Ўзбекистон – Россия, мусулмонлар: Карантиндаги ҳайит. Қурбонликка кимнинг қурби етаяпти?

Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистонда қатъий карантиндаги ҳайит байрами қандай ўтказилаяпти? Миллиондан зиёд ўзбекистонликлар бўлган Россияда-чи? Оммавий йиғинлар тақиқланган бу давлатларда қурбонлик маросимлари қай тарзда ташкиллаштирилмоқда. Карантин чекловлари моддий ҳаётга таъсир килиб турган бир пайтда ўзбекистонликларнинг қурбонликлар учун қурблари етаяптими?

BBCUZBEKнинг Тошкент ва Москвадаги мухбирлари Аваз Тоҳиров ва Соҳиба Ҳаёт ҳудудлардаги Қурбон ҳайити манзаралари билан таништирадилар.

Тошкент, Аваз Тоҳиров:

Бу йил Ўзбекистонда Қурбон ҳайитини ҳам кучайтирилган карантин шароитида нишонланмоқда.

Ўзбекистонликлар Ислом динининг бу улуғ айёмини ўз уйида кутиб олишига тўғри келмоқда.

Ҳар Ҳайит намози вақти мўминларга тўлиб-тошгувчи масжидлар эса бу йил бўм-бўш.

Бироқ фаоллар коронавирус пандемияси туфайли ҳаёт фалажланиб қолган бир вақтда ҳам Қурбон ҳайитининг энг муҳим амали жонлиқ сўйиш ва қурбонликни карантин қоидаларига амал қилган ҳолда тарқатишнинг йўлини топмоқдалар

Qurbonlik.uz каби хизматлар савобталаб инсонларнинг эҳсонларини муборак Ҳайит кунлари ўз манзилига етказишда деярли ягона имконли йўллардан бири бўлиб қолмоқда

Биз ушбу хизматнинг замонавий қушхонасига ташриф буюриб, Қурбон ҳайитига тайёргарлик қандай кетаётганини билишга ошиқдик.

- Қўйларимиз яхши шароитларда ҳалол боқилаяпти. Эртага бомдоддан кейин ҳаммасини сўйиб, 3 кун давомида карантин қоидаларига амал қилган ҳолда эгаларига тарқатамиз. Бу қўйларни саховатпеша инсонлар қурбонликка мухтож оилаларга тақсимлаб бериш учун ҳар жойдан беришаяпти, - дейди Qurbonlik.uz лойиҳаси иштирокчиси Бекзод.

Айни вақтда вилоятлардаги фаоллар ҳам тиним билаётгани йўқ. Риштонлик машҳур блогер Дима Қаюм ҳам ўзига ишониб топширилган қурбонликни эгаларига етказишга бел боғлаган.

- Қурбон ҳайити кириши арафасида дўстларимиз алоқага чиқишиб, биргаликда қурбонлик қилишни ният қилгандик. Ҳозирча 2 та қўйимиз бор, 100 килограммдан ошиқроқ гўшт қилади. Шуни икки килодан қилиб, кам таъминланган оилаларга ташлаб келиш ниятидамиз, - дейди блогер Дима Қаюм.

Блогер агар кўнгиллилар кўмагида гўшт билан бирга озиқ-овқат маҳсулотларини ҳам эҳсон қилиш режаси борлигини билдирди.

Россиядаги ўзбекистонликлар-чи, улар Қурбон ҳайитини қандай нишонлашмоқда?

Москва, Соҳиба Ҳаёт:

Россияда карантин чоралари енгиллаштирилган, аммо мамлакатда ҳали вирус тарқалиши ҳавфи сақланиб қолаётгани учун оммавий йиғинларга рухсат берилмаган.

Бу йилги Рамазон ҳайитидаги сингари Қурбон ҳайитида ҳам масжидларда оммавий намоз ўқилмайди. Москва жомеъ масжидидаги Ҳайит намози тўғридан тўғри эфирга узатилади.

Ҳар йилги ҳайитларда Владимир Путин Россия мусулмонларини қурбон байрами билан табриклайди.

«Ҳар бир мусулмон учун ушбу муҳим диний байрам - бу диний маънода тақводорлик, адолат ва раҳм-шафқат, яқинларимизга бўлган муҳаббат рамзи, Қуръони каримнинг асосидир», - деди бу йилги байрам табригида Россия Президенти.

Қурбонликка келсак, Москва шаҳри тартибларига кўра шаҳарда қўй сўйиш мумкин эмас. Шу боис қурбонлик учун қўйлар Москвага яқин вилоятларда сўйилиб, гўштлари келтирилади.

Ҳар йили Россиянинг турли ҳудудларида «Курбан-Фест» каби оммавий байрам тадбирлари ўтказилар эди. Бу йил вазиятдан келиб чиқиб, онлайн-тадбирлар ўтказилмоқда. Аммо хайит куни бир неча ресторан, чойхоналарда халққа бепул ош тарқатилмоқда. Жамоалар ва фондлар томонидан муҳтожларга ҳайр-эҳсонлар, болаларга ҳайит совғалари тарқатилаяпти.

Россия Дин ишлари бошқармаси маълумотига кўра, мамлакатда 25 миллиондан зиёд мусулмонлар яшайди. Ўзбекистонликлар эса асосан ишлашга келган меҳнат муҳожирлари бўлиб, уларнинг сони 1 миллиондан зиёд.

Пандемия ортидан меҳнат мигрантлари учун йил бироз оғир кечди. 4 ойлик карантин чекловларидан сўнг энди ишга қайтган муҳожирлар Ўзбекистондаги қатъий карантин шароитида қолган оилаларига кўмак беришаётганини билдиришди.

Марказий осиёлик мигрантлар Хайит кунлари жамоат намозларида фаол эдилар, аммо ҳаммалари ҳам қурбонлик қилишмайди. Мигрантлар сони кўп бўлган ишхоналарда асосан иш берувчилар мусулмон бўлишса, улар қурбонликни ишчиларига тарқатишади. Ёки муҳожирлар ўртада пул тўплаб қўй олишади ва қурбонлик қилишади.

- Биз кўпчиликмиз, юк ташувчи бўлиб ишлаймиз Ҳар йили қўй сотиб олиб, ўзимиз сўйиб ишчиларга тарқатамиз, - дейди Балашиха туманидаги чўпонлардан қўй олишга келган муҳожир.

Бу йилги қурбон ҳайитини қандай ўтказишаётгани ҳақида Москвадаги меҳнат муҳожирларидан бири билан Скайп орқали гаплашдик.

- Еттинчи йилки, ҳайитларни Москвада кутиб олишим. Ҳар йили масжидларга чиқардик, жамоат намозларида иштирок этардик. Москва вилоятидаги укаларим билан бирга қурбонликлар ташкиллаштирардик. Карантин муҳожирликдаги ҳаётимизга ҳам таъсирини ўтказди, бу йил ишчиларимиз йўқ, ёлғиз қолдим, - дейди самарқандлик меҳнат муҳожири Баҳтиёр Турсунов.

Бу йилги Қурбон ҳайити кунларида Россиядаги ўзбекистонликлар билан боғлиқ бир вазиятни ҳам таъкидлаш лозим.

Бугун юзлаб ўзбекистонликлар Россия-Қозоғистон чегарасида ватанига қайтишни кутиб очиқ далада, озиқ-овқатдан қийналган ҳолда Ҳайитни ўтказишмоқда.

Ораларида ёш болалар, кекса ёшлилар ва ҳомиладор аёллар бўлган ўзбекистонликлар ватанга қайтиш учун ҳамон Ўзбекистон ҳукуматининг кўмагини кутиб, катта йўл ёқасида қуриган шох-шаббалардан ясалган чодирларда оғир бир шароитда яшаб Ҳайит байрамни қаршилашмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek