Яъни ковиддан ўлганлар сони 622 нафар эмас, балки 19 мингга яқин бўлиши мумкин.
Ўзбекистон расмийлари ҳозирча ушбу тадқиқот натижаларига муносабат билдиргани йўқ.
Ким тадқиқот ўтказган?
Исроилнинг Иврит университети тадқиқотчиси Ариел Карлинский ва Германиянинг Тюбинген университетидан Дмитрий Кобак 77 давлатнинг расмий манбаларига асосланиб, "Дунё ўлим маълумотлари тўплами"ни тузишган.
Улар ҳар бир давлатнинг сўнгги беш йилдаги умумий ўлим статистикасини олган ва 2015 йилдан 2019 йилгача бўлган ўртача ўлим ҳолатларини ҳисоблаб чиқишган.
Тадқиқотчилар олдинги тўрт йил кўрсатгичлари билан солиштириб, Ўзбекистонда 2020 йили ўлимлар сони 12% кўп бўлган, деган хулосага келганлар.
Кейин улар ковиддан ўлганларга оид расмий рақамларни келтиришган.
Тадқиқот айрим собиқ совет ўлкаларини ўлимларни ҳисоблашда ўта "муаммоли" деб атайди ва ўлганларга доир аниқ рақамларни беришни истамаётган бўлиши мумкинлигини тахмин қилади.
Ҳали тақриз ёзилмаган илмий ишда 77 давлат ичида Ўзбекистон етакчилик қилаётганини кўриш мумкин.
"Энг катта рақам бежаш ҳолларини Ўзбекистон (30), Қозоғистон (12), Беларусь (15), Миср (13) ва Россияда (6.7) учратдик. Бундай катта миқдордаги хато ҳисоблашлар мақсадли равишда хато диагностика қўйиш ёки Kовид-19дан ўлганлар сонини пасайтириб кўрсатишдан далолат беради" - дейилади унда.
Тадқиқотда, шунингдек, Қозоғистон ковиддан ўлганлар сонини 12 марта, Қирғизистон қарийб 5 марта камайтириб кўрсатган, деб айтилади.
Тожикистон ва Туркманистон борасида ҳеч қандай маълумот берилмаган.
Манба Ўзбекистоннинг ўзими?
Ҳисобот Ўзбекистон Республикаси Статистика қўмитасининг мамлакат демографик ҳолати бўйича чиқарган маълумотларига ҳам таянган.
Би-би-си ушбу иддаоларга муносабат билдиришни сўраб Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига бир неча марта мурожаат қилди. Ҳозирча бу борада изоҳ олишнинг имкони бўлмади.
Ўзбекистонда коронавирус статистикасига оид эътирозлар бундан олдин ҳам бўлган.
2020 йилнинг сентябрида "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати Ўзбекистондаги коронавирусга оид статистиканинг ишончли эканини савол остига олганди.
Кейинроқ, ноябрь ойида эса Ўзбекистондаги бир неча йирик интернет нашрлар коронавирус беморлари учун мўлжалланган касалхоналардаги статистика ва ССВнинг коронавирус беморлари тўғрисидаги маълумотлари бир-бирига зид келаётганини айтиб чиққан ва бунинг ортидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан огоҳлантирилганди.
Ўшанда Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга ихтисослашган шифохоналарда даволанаётган беморлар билан расмий статистикадаги беморлар сони ўртасидаги қарийб 3 баробарлик тафовутни шундай изоҳлаганди.
"Кўрсатилган 6570 нафар бемор орасида ўткир респиратор касалликлари, коронавирусга гумон қилинган ва оғир турдаги пневмония, шунингдек, вирус тасдиқланмаган беморлар ҳам бор" - дейилганди расмий хабарда.
Би-би-си тадқиқот муаллифларидан бири Дмитрий Кобак билан боғланиб, Ўзбекистонга оид хулосалари қандай рақам ёки маълумотга асосланишини сўради.
"Гап "ортиқча" ўлимлар ҳақида. Бу одамлар одатда кузатилмайдиган ва 2020 йилда содир бўлган ноодатий "нарса"дан вафот этишган. 2020 йилда эса ковиддан бошқа ғайриоддий нарса кузатилгани ҳақида билмайман. Шунинг учун буларнинг ҳаммаси албатта ковид ўлимлари" - деб таъкидлайди тадқиқотчи.
Расмий рақамларга мувофиқ, Ўзбекистонда шу вақтгача коронавирусдан 622 киши вафот этган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek