Россия янги хавф ёқасидами? Ўзбекистон ва мигрантлар - Rossiya, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Published

Россия янги хавф ёқасидами? Шу дам олиш кунларида Россиядан олинган хабар худди шу каби саволларни пайдо қилмай қўймаган. Россияда юз минглаб ўзбекистонликлар ҳам яшаб, меҳнат қилишади.

Расмий хабарларга кўра, Россияда H5N8 парранда гриппининг одамларга юқиши ҳолати қайд этилган. Бирваракайига етти кишида аниқланган.

Бу дунёдаги илк ҳолат бўлган, янгилик халқаро миқёсда ўзига эътибор тортган.

Россия шундоқ ҳам ҳали-ҳануз дунёнинг коронавирус энг кўп тарқалган тўртта давлатидан биттаси бўлади.

Мамлакатда жами коронавирус ҳоллари ҳозирга келиб расман 4 миллиондан ортган.

Паррандачилик фабрикаси

Инсонларнинг H5N8 парранда гриппи вирусини юқтириш ҳолати эса, Россия жанубидаги паррандачилик фабрикасида кузатилган.

Расмийларнинг таъкидлашича, ўтган декабрь ойида у ерда парранда гриппи тарқалган бўлган.

H5N8 парранда гриппини юқтирган еттовлоннинг барчаси ўша фабрикада ишчи бўлиб ишлашган.

Маълум бўлишича, "уларнинг барчаси ҳозир ўзларини яхши ҳис этишмоқда". "Касаллик енгил ўтган".

Бу ҳақда Роспотребнадзор - Россия Истеъмолчилар ҳуқуқлари ва инсон фаровонлиги соҳасида назорат бўйича федерал хизмат раҳбари Анна Попова маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, инфекция тарқалишини тўхтатиш учун тезкор чоралар аллақачон кўриб бўлинган.

Анна Попованинг айтишича, H5N8 парранда гриппининг инсондан инсонга юқиши аломатлари кўзга ташланмаган.

Аммо айни турдаги гриппнинг инсонларни зарарлагани билан боғлиқ илк ҳолат ҳақида Жаҳон Соғлиқ ташкилоти огоҳлантирилган.

Анна Попова ўз идораси таркибига кирувчи "Вектор" лабораториясининг "муҳим илмий кашфиёти" ни мақтаган, лаборатория касалланган ишчилардан штаммнинг генетик материалини ажратиб олган.

Унинг айтишича, "ушбу мутацияларнинг вирус ҳали одамдан одамга юқиш қобилиятига эга бўлмаган бир пайтда топилиши бутун дунёга эҳтимолий мутацияларга тайёр туриш, ўз вақтида ва лозим даражада чора кўришга имкон беради".

Роспотребнадзор раҳбарига кўра, россиялик олимлар ҳам тест тизимларини яратиш устида иш бошлашлари мумкин бўлади.

Парранда гриппининг бошқа штаммлари бундан аввал одамларга юққан, уларнинг ўлимига ҳам сабаб бўлган.

Аммо H5N8 парранда гриппининг инсонларни зарарлаши ҳолати илк бор қайд этилган.

Россиялик юқори мартабали масъул ишчиларнинг штаммни қандай йўл билан юқтиришгани тафсилотларини очиқламаган.

Парранда гриппи штаммлари назардан тутилганда эса, мутахассислар аҳолига ўлиб ётган ёки хаста кўринган қушлардан четда туришни маслаҳат бериб келишган.

Сўнгги янгиликка ўз муносабатини билдираркан, Канададан асли ўзбекистонлик вирусолог Обид Мамадалиев хавотирларнинг ноўрин эмаслигини таъкидлайди.

"H5N8 дунёнинг турли нуқталарида тез-тез учраб туради ва унинг тарқалмаслиги олдини олиш чораларини кўриш учун тажрибали мутахассислар кўп давлатларда етарли, аммо бу бехавотир ўтиравериш дегани эмас", - дейди мутахассис.

Унинг айтишича, "ҳар қандай вирус мутацияга учрайди ва ҳозирги аҳволнинг ўзи бунга бир мисол".

"H5N8 ҳам вирусли юқумли касаллик ва инсонга юқиш қобилиятини ҳам намоён этди. Вирус эса, қайси танада озуқа кўп бўлса, ўшанинг ҳужайраларига жойлашиб, кўпаяди ва мутация бўлади. Короновирусдан аввал вирусологияга эътибор камайиб кетганди. Худди шу боис ҳам, вируслар мутацияси деярли ўрганилмаган. Парранда гриппи ҳам мутацияга учрайди ва инсонлар орасида жуда тез тарқалиши эҳтимоли бор", - дейди вирусолог.

Мутахассис ўз сўзларига мисол қилиб биргина мавсумий грипп вирусларини келтиради.

Уларнинг ҳар йил мутацияга учраши оқибатида бу йилги мавсумий грипп вакцинасининг келаси йилгиси учун анчайин самарасиз бўлиб қолиши, эпидемиялар эҳтимолини пайдо қилиши омилига диққат қаратади.

Яқинда Россияда ҳам коронавируснинг "ўта юқумли" экани айтилган британча штамми расман қайд қилингани хабар берилган.

Россия дунёнинг энг катта - юз минглаб сондаги ўзбекистонликлар меҳнат муҳожирлигида ҳам банд давлати бўлади.

Уларнинг аксарияти асосан қурилиш, маиший хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида меҳнат қилиб келишаётгани кўрилади.

H5N8 парранда гриппини юқтиргани айтилган паррандачилик фабрикаси етти нафар ишчисининг шахсларига оид маълумотлар ҳалича расман очиқланмаган.

Аммо глобал коронавирус пандемияси боис, ўтган йил март ойида бу икки давлат ўртасидаги халқаро парвозлар ҳам тўхтатилган.

Мутахассис суҳбатдошимиз айнан ўзбекистонлик мигрантларни назарда тутаркан, Россиядаги сўнгги ҳодисалар "жуда хавотирли" эканини таъкидлайди.

Шундай деркан, у халқаро санкцияларнинг Россия тиббиёт тизими аҳволига салбий таъсирини ҳам тилга олиб ўтади.

"Ўзбекистон тиббиёти ҳам айтарли даражада ривожланган эмас. Қайта эпидемия бўлиб кетишини ҳар доим кутиш мумкин. Чунки ўзбекистонлик мутасаддилар ҳали ҳам пандемиядан етарли хулоса чиқармай, элементар қоидаларни унутдилар", - дейди у.

H5N8 парранда гриппи қишлоқ хўжалиги, синантроп ва ёввойи қушларнинг юқумли ва тез тарқаладиган вирусли касаллиги ҳисобланади.

Мутахассислар барча турдаги қушлар парранда гриппига мойил экан, унинг оммавий тарқалиши хавфи доим мавжуд бўлиб қолаверишини таъкидлашади.

H5N8 парранда гриппи ўтган йили Россия баробарида Қозоғистонда ҳам кузатилган, юз минглаб қушларнинг нобуд бўлгани, мамлакатдаги қатор қишлоқларнинг карантинга олингани ҳам хабар берилган.

Айрим нашрлар расмий Нур-Султон Россия билан ўзаро чегараларида чекловлар жорий этишгача боргани, Россиядан парранда гўшти, тухум ва пат олиб кирилишини чеклагани, ҳар икки давлатдаги ҳолат Европа Иттифоқини ҳушёр торртиргани ҳақида ҳам ёзишганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek