Freedom House: Ўзбекистон интернети бўғилган авторитар режимлигича қолмоқда – янгиликлар, O'zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Freedom House: Ўзбекистон интернети бўғилган авторитар режимлигича қолмоқда - Ўзбекистон яна бир бор интернети эркин бўлмаган давлатлар қаторидан жой олди. Қуйи ўнликка кирди. Бу қандай рейтинг?

АҚШдаги Freedom House ташкилотининг интернет эркинлиги бўйича янги йиллик рейтингида Ўзбекистон 65 мамлакат ичидан 57-ўринга муносиб кўрилган.

Ташкилотнинг анъанавий ҳисоботида Ўзбекистондаги сўз эркинлигидан тортиб, интернет тезлиги, интернет қимматлиги, ўзбекистонликларнинг интернетда ёзганлари учун жазога тортилганлиги, юқоридан қўнғироқлар билан исталмаган материалларнинг олиб ташланиши ва, ҳатто, ҳукумат ўз фуқароларини интернетда кузатиш учун қайси компанияларнинг қурилмалари ва усулларидан фойдаланиши ҳақида сўз боради.

Бу қандай рейтинг?

Freedom House ташкилотининг Freedom on the Net ёки Интернетдаги эркинлик ҳисоботи 2009 йилдан буён ҳар йили эълон қилиб келиниб, унинг сўнгги нашрларида жаҳоннинг олти минтақасидаги 65 мамлакат намуна ўлароқ танлаб олиниб, ушбу давлатлар мисолида дунёдаги интернет билан боғлиқ эркинлик вазияти чуқур таҳлил қилинади.

Ташкилот экспертлари ҳисоботни тузишда интернетга уланишга тўсқинлик қилиш, контентга чекловлар ва фойдаланувчилар ҳуқуқини поймол қилиш каби уч асосий омилга таянадилар.

Freedom on the Net ҳисоботидан дунё бўйлаб ҳуқуқ фаоллари, ҳукуматлар, журналистлар, халқаро ташкилотлар бирор минтақа ёки мамлакатдаги интернет эркинлиги аҳволини яхшироқ англаб олишда фойдаланадилар.

Шу сабабдан ҳам ушбу ҳисобот сўнгги йилларда сўз эркинлиги билан боғлиқ халқаро имижини яхшилашга ҳаракат қилиб келаётган Янги Ўзбекистон учун жуда муҳим, дейиш мумкин.

Freedom House ҳисоботида Ўзбекистонда сўнгги тўрт йил давомида интернет билан боғлиқ эркинлик вазияти кетма-кет яхшиланаётган бўлсада, ҳукумат ахборот-технологиялари инфратузилмаси устидан яккаҳокимликни қўлдан бермаётгани, бир қатор блогер, журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари фишинг-кампаниялар нишонига айлангани, онлайн ахборот ҳамон кучли цензура остида экани таъкидланади.

Ўзбекистон жой олган энг охирги ўнталикка кирувчи мамлакатлар қаторида Саудия Арабистони, Эрон ва Хитой каби инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузиб келиши айтиладиган давлатларни кўриш мумкин.

«Президентни танқид қила олмайдилар»

Freedom House'га кўра, Ўзбекистоннинг ўтган тўрт йиллик янги тарихи давомида матбуот ва ижтимоий тармоқлар анчайин жонланиб, маҳаллий нашрларда ўткир муаммоларни кўтариб чиқишга журъат пайдо бўлган бўлсада, ўзбекистонликлар нозик мавзуларни интернетда муҳокама қилиш, масалан, президентни танқид қилишга ҳамон ботина олмайдилар ва уларнинг қўрқувида етарлича сабаб мавжуд.

Ўзбекистоннинг тарихи кескин танқидий чиқишлар қилган ёки ҳукумат истамаган муаммоларга тегинган журналистлар ва фаолларни репрессияга тутиш ҳолатларига бой бўлган, бугунги кунда ҳам бундай ҳолатлар кузатилмоқда, дейилади ҳисоботда.

Freedom House экспертлари ушбу сўзларга мисол тариқасида Спорт телеканали муҳаррири Бобур Акмалов ва бош режиссёр Жамолиддин Бобожоновлар Сардоба фожиаси оқибатлари Ўзбекистон 24 телеканали томонидан ҳаётдан йироқ равишда ёритилаётганини танқид қилиши ортидан ишдан кетишга мажбур бўлгани, яна Сардоба фожиаси жабрдийдалари билан суҳбати тафсилотларига асосланиб, ижтимоий тармоқда танқидий пост қолдирган журналист Анора Содиқова босимларга учрагани, Хоразмда кўча юришини ёритган блогер Шабнам Оллашукурова руҳий касалхонага ташланиб, охир-оқибат мамлакатни тарк этишга мажбур бўлгани ҳамда бошқа ҳолатларни батафсил тилга олган.

Freedom House, бундан ташқари, маҳаллий нашрлар юқоридан қўнғироқлар асосида исталмаган материалларни олиб ташлашга мажбур бўлиб келаётганини айтади.

Бундан аввал Би-би-си Сўх аҳолиси Фарғона вилояти собиқ ҳокими Шуҳрат Ғаниев истеъфосини талаб қилиб, уни тошбўрон қилгани тўғрисидаги мақолалар бир неча соат ичида қатор маҳаллий нашрлар сайтларидан ғойиб бўлганига эътибор қаратган, ўшанда маҳаллий нашрлардан бирининг ходими юқоридан қўнғироқ усули ҳануз кенг амалда эканини маълум қилган эди.

Freedom House нафақат ўзбекистонлик матбуот вакиллари балки оддий фуқароларнинг интернетдаги фаолияти ҳам ҳукумат томонидан доимий кузатув остида эканини таъкидлайди.

Ҳисоботда айтилишича, Американинг Verint ва Исроилнинг NICE компаниялари Ўзбекистон махфий хизматларини фуқароларнинг телефон сўзлашувлари ва интернетдаги фаолиятини кузатиш имконини берувчи қурилмалар билан таъминлаб келади.

Хулоса қилиб айтганда, Freedom House ҳисоботида Ўзбекистонда интернет ва сўз эркинлиги борасида сезиларли ижобий ўзгаришлар кўзга ташланаётган бўлсада, фуқароларнинг Конституцияда белгилаб қўйилган ўз фикрини эркин изҳор этиш ҳуқуқлари ва цензурага йўл қўйилмаслик қоидаси ҳамон ҳурмат қилинмаётгани, мамлакат демократлашиш томон секин одимлаётган авторитар режимлигича қолаётгани таъкидланади.

2019 йилда ҳам Ўзбекистон ушбу рейтингнинг энг охирги ўнлигидан жой олган эди.

17 октябрь куни Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида Олий Мажлис Сенати раиси ўринбосари Содиқ Сафоев ушбу ҳисоботга муносабат билдира туриб, охирги тўрт йилда ОАВ билан боғлиқ вазият ижобий томонга ўзгарганини инкор этиб бўлмаслиги, аммо "олдинги даврнинг инерцияси ҳали ҳам менталитетда сақланиб тургани"ни маълум қилган.

"Башарти Freedom House айтгандек, блогерларга тазйиқ бўлаётган бўлса, тавсия қилар эдим, аниқ фактлар билан мурожаат қилинса, ҳар бир ҳолат бўйича қатъий чора кўрамиз", таъкидлаган Сафоев.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek