You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Бошқа давлат фуқаролигини олган минглаб ўзбекистонликларнинг тақдири нима бўлади? - video, Ўзбекистон
Расмийлар бошқа давлат фуқаролиги бор ўзбекистонликлар Ўзбекистон фуқаролигини йўқотиши мумкинлигини маълум қилди. Каримов вафоти арафасида қонунга киритилган ўзгартириш 2020 йил март ойида қабул қилинган янги қонунда ҳам сақлаб қолинган. Бошқа давлат фуқаролигини олган шахсларни фуқароликдан маҳрум қилиш Шавкат Мирзиёев бошлаган сиёсатга зид эмасми? Бошқа давлат фуқаролигини олишга мажбур бўлаётган ўзбекистонликлар тақдири нима бўлади?
ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Дилшодбек Муродбеков Би-би-сига бошқа давлат фуқаролиги бор шахслар Ўзбекистон фуқаролигидан чиқариб юборилишини айтди.
"Шундай ҳолатлар аниқланса фуқаро билан профилактик суҳбат ўтказамиз. Ошна, бизнинг қонунимизда икки фуқаролик йўқ. Сен Ўзбекистон фуқаролигидан чиқмагансан. Сен қайси давлат фуқаролигини хоҳлайсан, деб фуқароларнинг олдига эркин танлов қўямиз. Америка фуқароси сифатида қоламан десанг, марҳамат, хоҳласанг Америка фуқаролигини йўқотамиз ёки фуқароликдан чиқиш бўйича мурожаат қилгин дейилади", дейди Дилшодбек Муродбеков.
Ички ишлар вазирлиги мулозимининг таъкидлашича, мавжуд қонун бўйича Ўзбекистон фуқаросининг бошқа фуқаролиги аниқланса аввалига уни тасдиқлатиш учун ўша давлат идораларига сўров юборилади. Шундан сўнг бу масала бир йил давомида тегишли идоралар томонидан кўриб чиқилади ва Президент фармони билан бекор қилиниши мумкин.
"Тегишли хизматлар ўзининг фикрини беради, шу одам йўқотишга тушадими йўқми, бўладими деб ҳаммадан фикр олингандан кейин лозим топилсагина фармон билан чиқарилади. Лозим топилмаса рад жавоби бериб юборилади ёки мақсадга мувофиқ эмас деб топилади", дейди у.
Каримовдан мерос ўзгартириш
Бошқа давлат фуқароларига эга шахсларни Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиқариш тўғрисидаги қонун ўзгартиришлари Каримов ҳали ҳаёт бўлган вақти 2016 йилнинг август ойида қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва сенат томонидан маъқулланган.
2016 йилнинг 23 сентябр куни эса Президент вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган.
Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Дилшодбек Муродбековнинг Би-би-сига айтишича, 2016 йил сентябргача бошқа давлат фуқаролигини қабул қилган шахслар Ўзбекистон фуқаролигидан чиқарилмайди.
Бу ўзгартириш 2016 йил сентябр ойидан сўнг фуқаролик олган шахсларга нисбатан қўлланилади.
Қонунга ўзгартириш киритилишидан олдин Ўзбекистон бошқа давлат фуқаролигини тан олмасди. Аммо икки фуқаролиги бор шахсларга биттасидан воз кечиш талабини ҳам қўймаган.
Мирзиёев ҳокимиятга келгач олиб борган очиқлик сиёсати ва хориждаги фуқароларни Ўзбекистонга чорлашидан сўнг паспорт олиш, прописка ва ОВИР борасида мисли кўрилмаган ўзгаришлар кузатилди.
Хорижга чиқиш визаси йўқ қилинди, прописка янги ID картларда акс этмайдиган бўлди. Хорижда консулликда вақтинча пропискада турган фуқаролар ҳам паспортини алмаштириш имкониятларига эга бўлди.
Бироқ бошқа давлат фуқаролигини қабул қилган шахсларнинг фуқароликни йўқотиш ҳақида қонунга киритилган ўзгартириш 2020 йил март ойида янги таҳрирда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисидаги" қонунда ҳам акс этиши ва бу масаланинг расмийлар томонидан кўтарилиши қўшфуқароликка эга ўзбекистонликларни хавотирга солди.
Америкада истиқомат қилаётган ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоиловнинг айтишича, сўнгги баёнотлар хавотирларни янада кучайтиради.
"Биз фуқароларни Ўзбекистон фуқаролигидан бошқа фуқаролиги мавжудми йўқми буни махсус йўллар билан йўллар ва махсус идоралар орқали текшириб бошлаймиз, деган нуқталар бўлди баёнотларда. Бу нарса мени салгина хавотирга солди. Биринчидан махсус идоралар кимлар бўлади? Бу Ўзбекистоннинг расмий мутасадди ташкилотларими, чет элдаги ваколатхоналарими? Бундан фуқаролар хабардор қилинадими ё йўқми. Бу фуқароларнинг шахсий дахлсизлигига қанчалик тўғри келади", дея савол ташлайди у.
Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Дилшодбек Муродбековнинг айтишича, Ўзбекистонда жиноят ва қонун бузилишларга йўл қўймаган фуқаролар хавотирланмасдан иккита паспорт билан Ўзбекистонга келиши мумкин.
"Тушунтиринг уларга. Борганинг билан сени обориб, агар Ўзбекистонда жиноий жавобгарлик, қанақадир қонун бузилишга йўл қўймаган бўлсанг, иккита паспортинг бўлса ҳам оборгин-да, чегарадан Ўзбекистон фуқароси сифатида кириб, прописканг бўлмаса, вақтинча рўйхатда туриб, Ўзбекистонга бориб қариндошингни кўрасанми, инвестициянгни олиб кирасанми нима қилсанг киравергин, яшаб юравергин, деган маънода тушунтириш ишларини олиб боринг. Бизда ҳозир очиқлик, энг либерал қонунчилик бизларда. Фуқароликни йўқотади, автоматик йўқотади деган нарса йўқ. Йўқотади дегани билан кейинчалик механизмлари ёзилган уни. Огоҳлантирилади, текширилади. Ундан кейин фармонга киритилади", дейди у.
Дилшодбек Муродбековнинг айтишича, янги қонун икки фуқаролик борасида эскисига қараганда либералроқ. Чунки эски таҳрирдаги қонунда бошқа давлат фуқаролигини олган шахс бу ҳақда 30 куннинг ичида тегишли идораларга хабар қилиши шарт қилиб кўрсатилган.
Янги таҳрирдаги қонундан бу талаб олиб ташланган.
Ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоиловнинг айтишича, Ўзбекистоннинг қўшфуқароларни фуқароликдан маҳрум қилиш сиёсати айрим ўзбекистонликларнинг хорижда сиёсий фаоллиги ва турли диний экстремистик оқимларга қўшилиб қолишдан хавотир сабаб қабул қилинган бўлиши мумкин.
Аммо унинг айтишича бу омиллар бир неча юз минг одамнинг йўлини тўсиб қўйишга арзимайди. У ҳукумат сиёсий ирода кўрсатиб бошқа фуқаролиги бор шахсларни Ўзбекистон фуқаролигидан чиқариб юбориш меъёрига ўзгартириш киритиш лозимлигини урғулайди.
"Биринчидан берилган ваъдаларни бажарилмаётганини кўрсатилади. Олға қадам ташлаймиз, дейилди. Чет элдаги яхши-яхши жойларда ишлаб турган ўзбекистонлик мутахассисларнинг баъзилари Ўзбекистондаги давлат вазифаларига жалб қилинди. Бир қисми ваъдаларга ишониб қайтиб кетди. Оддий ишларда ишлаётган ёки ўз бизнеси билан машғул бўлган бир гуруҳ фуқаролар бунга ишонди. Ўзбекистонда уй-жой сотиб ола бошлашди, бизнеслар қуришди, шунга ишониб. Бу нарса шу ҳолича қолиб кетса ёки аксинча текширувлар кучайса ва жазо бериш йўлига ўтишса катта сигнал бўлади. Одамларимиз янаям чўчиб қолади. Агар шунақа йўлга ўтилса албатта орқага кетиш бўлади", дейди Суҳроб Исмоилов.
Давлат идораларида ишлайдиган мулозимнинг Би-би-сига айтишича, икки фуқароликни қабул қилмаслик ва биридан воз кечишга мажбурлаш меъёрига балки кейинчалик ўзгартириш киритилиши мумкин, аммо ҳозирча бу нарса кун тартибида тургани йўқ.
Айни дамдаги қонунчилик бўйича эса 2016 йил сентябрдан сўнг бошқа давлат фуқаролигини олган шахслар қонун бўйича икки фуқароликдан бирини танлаши керак бўлади.