Ўзбекистон: Бош прокурорни жиноятга алоқадорликда айблаган Бухоро прокурори ҳайфсан билан чекландими?

Published

Бош прокурорни мансабидан фойдаланиб тадбиркорга паст фоизда кредит олиб беришда ва ундан "доля" олишда айблаган Бухоро шаҳар прокурорига нисбатан бошқа масалада очилган хизмат текшируви якунланди. Видео чиқишлари билан ижтимоий тармоқларда шов-шув бўлган прокурор Жасур Фозилов ҳайфсан олди ва ишига қайтди. Фозилов Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевга туҳмат қилганмиди ва унга иш очиладими, деган саволларга Бош прокуратура жавоб бермаяпти.

Бош прокуратура Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозиловнинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб ёзган аризаси юзасидан хизмат текшируви якунланганини маълум қилди.

Хизмат текшируви якунланганлиги муносабати билан Бош прокурорнинг буйруғига асосан Жасур Фозилов жорий йил 19 декабрдан хизмат вазифаларини бажаришга киришган.

Бош прокуратура хабаридан маълум бўлишича, текширув натижасида Фозиловнинг хизмат вазифаларини лозим даражада бажармасдан, масъулиятсизликка йўл қўйгани аниқланган.

Жасур Фозиловнинг " жиноят ишига алоқаси бўлмаган хўжалик юритувчи субъектлар мансабдор шахсларини терговга жалб қилиб, сўроқ қилиш орқали муқобил текшириш, шунингдек, асоссиз равишда тадбиркорни чақиртириш ва мажбурий келтириш ҳақида қўл остидаги терговчига топшириқ берганлиги аниқланди", дейилади хабарда.

Бош прокурорнинг 21 декабрдаги буйруғига билан Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозиловга "Ҳайфсан" интизомий жазоси қўлланилди.

Хизмат текшируви ўтказилаётган вақтда Жасур Фозилов бир нечта видео мурожаатлар билан чиқиш қилганди.

Чиқишларида у Бош прокурорнинг вилоятдаги одамини текширишга жазм қилгани учун босимларга учраётганини даъво қилган.

Илк видеоси Фозилов Ўзбекистон Бош прокурорини савдо мажмуасини қурган маҳаллий тадбиркорга паст фоизларда кредит олишга ёрдам бериб, ундан ўз ҳиссасини олганликда айблаганди.

"Штабга борганда Зоир билан кўришаяпмиз, "сен нимага бизга қилмасдан, генеральныйга боряпсизлар", дедим. У: "йўқ, "генеральный"ни ўзи айтган бизга. Шундай ариза ёзинглар, мен ҳал қилиб бераман, (кредит) паст фоиз билан деди. Фақат менгамас, президент номига, ҳаммасига ёзасанлар деди.Ниғматилла акамиз: ўзим ҳал қилиб бераман деди, биз шунга ёздик», деди. Менда ҳозир ўша аризанинг нусхаси бор", — деган Жасур Фозилов.

Фозиловнинг видеода айтишича, Зоир икки ой ўтгач «акам қилиб берди, унинг ҳам ўз "доляси" бор", деган.

Жасур Фозилов Бош прокуратурада ишлагани ва президентга ахборот қай тарзда киритилишини яхши билишини баён қилган.

Унинг айтишича, президент администрациясига "ўз жиноятини яшириш учун видео мурожаат қилаяпти", деб ҳисобот киритилади.

Прокурор қилган ишлари учун жавоб беришини ва аслида бош прокурор алоқадор жиноятларни фош этиш учун мурожаат йўллаётганини таъкидлаган.

"Шунинг учун шахсан Зайнилобиддин акага мурожаат қилаяпман. Чунки бу инсонга ишонаман. Зайнилобиддин ака ўзлари келиб текширишлари керак, мен бош прокурор ҳақида гапираётган бўлсам, бошқа одамни текширишга ҳам ҳаққи йўқ", — деган у.

Мурожаатдан сўнг мазкур ҳолатни ўрганиш мақсадида Республика идоралараро комиссияси тузилди.

Хизмат текшируви Президент администрацияси бошчилигида ўтказилиши маълум қилинди.

Комиссия текшируви натижаси расман жамоатчиликка ошкор қилингани йўқ.

Аммо Жасур Фозилов сўнгги видеосида айтишича, коммиссия тадбиркор Бош прокурор номидан фойдаланганлигини аниқлаган.

"Менинг устимдан аризани уюштирган тадбиркорлар ҳам Бош прокурор номидан фойдаланиб келаётганлиги комиссия аъзолари томонидан аниқланган", дейди Жасур Фозилов.

Бироқ ўзининг илк чиқишларида Фозилов тадбиркор Бош прокурорнинг одами эканлигини унга вилоят прокурори ҳам айтганини билдирганди.

"Ундан олдин вилоят прокурори телефон қилгани записи турибди. Бош прокурорни одами булар, сени йўқ қилиб юборади-ку. Мени ўзим ҳам биламан Бош прокурор билан муносабатлари қанақа яхшилигини. Чунки олдин ҳам бўлган бу ҳолат", деганди Жасур Фозилов илк мурожаатида.

Ижтимоий тармоқдагилар Бухоро шаҳар прокурорининг чиқишлари ўзининг ҳуқуқий ечимини топмаганини ёзишмоқда.

Facebookдаги Халқ назорати гуруҳининг ёзишича, Жасур Фозиловнинг айтганлари тасдиғини топмаган бўлса, Бош прокурорга туҳмат қилишда айбланиши керак эди.

"Ж.Фозиловнинг гаплари тасдиғини топган бўлса, Бош прокурор лавозимидан озод қилиниб, жавобгарлик масаласи кўриб чиқилиши лозим эди", деб ёзилади постда.

Унда таъкидланишича, Фозиловнинг гаплари тасдиғини топган тақдирда, "Бош прокурорнинг одами бу" деб босим ўтказган Бухоро вилоят прокурорига нисбатан ҳам жавобгарлик масаласи кўриб чиқилиши керак эди.

Бироқ ушбу жиҳатлар Бош прокуратуранинг баёнотида ўз аксини топмади.

Ҳукуматлараро махсус комиссия хулосаси очиқ баён қилинмагани учун, бу жиҳатларга қандай ҳуқуқий баҳо берилгани маълум эмас.

Бош прокуратура матбуот хизмати ҳолат юзасидан расмий баёнотдан бошқа қўшимча берилмаслигини билдирди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek