Ўзбекистон Covid марказларини ёпмоқда, камида олти ойда коронавирусга қайта чалиниш мумкин - Ковид, Ўзбекистон, O‘zbekiston, Мирзиёев, dunyo, koronavirus, yangiliklar

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон Covid марказларини ёпмоқда, камида олти ойда коронавирусга қайта чалиниш мумкин - чет эллик тадқиқотчилар ўзларини синаб, бу каби хулосага келишди.
Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта (расман 34 миллиондан ортиқ - таҳр.) давлати саналади.
Жорий пайтда Қозоғистондан кейин минтақанинг энг кўп коронавирус тарқалган иккинчи давлати бўлади.
Аммо Ўзбекистоннинг коронавирусга оид расмий статистикаси ҳали-ҳануз пневмония ҳолларини ўз ичига олмайди.
Пойтахт Тошкентдан олинаётган хабарларга кўра, шу йил ноябрь ойи ўрталаридан бошлаб, Ўзбекистон Covid ёки коронавирус беморларига мўлжалланган қайта тақсимлаш марказларини ёпишни бошлаган.
Маълум бўлишича, бунга беморлар сонининг кескин камайиб бораётгани сабаб бўлган.

Сурат манбаси, official
Агар, расмий статистикага таянилса, ҳозирга келиб, Ўзбекистонда жами коронавирусга чалинганлар сони 72 мингдан ортган.
Аммо уларнинг 70 мингга яқини аллақачон соғайиб бўлган, икки мингдан сал ошиқроғигина касалхоналарда қолаётгани айтилмоқда.
Сўнгги видеоселектор йиғилишларидан бирида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ўзи бу масалага эътибор қаратган.
Койкалар бандлиги бутун мамлакат бўйлаб бор-йўғи 38 фоизни ташкил этаётгани, улкан маблағлар бекорга сарф бўлаётганини айтаркан, бу каби касалхоналар ёки тақсимлаш марказларини оптимизация қилишга буйруқ бергани хабар қилинган.
Аммо ўшанда расмий хабарда, "Бугунги кунда Ўзбекистон бўйича 89 та муассасада 17 минг 500 ўрин COVID-19 билан касалланганлар учун ажратилган"и айтиларкан, "ҳозирда ушбу ўринларда 6 минг 570 нафар бемор даволанаётгани" маълум қилинганди.
Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганларнинг жами сони жорий пайтда 600 дан сал ортиқроқ кишини ташкил этиб турибди.
Аммо қолган минтақа давлатлари мисолида бўлгани каби, орада кибер фазода Ўзбекистоннинг расмий статистикасини савол остига олувчи мустақил манбалар ва озмунча бўлмаган оддий одамларнинг борликлари ҳам кўрилган.
Куни-кеча айрим Ғарб нашрларида Ўзбекистонда сўнгги ҳафталарда коронавирусдан ўлим ҳоллари ортиб бораётганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган. Аммо улар ҳалича ўзининг на-да расмий тасдиғи ва на-да расмий инкорини топган.
Ўзбекистондаги Covid марказларининг ёпилаётганига оид хабарлар, бошқа томондан, Россияда аҳвол такрор кескин ёмонлашган, Европанинг аксарият давлатлари коронавируснинг иккинчи тўлқини боис, яна кучайтирилган карантин тартибига қайтган бир манзарада кузатилган.
17 ноябрь кунги видеоселектор йиғилиши чоғида президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи ҳам Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашни бир дақиқага ҳам тўхтатиб бўлмаслиги, хавф-хатар ҳали ўтиб кетмаганини таъкидлаган.
"Бунга дунё мамлакатлари ва қўшни давлатлардаги ҳолат"ни мисол қилиб келтирганди.
Ўзбекистонда "касаллик занжири"ни жиддий назорат қилган ҳолда аллақачон карантин талаблари босқичма-босқич енгиллаштирилган".
Янги тадқиқот

Сурат манбаси, Science Photo Library
Рэйчел Шрайер
Саломатлик бўйича мухбир
Соғлиқни сақлаш ходимлари текширилганда, коронавирусга қарши антитаначалар камида олти ой сақланиши ва иккинчи марта касалланишдан ҳимоя қилиши аниқланган.
Оксфорд университети касалхонаси хизматчилари мунтазам равишда Ковид‑19 инфекциясига тест топширади ва аввалги инфекциядан кейинги антитаначаларни текширтиради.
Одамларда қанча кўп антитанача бўлса, уларнинг қайта касалланиши эҳтимоли шунчалик паст бўлади.
Бошқа бир тадқиқотда аниқланишича, коронавируснинг бошқа турларига қарши шаклланган аввалдан бор имммунитет ҳам Ковиддан ҳимоя қилади.
Инфекциялар бўйича консультант др. Кэти Жеффри Окфордда аниқланганларни яратилаётган Ковид вакциналари олдидан "жуда кўнгилни кўтарувчи янгилик", деб атади.
Уларга кўра, вирусни бир марта юқтириш "камида қисқа муддатли ҳимояни таъминлайди", дейди у.
Оксфорддаги тадқиқотда 12 мингдан ортиқ соғлиқни сақлаш ходимлари иштирок этган, уларнинг 11 мингтасида Ковид‑19 антитаначалари топилмаган.
Антитаначалар вирусли инфекция вақтида пайдо бўлади ва вируснинг тана ҳужайраларига қайта кириши ва иммун тизимининг бошқа қисмига ҳужум қилишига тўсқинлик қилади.
Тадқиқот аввалида антитанача бўлмаганлардан 89 таси симптоматик инфекция аниқланган ва бурнидан суртма олинганда бу тасдиқланган.
Тадқиқот давомида коронавирусга қарши антитаначаси бўлганлардан бирортасида ҳам симптоматик инфекция ривожланмаган.
Баданида антитанача борлиги аниқланган уч кишида асимптоматик Ковид‑19 аниқланган бўлса, антитанача бўлмаганлар орасида эса улар 76 кишидир.
Танасида антитанача бўлган уч кишидан бирортаси ҳам ўзини ёмон ҳис қилмаган.
Шамоллашдан кейин пайдо бўлган T-ҳужайралар

Сурат манбаси, Getty Images
Натижалар "Sars-CoV-2 қайта юққанда аввалги юққандаги симптомлар такрорланмаслиги билан мувофиқ келади", дейилади тадқиқотда.
Ўрганилган антитаначалар Ковид‑19га сабаб бўладиган Sars-CoV-2 вируси "тикан"ларига ёпишиб олади.
Ишлаб чиқилаётган вакциналар ҳам ана шу "тикан"ларни нишонга олади.
Тадқиқотда ўрганилган хизматчилар 30 ҳафтагача кузатилган.
Шу ҳафта бошида Англия Жамоат Соғлиғи ташкилоти ўтказган тадқиқотда иммун тизимининг инфекцияга қарши бошқа бир қуроли Т‑ҳужайралар ўрганилган.
Июнь ойида ўрганилган хизматчиларнинг чорак қисмининг қонида Ковид вирусини танийдиган Т‑ҳужайралар кўплиги аниқланган. Аммо уларнинг ярмидан сал кўпроғигина Ковид‑19 билан аввал касалланган экан.
Бу иммунитетнинг борлиги сабаби уларнинг "SARS-CoV-2дан бошқа тур коронавирус билан аввал оғриганидир". Масалан шамоллаш вируси.
Шунингдек, тегишли Т‑ҳужайралари кўп бўлганлар - аввал Ковидга чалинганми ёки йўқ - "улар ўрганилишни бошлагандан тўрт ой ўтса ҳамки, Ковид‑19га чалинмаган".
Фрэнсис Крик институтидан доктор Руперт Билнинг таъкидлашича, аввалдан Т‑ҳужайраси бўлган бу турдаги одамлар жуда оз (эҳтимол 10 фоиз ёки ундан ҳам кам).
Аввалги бир мақолада ҳам иммун тизимининг бошқа элементи - Т‑ҳужайраларни ҳисобга олмай, шунчаки антитаначаларни текшириш Ковиддан ҳимояланганлар сонини камайтириб кўрсатиши айтилган эди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek
































