Мирзиёев хавф аримаганини айтди, Ўзбекистон ваъдасида турди – Ковид, koronavirus, Covid-19, Qirg'iziston, O'zbekiston, dunyo, yangiliklar

Shavkat Mirziyoyev

Сурат манбаси, official

Published

Мирзиёев хавф аримаганини айтди, Ўзбекистон ваъдасида турди - Ўзбекистон президенти ҳар бир фуқаронинг ўлими ўзлари учун катта йўқотиш эканини қайд этди. Тошкент янги коронавирус касалхонасининг қурилиши учун Қирғизистонга юзлаб махсус контейнер юборди.

Қирғизистон Қозоғистон ва Ўзбекистондан кейин минтақанинг коронавирус энг кўп тарқалган учинчи давлати бўлади.

Аммо Қозоғистон билан бирга Ковиддан энг кўп ўлим ҳоллари қайд этилаётган иккита мамлакатидан биттаси экани кўрилади.

Қирғизистонда дастлабки коронавирус ўчоқлари айнан мамлакатнинг Ўзбекистонга бевосита жанубий вилоятлари ҳисобига тўғри келган.

Аввалбошда Қирғизистондаги кучайтирилган карантин тартиби, фавқулодда ҳолат ва комендантлик соатлари ҳам асосан шу уч вилоятда амал қилган.

Ўзбекистоннинг Қирғизистонга бу галги кўмаги яна худди шу минтақаларида коронавирус шитоб билан қайта бош кўтараётганига оид хавотирлар манзарасида кузатилган.

Хабарларга кўра, расмий Тошкент Covid-19 га қарши курашда ёрдам бериш учун Қирғизистонга ўз шифокорларини юборишни ҳам режаламоқда.

Қирғизистон глобал коронавирус пандемияси манзарасида Ўзбекистон энг кўп ёрдам бераётган дунё ва минтақа давлати бўлади.

Олти миллионли Қирғизистонда расман бир миллиондан ошиқ ўзбекларнинг яшаши айтилади.

Ўзбекистон эса, минтақанинг аҳолиси энг катта давлати бўлади. Аҳолисининг сони ҳозир расман 34 миллион кишидан ортади.

Куни-кеча айрим Ғарб нашрларида Ўзбекистоннинг ўзида ҳам сўнгги ҳафталарда коронавирусдан ўлим ҳоллари ортиб бораётганига оид хабарлар бўй кўрсатган. Аммо ҳалича ўзининг расмий тасдиғини топмаган.

Ўзбекистон ва Қирғизистон яна бир бор шу ой бошида пойтахт Тошкентда Ковидга қарши ҳамкорликда курашиш масаласини муҳокама этиб олишган.

Қирғизистон янги Ташқи ишлар вазирининг ташрифи чоғида Ўзбекистон Бош вазири Қирғизистонда тиббий-соғломлаштириш муассасаси қуриб беришга тайёр эканини ҳам баён қилган. Бу ҳақда ўшанда расмий Бишкек хабар берган.

Бунинг ортидан, Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистоннинг яқинда "Халқ инқилоби" ортидан қудратга келган янги Бош вазири-муваққат президенти(ҳозирда собиқ- таҳр.) билан куни-кеча қилган телефон мулоқоти чоғида ҳам томонлар бу масалага алоҳида тўхталиб ўтишган.

Янги Ўзбекистон президентининг глобал коронавирус фонидаги бу каби саъй-ҳаракатлари четда аллақачон унинг янгича дипломатияси ўлароқ эътирофларга ҳам сабаб бўлиб улгурган.

Қурилиш бошланди

Shohruh Soipov

Сурат манбаси, facebook

Шоҳруҳ Соипов

Мустақил журналист, жанубий Қирғизистон

"Бугун, 19 ноябрь куни Боткен вилоятининг Қадамжoй туманида Ўзбекистон кўмаги билан 200 ўринли юқумли касалликлар шифохонаси қурилиши бошланди.

Боткент Қирғизистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош учта жанубий вилоятидан биттаси бўлади.

Вилоят маъмурияти хабарига кўра, 18 ноябрь куни "Ўзбекистон темир йўллари" раҳбари Ҳусниддин Хосилов бошчилигидаги делегация шифохона қурилиши учун 40та контейнерда Қизил-Қия шаҳрига материаллар олиб келган.

Боткен вилояти раҳбари Жанибек Жалолов Ўзбекистон ҳукуматига ёрдам учун миннатдорчилик билдирган.

Енгил вазнли шифохона Қадамжoй туман касалхонаси ҳовлисида қарийб бир гектар майдонда қурилиши айтилмоқда. Ҳозирда қурилиш майдончасини тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.

Маълумотларга кўра, шифохона 10 кун ичида қуриб битказилади ва зарур тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланади.

Беморларни даволаш ва маҳаллий тиббиёт ходимлари билан тажриба алмашиш учун Ўзбекистондан тажрибали шифокорлар келади.

O'sh

Сурат манбаси, official

Бишкекда ҳам қурилиш

Худди шундай шифохонанинг Бишкек шаҳрида ҳам қурилиши режаланмоқда.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазири Алимқодир Бейшеналиевнинг матбуот анжуманида маълум қилишича, шифохоналар қурилиши бошланган.

"Мен жанубда бўлганимда, энг катта юқумли касаллик Боткен вилоятида эканига гувоҳ бўлдим. Қадамжой туманида эски юқумли касалликлар шифохонаси мавжуд. У ерда мобил стационар шифохонаси қуришга қарор қилинди. Ўн кун ичида ўзбекистонлик қурувчилар 200 ўринли шифохона қуришади. Худди шундай бино Бишкекда ҳам, барча жиҳозлар билан барпо этилади. Ўзбекистонлик шифокорлар бизнинг шифокорларимиз билан биргаликда ёрдам беришади ", деган бош шифокор.

Аммо Қирғизистон пойтахтидагисининг қанча ўринли бўлиши ва аниқ қачон ишга тушиши тафсилотлари ҳозирча ноаён қолган.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда республиканинг барча минтақаларидаги шифохоналар дори ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланган.

Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош Ўш, Боткен ва Жалолобод вилоятларидаги эпидемиологик вазият кескинлигича қолмоқда.

Бугунги кунда республика бўйича коронавирусга чалинганлар 68316тани ташкил қилади. Улардан 1217таси вафот этган.

Навбатдаги ёрдам

Qirg'iziston

Сурат манбаси, official

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, Ўзбекистон яна озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат навбатдаги инсонпарварлик ёрдамини ҳам юборган.

Уч минг тонна буғдойдан иборат инсонпарварлик ёрдами 17 ноябрь куни Ўш шаҳридаги темир йўл станциясига етиб келган.

Ўзбекистон 15 ноябрь куни Бишкекка ҳам коронавирусга қарши кураш учун тиббий воситалардан иборат бўлган навбатдаги инсонпарварлик ёрдамини жўнатган.

Жорий йилнинг ўзида Ўзбекистон Қирғизистонга коронавирусга қарши курашиш доирасида камида бешта инсонпарварлик кўмаги юборган.

3 август куни эса, Бишкекда бўлиб ўтган брифингда Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазири Замирбек Асқаров Ўзбекистоннинг ёрдамига оид рақамларни ҳам эълон қилган.

Ўшанда Ўзбекистон март-август ойлари орасида Қирғизистонга коронавирусга қарши кураш доирасида $560 минг доллар миқдорида инсонпарварлик ёрдамини юборгани маълум бўлганди".

Ўзбекистон ва пандемия

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Шавкат Мирзиёев эса, сўнгги бор пандемия масаласига ўзининг 17 ноябрь кунги видеоселектор йиғилиши чоғида қайтган.

Йиғинда Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ бугунги вазият таҳлил қилинган.

Дастлаб ўтган 8 ой мобайнида Covid -19га қарши курашда Ўзбекистонда етарли тажриба тўплангани айтилган.

Ўзбекистонлик тиббиёт ходимлари ҳам зарурий малакага эга бўлганликлари таъкидланган.

"Касаллик занжири"ни жиддий назорат қилган ҳолда карантин талаблари босқичма-босқич енгиллаштирилгани ҳам тилга олинган.

Аммо Ўзбекистон президенти "бу касаллик бефарқликни асло кечирмаслиги"ни яна бир бор урғулаган.

Ўзбекистонда "касаллик занжири"ни жиддий назорат қилган ҳолда аллақачон карантин талаблари босқичма-босқич енгиллаштирилган".

Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашни бир дақиқага ҳам тўхтатиб бўлмайди, хавф-хатар ҳали ўтиб кетмаган.

"Бунга дунё мамлакатлари ва қўшни давлатлардаги ҳолат мисол", деб айтган Ўзбекистон раҳбари.

Аммо йиғинда 70 мингдан ортиқ коронавирус беморининг қарийб 68 мингги аллақачон соғайиб бўлгани, ҳозир бутун мамлакат бўйлаб яратилган ўринларнинг 60 фоиздан ортиғи бўш экани айтилган, уларни оптималлаштириш буюрилган.

Айни мазмундаги видеоселектор йиғилиши Россияда аҳвол такрор кескин ёмонлашган, Европанинг аксарият давлатлари коронавируснинг иккинчи тўлқини боис, яна кучайтирилган карантин тартибига қайтган бир манзарада кузатилган.

Яқинда айрим Ғарб нашрларида сўнгги ҳафталарда Ўзбекистонда ҳам коронавирусдан ўлим ҳоллари ортаётганига далолат қилувчи баъзи материаллар бўй кўрсатган.

Аммо улар ҳозирча на-да ўзининг расмий тасдиғи ва на-да расмий раддиясини топган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek