You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Масъуллар одамларни қўрқитишмоқчи(ми)? – O’zbekiston, koronavirus
Ўзбекистон: Масъуллар одамларни қўрқитишмоқчи(ми)? - Ўзбекистонда сўнгги ҳафталарда коронавирус ҳоллари кескин ортди. Кундалик рақамлар рекорд даражага етди. Мавжуд ҳолат одамлар орасида худди шу каби гап-сўзларни пайдо қилди. Масъуллар расман раддия беришгача боришди. Бунақаси шу пайтгача кузатилмаган.
Бир кунда аниқланган коронавирус ҳоллари икки юздан ортди.
Кеча, пайшанба куни ҳатто қарийб уч юзтага яқинлашди.
Бу каби рақамлар расмий хабарларда ўз ифодасини топди.
Коронавирус аҳоли орасида тарқалишни бошлади, манбаси номаълум бўлган ҳолатлар сони ошди.
Мавжуд вазиятга тиббиёт масъуллари қолиб, орада мамлакат президентининг ўзи эътибор қаратди.
Барчани яна бир бор коронавирус хавфидан огоҳлантирди.
Юмшатилаётган эса-да, барчани карантин чораларига қатъий риоя этиш, ниқобни юздан қўймасликка чақирди.
Бу аҳоли орасида масъуллар рақамларни атайдан бўрттириб кўрсатишаётганига оид фикрларни ҳам пайдо қилмай қолмади.
Уларга кўра, масъуллар шу йўл билан ўзларини карантин чораларига амал қилишга ундашмоқчи.
Мавжуд ҳолатга ҳатто ўзбекистонлик бош масъулларнинг ўзлари эътибор қаратишди.
Яқинда хосан раддия билан ҳам чиқишди.
Бунақаси Ўзбекистонда коронавирус расман қайд этилган ўтган 15 мартдан буён кузатилмаган ва худди шуниси билан кўпчиликнинг диққатини ўзига тортди.
Расмий раддия
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков "Ўзбекистонда рақамларни бўрттириб кўрсатиш ёки каттароқ рақамларни айтиш ҳеч қачон соҳа вакилларининг мақсади бўлмаган"ини айтди.
"Энг асосийси - бизда касалликни яширишга уриниш йўқ", деркан, ўзбекистонлик масъул рақамларни бериб боришдан мақсадлари одамларни хавотирга солиш эмас, уларни ҳушёрликка чақириш эканини таъкидлади.
Унга кўра, дунё бўйлаб қайд этилган рақамлар билан қиёслаганда, Ўзбекистондагиси бирмунча паст.
Масъул бунинг сабабини аҳоли билан олиб бораётган тушунтириш, тарғибот ишлари ва соҳа ходимларининг саъй-ҳаракатлари натижаси билан изоҳлади.
Нурмат Отабеков "асосий мақсадлари - эпидемик вазиятни жиловлашга қаратилган"ини қайд этди.
Унга кўра, касалликнинг аҳоли орасида кенг кўламда тарқалиб кетишининг олдини олиш йўлида лозим барча чоралар кўрилмоқда.
Аҳолига тўғри маълумотни ўз вақтида етказиб беришга ҳаракат қилишмоқда.
Ўзбекистон ва коронавирус
Бугунга келиб Ўзбекистонда жаъми рақамлар расман 7 мингдан ортган.
Ўзбекистон Қозоғистондан кейин минтақанинг энг кўп коронавирус тарқалган иккинчи давлати бўлиб турибди.
Ҳатто, шунда ҳам, Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ ҳақиқий рақамлар айтилганидан кўра кўп эканига оид хавотирлар ҳам йўқ эмас.
Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг йирик давлати бўлади.
Расмий ҳисоб-китобларда жаъми ўзбекистонликлар сони 34 миллиондан ортади.
Ўзбекистон яқин-яқингача минтақанинг коронавирусдан энг кўп бемор соғайган давлати экани кўрилган ва ҳали-ҳануз энг кам ўлим ҳолати қайд этилган мамлакати бўлиб турибди.
Мамлакат масъуллари эса, яқин-яқингача коронавируснинг иккинчи тўлқинига оид хавотирларни расман рад этиб келишган.
Канададан асли ўзбекистонлик микробиолог Обид Мамадалиевнинг айтишича, рақамлардаги сакраш табиий бир ҳол.
Мутахассис Ўзбекистондаги сўнгги ҳолатни қатор омиллар билан боғлаб тушунтиради.
Унга кўра, бу, биринчидан, сўнгги ҳафталарда яна четда бўлган минглаб ўзбекистонликларнинг ортга қайтарилаётгани билан боғлиқ.
Иккинчи омили - одамлар томонидан ижтимоий масофа сақламаслик ва санитария-гигиена қоидаларига риоя этмасликдир.
"Учинчи омилига келсак, Ўзбекистон тиббиёти, тиббиёт ходимлари коронавирусни аниқлаш борасида етарлича тажрибага эга бўлишди".
"Менимча, яна иссиқ келиши билан коронавирус ўз-ўзидан чекинади деган умидда, мутасаддилар томонидан ёз мавсумига етарли даражада тайёргарлик кўрилмагани ҳам бунга сабаб", дейди мутахассис.
Ўзбекистон ва истиқбол
Ўзбекистон минтақанинг энг кўп - миллионлаб сондаги фуқаролари четда турли иш, юмуш ва таҳсилда банд давлати бўлади.
Айнан улар аксарияти ҳозир бўлганлари эса, дунёнинг энг кўп коронавирус тарқалган мамлакатлари экани кўрилади.
Глобал коронавирус пандемияси четдаги ўзбекистонликларни ҳам оғир вазиятда қолдирган, кўпчилик ортга қайтиш истагида.
Ўзбекистон шу кунларда ҳам ўн минглаб фуқароларини ортга қайтариш ҳаракатида.
Устига устак, Ўзбекистон дунёнинг ёзи жазирама иссиқ давлатларидан бири саналади.
Бу каби об-ҳаво шароитида аҳолининг карантин чораларига қанчалик қатъий риоя эта олишларининг ўзи жиддий эътибор талаб савол, мавзу ва муаммолардан бири бўлади.
Коронавирусга қарши вакцина ҳали-ҳануз тайёр эмас, касалликни тўлиқ даволаши мумкин бўлган дори-дармонлар ҳам деярли имконсиз.
Нурмат Отабеков шу ой бошида kun.uz интернет нашри билан суҳбатида "Ўзбекистон коронавирус тарқалишининг энг ёмон сценарийсига ҳам тайёр"лигини баён қилганди.
Худди шу манзарада Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти Қозоғистон ва Қирғизистондаги коронавирус билан боғлиқ хавфли тенденсиядан ўз хавотирларини изҳор этиб чиқди.
Ташкилотга кўра, карантин чоралари юмшатилиши ортидан, бу икки давлатда ҳам вирусга чалинганлар сони жадаллик билан орта бошлаган.
Ўзбекистоннинг ҳам шунга ўхшаш вазият вужудга келаётган айрим ҳудудларига қатъий карантин чораларини қайтараётгани кўрилди.
Худди шу бугун Америка Қўшма Штатлари ва Эрондаги ҳақиқий рақамлар ҳам айтилаётганидан кўра бир неча бор юқори бўлиши мумкинлигига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.
Дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони эса, қарийб 10 миллион кишига яқинлашган. Уларнинг ярим миллионга яқини ҳаётдан кўз юмган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek