Ўзбекистон: 200 минг мактаб битирувчиси нима қилсин? O'zbekiston

Published
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Ўзбекистонда бугун ёшларнинг на олий таълим олиши, на дуруст маошли иш топиши учун шароит қониқарли.

Расмийлар ҳамон "1000, 10 минг киши иш билан таъминлади (!) " деган отчётлар билан банд, аслида нечта иш ўрни яратдингиз, деган саволга атиги 50, 100 та деган жавобни оласиз.

Жойлардаги ҳокимлар ишсизлик муаммосини ҳал этишнинг ўрнига ҳали ҳам "юқорига чиройли отчёт ёзиб юбориш" билан банд эканларининг бир исботи бу йил қанча ёш на ўқиш, на ишсиз қолиши ҳақидаги рақам дейиш мумкин.

14 июлдаги видеоселектор мажлисда Президент Шавкат Мирзиёев бу йил мактабни битирадиган 200000 ўғил-қизнинг бандлигини таъминлаш зарурлиги ҳақида айтган бўлса, бошқа бир мулозим 170000 деган рақамни келтирди.

Президент иштирокидаги мажлисда айтилишича, "жорий йилда умумтаълим мактабларини 452000 ўғил-қиз тамомлайди. Уларнинг 70 минги олий таълим, 85 минги профессионал таълимга киради. 95 мингдан зиёди ишга жойлашган тақдирда ҳам яна 200000 га яқин ёшларнинг бандлигини таъминлаш зарур".

14 июлги маълумотларга кўра, 938952 абитуриент олий ўқув юртларига ҳужжат топширганлар. Агар олий ўқув юртларидаги жойлар сони 70000 ни ташкил этса, бу йилги қарийб 1 миллион ёшнинг 930 минги институт, университетларнинг даргоҳларидан умидсиз қайтадилар, деганидир.

Ўзбекистонда олий таълим дефицит. 2018 йили жами ҳужжат топширганларнинг атиги 9 фоизи ўқишга киролган.

Бу йил эса ўқишга киролганларнинг сони жами абитуриентларнинг янада кам - 7 фоизини ташкил этиши мумкин.

Би-би-си Ўзбекистондаги ўқишга кириш мушкуллиги ҳақида икки йил олдин лавҳа тайёрлаган, орада қатор хорижий олий ўқув юртларининг мамлакатда филиаллари очилгани, буткул янги олий даргоҳлар ташкил этилганига қарамасдан, талабалик ўринлари сони 59 мингдан 70 мингга етди, аммо бу Ўзбекистондек мамлакат учун ҳамон жуда оз.

Бунинг устига ўша 70000 ўриннинг анчаси ўқишга кириш имтиёзлари бор тоифадагиларга банд қилинган.

Ўзбекистон "ёш" мамлакат - аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил этиши айтилади. 1997 йилги Кадрлар тайёрлаш дастури деб номланган сиёсат ёшларга на билим, на ҳунар бергани бугун эътироф этилаяпти, миллионлаб ўзбекистонликлар Россияга гастарбайтер бўлиб кетишига сабаб бўлган омиллардан бири ҳам шу.

Президент Мирзиёев қудратга келганидан кейин бандлик ва ёшларнинг таълимига эътиборни кучайтирган, мамлакатда Ёшлар ишлари агентлиги тузилиши бу йўналишдаги муаммоларни ҳал этишга ёрдам беради деб умид қилинаяпти.

Президент Мирзиёев 2020 йил охиригача 136 та касб-ҳунар ўргатиш маскани, қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш курсларини ташкил этишга фармон берди.

Шунда бу йил мактабни битирган 200 минг, ўтган йили ўқишлардан йиқилган бир неча юз минг ёшлардан яна саноқлиларинигина ҳунарли қилиш, бир неча ойдан кейин ишли қилиш имконияти пайдо бўлади.

Қолганлар-чи?

Йил бошида "Россияга бориб пул ишлаб келаман" дейиш мумкин эди, бугун коронавирус туфайли ишсиз, пулсиз қолган Россиядаги ўзбекистонликлар ватанга қайтишга қийналиб қолганлар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek