Расмий Тошкент огоҳлантирди, ўзбекистонликлар нима қилишмоқчи? O‘zbekiston, Turkiya, Мирзиёев, dunyo, koronavirus, yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Расмий Тошкент огоҳлантирди, ўзбекистонликлар нима қилишмоқчи? - Бугун, 20 ноябрдан бошлаб Туркия яна карантин чораларига қайтади. Туркия дунёнинг катта сондаги ўзбекистонликлар иш, юмуш, таҳсилда банд тўртта давлатидан биттаси бўлади. Эртанинг қайғусида жуда ёмон ҳолатга тушиб қолганимиз рост, ҳатто, компьютеримни сотдим, дейди Туркиядаги ўзбекистонлик талабалардан бири.
Коронавирус қайта бош кўтараркан, Туркия 17 ноябрь куни карантин чораларини яна кучайтиришга қарор қилган.
Янги чекловларнинг 20 ноябрдан бошлаб расман кучга киришини маълум қилган.
Худди шу хабарлар манзарасида Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси яна мурожаат билан чиққан.
Туркияда бўлиб турган ёки боришни режалаётган Ўзбекистон фуқароларини сўнгги янгиликдан бохабар этган, огоҳлантирган.
Ўзбекистон элчихонаси улардан ушбу чеклов чораларини ҳисобга олиш, ўз соғлигига эътиборли бўлиш ва Туркия расмий идораларининг аҳолини коронавирус тарқалишидан ҳимоя қилишга қаратилган барча талабларига амал қилишларини сўраган.
Элчихона мурожаати Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий акаунтларида ҳам чоп этилган.
Туркияда ҳозирга келиб, жами коронавирус ҳоллари расман 430 мингдан ортган. 12 мингга яқин ўлим ҳолати қайд этилган.
Орада Туркия дунёнинг коронавирус шитоб билан тарқалиб бораётган давлатлари рўйхатидан ҳам жой олган, мамлакатдаги бу каби аҳвол четда жиддий хавотирларга ҳам сабаб бўлмай қолмаганди.
Аммо расмий Анқара, шунда ҳам, кескин карантин чораларига қўл урмаган, жорий этганларини ҳам тезда ва муваффақиятли юмшатган саноқли ҳукуматлардан бири сифатида кўриб келинаётганди.
Ҳозир Туркияда нималар бўлмоқда?
Феруза Шокирова,
Ўзбекистон - Туркия

Сурат манбаси, facebook
"Куз яқинлашиши билан Туркияда коронавирусга чалинганлар сони ортиб бораётгани ҳақида хабарлар тарқала бошлади.
Баъзи таниқли давлат амалдорларининг Ковид юқтириб олганликлари, улардан айримларининг аҳволи жиддий экани маълум бўлди.
Шунга қарамай, мактаблар босқичма-босқич масофавий таълимдан анъанавий тизимга ўта бошлади.
Олдин бошланғич мактабнинг биринчи, ўрта мактаб ва лицейларнинг охирги синфлари қайтишди.
Кейинроқ бошқа синфлар ҳам ҳафтанинг маълум кунларида яна мактабда таълим олишни бошлашди.
Университетларда эса, ҳали ўқув йилининг бошидаёқ биринчи семестр охиригача таълим онлайн давом этиши эълон қилинган эди.
Ҳозирда онлайн тизимига ўтган таълим, таъбир жоиз, худди оғир хасталикдан кейин яна оёққа туришни ўрганаётган бемордек атак-чечак қилиб юришни бошлаяпти.
Кейинги семестрдан университетларда ҳам юзма-юз таълимга ўтилиши ҳақида гаплар юрувди.
Афсуски, мактабларнинг қайта очилиши билан уйғонган умидлар узоққа чўзилмади.
Бутун дунё, айниқса, Европада коронавирус билан боғлиқ вазиятнинг кескин тус олиши, Туркиядаги аҳволнинг ҳам яна жиддий ёмонлашишига оид хавотирлар кўп ўтмай бу ерда ҳам қатъий чоралар кўрилишига олиб келди.

Сурат манбаси, Getty Images
Уч кун муқаддам пойтахт Анқарада бўлиб ўтган ҳукумат мажлиси ортидан президент Режеп Таййип Эрдоған коронавирус пандемиясига қарши кураш борасида олинган янги қарорларини эълон қилди.
Қарорга кўра, бутун мамлакатда дам олиш кунлари соат 10:00 гача ва 20:00 дан сўнг кўчага чиқиш тақиқланади.
Ҳозирги кунда таътилга чиққан мактабларда таълим йил охиригача онлайн давом этади.
65 ёшдан катталар ва 20 ёшдан кичиклар маълум соатларда кўчага чиқа олмайдилар.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Дўкон ва сартарошхоналар фақатгина 10:00-20:00 оралиғида фаолият юритади.
Умумий овқатланиш муассасаларида фақат етказиб бериш хизматлари жорий қилинади.
Кинотеатр, стадионлар ёпилади. Мусобақалар томошабинларсиз ўтказилади.
Бу қарорлар кутилаётган бўлса-да, Туркияда яшаб, ишлаётган юртдошларимизга таъсир қилмай қолмайди.
Чунки, айниқса, кафе ва ресторанларда официант, ёрдамчи, идиш ювувчи бўлиб ишлаётган ватандошларимиз бу каби чоралардан зарар кўриб бўлишган.
Бундай ишчилар, асосан, қонуний тарзда ишга олинмагани учун, уларни бўшатиб юбориш жуда осон.
Кўпинча ҳеч қаерда рўйхатдан ўтмаганлари боис, ижтимоий ёрдамлардан ҳам фойдалана олмайдилар.
Ўтган карантинда молиявий тарафдан жиддий қийналган, ишидан айрилиб, ватанига қайтишга ниҳоятда қийналган юртдошларимиз ҳақида тез-тез ўқиб турдик.

Сурат манбаси, Getty Images
Уч йилдан бери Туркияда таҳсил олаётган талаба қиз билан карантин чораларининг қайта тикланиши ҳақида қилган суҳбатимиз ҳам шунга далолат қилмай қолмади.
"Сентябрдан бошлаб бир қаҳвахонада ишлай бошладим. Яқингача ҳам ўша кафеда эдим. Ўтган галги карантин чоғида бошлиғимиз бошқа кафе эгалари билан биргаликда ҳокимиятга хат билан чиқишган экан. Ишламасак ҳам солиқ тўлаяпмиз, солиқдан озод қилинайлик, деб. Ҳали янги чора-тадбирлар чиқмай, улар ҳақида эшитишлари билан, мижозлар келмаяпти, иш бўлмаяпти, деб баъзи ишчиларни бўшатиб юборишди. Шу қаторда мени ҳам. Кеча кутубхонадан қайтишда ишхонамга киргандим. Деярли бўм-бўш. Иккитагина стол банд, холос. Авваллари жой топилмасди", - дейди у.
Ўзи ҳам яқинда Ковиддан даволаниб чиққан талаба элчихонанинг бундан хабари бўлмаганини айтади.
"Очиғини айтсам, оиламдан моддий дастак олмайман. Шу сабабли ўқишим учун ўзимни ўзим таъминлашим, ишлашим керак. Мен каби ҳам ишлаб, ҳам ўқиётган талабалар жуда кўп. Шахсан ўзимнинг хонадошим ҳам ишидан айрилди. Бу, албатта, яхши эмас. Оиласидан ёрдам олмайдиган мен каби талабалар эртани қандай ўтказиш ҳақида ўйлаб, жуда ёмон ҳолатга тушиб қолганимиз рост. Ўтган ҳафта шу сабабли ишни бошлагунча етиб турар дея, компютеримни сотдим", - дея сўзларида давом этади суҳбатдошим.
Давлат грантлари асосида ўқимайдиган талабалар ватандаги ота-оналаридан дастак олиб турмаганлари боис, Туркиядаги баъзи ташкилотларга таълим ва ижтимоий ёрдам грантлари учун мурожаат қиладилар.
Ўзи касалланишидан олдин турли ишларда ишлаган талаба ҳам шундай грантлар учун мурожаат қилганини, фақат уларнинг жавоби январь ойида аниқ бўлишини айтади.
"Суриштирмаган, қилмаган ишим қолмади. Ҳатто вирус юқишидан олдин кунлик уй тозалаш ишларига ҳам чиқиб, янги битган уйларни тозаладим. Билмадим энди, душанбадан имтиҳонлар ҳам бошланади. Балки ундан кейин яна иш қидириб кўрарман", - дейди у умидсизгина бир оҳангда.

Сурат манбаси, NURPHOTO
Суҳбат бошида исм, фамилиясининг кўрсатилишига розилик билдирган ўзбекистонлик талаба суҳбатдошим сўнггида, "Опа, шуни аноним қилақолайлик. Ойимнинг юраги яхшимас. Бирортаси келиб, қизингиз шунақа қийналиб қолибди деса, сиқилиб юрмасинлар тағин. Биласиз, ахборот технология даври," дейди.
Шу йил баҳорда ҳам коронавирус билан боғлиқ аҳвол кескин ёмонлашаркан, ҳукумат мамлакат уч ойлик чеклов чораларига қўл урган.
Аммо дунёнинг кўплаб давлатларида кузатилгани каби қатъий, кучайтирилган карантин тартибини қўллашгача бормаганди.
Ёзга келиб, карантин давомида ёпиб қўйилган дўкон, савдо марказлари, кинотеатрлар, кафе ва ресторанлар қайта очилди.
Шаҳарлараро қатновлар билан бир қаторда халқаро парвозлар ҳам қайта тикланди.
Аммо, шунда ҳам, ижтимоий масофа, ниқоб ва тозалик қоидаларига амал қилишга бўлган талабни ҳеч бўшаштирмаганди".

Сурат манбаси, NURPHOTO
Би-би-си: Бугун Туркия дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар турли юмуш, таҳсил ёки бошқа сабаблар билан муҳожиратга юз тутган тўртта давлатидан биттаси саналади.
Агар, Туркия томонининг 2018 йилги расмий рақамларига таянилса, бу мамлакатда қонуний мақомда яшаб турган ўзбекистонликлар сони ўттиз мингдан ортади. Яна минглабининг меҳнат визаси билан Туркияда эканликлари англашилади.
Аммо, худди шунинг баробарида, Туркияда ноқонуний мавқеъда бўлган катта сондаги ўзбекистонликларнинг борликлари ҳам тахмин қилинади.
Туркиядаги аксарият ўзбекистонликлар ҳам меҳнат муҳожирлари саналишади, улар кўпчилигининг хотин-қизлар эканликлари айтилади.
Туркияга турли иш, юмуш илинжида келаётганлари эса, асосан мамлакатнинг уч асосий йирик шаҳри - пойтахт Анқара, Истанбул ва Измирни ўзлари учун афзал билишади.
Туркия, бундан ташқари, дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар ҳам саёҳат ва ҳам тижорат мақсадида йўл солаётган саноқли давлатларидан бири бўлади.
Глобал коронавирус пандемиясига қадар бу икки давлат ўртасидаги авиапарвозлар жаҳоннинг бошқа бирор бир мамлакати билан бўлмаганчалик бир даражада серқатнов экани билан ҳам ажралиб турган.
Бугун дунёнинг турли давлатларида меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон фуқароларининг сони миллионларга нисбат берилади.
Аммо яқин-яқингача бошқа Марказий осиёликлари билан қиёсланганда, айнан ўзбекистонлик мигрантлар энг ҳуқуқсизи ва ижтимоий ҳимоясизи бўлиб келган.
Президент Шавкат Мирзиёев қудратга келиши ортидан, Ўзбекистоннинг миграция ва мигрантлар борасида сиёсати ҳам кескин ўзгаришларга юз тутган.
Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум Президенти Ислом Каримов "дангаса", деб атаган мигрант фуқароларини Мирзиёев, "фарзандлари"га қиёс берган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг ҳам четда меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон фуқароларининг ҳимоясига қаратилган турли мурожаат, даъват ва баёнотлар билан бунчалик фаоллик билан чиқаётгани ҳам мамлакатнинг бу яқин тарихида кузатилмаган воқеълик бўлади.
Аммо, шунда ҳам, Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари ва Бош консулликлари фаолиятидан шикоятда бўлган ўзбекистонликларнинг сони оз эмас.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek

































