Ҳукумат табиий офат ҳақида нега жим? Туркманистонда нималар бўлганди? - O'zbekiston, Buxoro

Published
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ҳукумат табиий офат ҳақида нега жим? Туркманистонда нималар бўлганди? - Хавотирлар халқаро миқёсга чиққан. Туркманистон ортидан Ўзбекистон ҳам саҳна бўлган бу табиий офатлар бир кишини ўлдирган, ўнлабини яралаган, жиддий моддий талафотларга сабаб бўлган. Ҳатто шунда ҳам бунга фақат расмий маълумотлар далолат қилган.

Табиий офат шу йилнинг 27 апрель кечаси юз берган. Унга айнан Туркманистондан кириб келган кучли шамол оқими сабаб бўлгани айтилган.

Кучли шамол ва ёғингарчиликлар Ўзбекистоннинг қатор вилоятларини ўз забтига олган, энг кўп Бухоро вилояти жабр кўрган, вазиятни ўрганиш учун у ерга, ҳатто, мамлакат президентининг ўзи зудлик билан етиб борган.

Минглаб турар-жой, савдо дўконлари, маъмурий бинолар, маданий мерос ва спорт объектларига зиён етган.

Ўн минглаб дарахтлар синган, қулаган, юзлаб автотранпортга зиён етган, электр ва газ таъминотида узилишлар юз берган.

Табиий офат оқибатларини ўрганиш ва бартараф этиш учун ҳукумат комиссияси ва махсус штаблар тузилган.

Президент Мирзиёев уни " юз йилда кузатилмаган офат"га қиёс берган.

Бу - Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистонда коронавирус расман қайд этилган 15 мартдан буён илк бор бир вилоятга сафар қилиши бўлган.

Бунга Ўзбекистонда коронавирус боис амалда бўлган кучайтирилган тартиб ва карантин режими ҳам тўсқинлик қила олмаган.

Президент Мирзиёевнинг Бухорога сафарига оид хабар худди ана шу фонда фавқулоддалик касб этган.

Бухоро вилоятида кучли шамол оқибатида рўй берган талафотларни қоплаш учун давлат бюджетидан 100 миллиард сўм ажратилиши айтилган.

Шу кунларда вилоятдаги 70 фоиз ижтимоий объектлар, 20 фоиз аҳоли хонадонларининг томи ёпилганига оид хабарлар олинган.

300 мингга яқин аҳолининг электр таъминоти қайта тиклангани ҳам маълум бўлган.

Худди шу манзарада табиий офат айрим мустақил интернет нашрларида Туркманистоннинг қатор шарқий вилоятларида ҳам жиддий талафотларга сабаб бўлганига оид хабарлар бўй кўрсатган. Уларга суратлар ва видеолар ҳам илова қилинган.

Аммо орада кечган вақт давомида расмий Ашхобод ва Туркманистоннинг давлат оммавий-ахборот воситалари ҳам жим қолгани ва қолаётгани кўрилган.

Худди шунинг ўзи ҳам қатор минтақавий нашрларнинг диққат-эътиборини ўзига тортмай қолмаган, бу хусусда Ўзбекистонда ҳам ёзилганди.

Сукунат

Туркманистондаги бу каби вазиятга алал-оқибат "Хьюман Райтс Вотч" халқаро инсон ҳақларини сақлаш ташкилоти ҳам эътибор қаратгани маълум бўлган.

Халқаро ташкилот бу хусусда махсус ҳисобот-баёнот билан чиққан.

Уни "Туркманистон ҳукуматининг бўрондан кейинги сукунати" - бўрон жабрдийдаларига цензура эмас, ёрдам керак, деб номлаган.

Ўзларига имконли бўлган маълумотлар асосида Туркманистондаги табиий офат кўлами ва оқибатларига оид тафсилотларга ҳам ойдинлик киритгандек бўлган.

Халқаро ташкилотнинг ёзишича, кучли шамоллар Туркманистоннинг икки шарқий вилояти - Лебап ва Марини ўз забтига олган.

Бу - "Туркманистонда ўтган ўн йилча вақт ичида кузатилган энг ёмон табиий офат бўлган".

"Одамлар унда қурбон бўлган яқинларини тупроққа қўйиш, вайрон бўлган уйларини тиклаш билан овора ва ҳалак экан, ҳукумат, давлат ва ҳатто хусусий матбуот ҳам бу ҳақда сукут сақлашни афзал билмоқда", - деб ёзган халқаро ташкилот.

"Цензура" нимага олиб келиши мумкин?

"Хьюман Райтс Вотч"нинг ёзишича, туркманистонлик масъулларнинг цензураси табиий офат етказган моддий ва инсоний талафот кўламига ойдинлик киритишни қийинлаштирган.

"Озодлик" радиоси 30 кишининг ўлимини тасдиқлагани ҳақида ёзди. "Turkmen news" ўзи сўзлашган тиббиёт мулозимига таяниб, Туркманободдаги қурбонлар сонини 300 га нисбат берди. Афтидан, шаҳардаги аксарият биноларга ҳам зиён етган. Кучли шамол ва сув тошқинларидан, айниқса, кичик шаҳарлар жиддий зарар кўрган. Бунга имконли бўлган видеотасвирлар далолат қилади, - дейди халқаро ташкилот.

Худди шу ўринда "Хьюман Райтс Вотч" табиий офат ортидан, озиқ-овқат тақчиллигидан шундоқ ҳам зиён чекиб келган Лебапда мазкур муаммонинг янада чуқурлашиши, айниқса, ночорликда яшаётган одамларга қийин бўлиши мумкинлигидан ўз хавотирларини ҳам билдирган.

Четга чиқиб кетмасин

"Хьюман Райтс Вотч"нинг ёзишича, туркманистонлик масъуллар табиий офат оқибатлари акс этган тасвирларнинг четга чиқиб кетишига ҳам тўсқинлик қилишга уринишган.

Халқаро ташкилот ўз хулосасида Прагада жойлашган "Туркман фуқароларининг ҳақлари ва эркинликлари" ташкилотига таянган.

Маълум бўлишича, бу ташкилот хавфсизлик хизматлари томонидан "видеоларни четга сиздириш"да айбланиб яна бошқа 29 киши билан бирга икки кун ҳибсда тутиб турилган аёл билан суҳбатлашишга муваффақ бўлган.

Худди шунга ўхшаш ҳолат Лебап маркази Туркманободда юз берганига оид хабарлар ҳам олган.

"Turkmen Initiative for Human Rights" гуруҳи эса, полиция ходимларининг машиналарда табиий офат оқибатларини уяли телефонларига тасвирга олаётган одамларни кузатишаётгани ҳақида хабар берган.

"Кифоя эмас"

"Хьюман Райтс Вотч"нинг ёзишича, ҳозирга келиб, Туркманободнинг бир қисми ва баъзи шаҳарларда коммунал хизматлар қайта тикланган.

Ҳарбий хизматчилар вайроналарни тозалашга ҳам киришишган.

Балки, расмийлар жабрдийдалар учун қурилиш маҳсулотларини арзонлаштирилган нархда етказиб беришлари ҳам мумкин.

Чунки маҳаллий масъуллар одамларни тезроқ уй-жойларини тиклаш олишга ундашаётганига оид хабарлар бор.

Бошқа бир хабарлардан англашилишича, ҳукумат табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун давлат хизматчиларининг бир ойлик маошларини ушлаб ҳам қолиши мумкин, - дейди халқаро ташкилот.

"Хьюман Райтс Вотч"нинг сўнггида таъкидлашича, Туркманистон асосий диққат-эътиборини ўз ҳудудларидаги воқеаларни тасвирга олаётган одамларнинг ортидан тушиш эмас, айниқса, табиий офат ортидан, барча жабрдийдаларга лозим даражада ёрдам беришга қаратиши лозим.

Халқаро ташкилотга кўра, Туркманистонда ҳали-ҳануз матбуот эркинлиги йўқ - давлат матбуоти устун.

Масъуллар аксарият мустақил ва Ғарбники бўлганларини блоклашади.

Хавотирли ва мунозаралари хабарларни бермасликлари учун сохта айбловлар билан одамларни қамоққа ташлаш билан қўрқитишади.

Прокси йўллар билан "ҳужумга тутишади", яқинларига таҳдид қилишади.

Ҳам Туркманистон ва ҳам Ўзбекистондаги кетма-кет табиий офатлар глобал коронавирус пандемияси манзарасида юз берган.

Туркманистонда ҳозирча расман бирор бир коронавирус ҳолати расман қайд этилмаган.

Орада расмий Ашхободнинг коронавирус ва Рамазон ойи боис, аввал Афғонистон, кейин Россияга ҳам инсонпарварлик ёрдами юборганига оид хабарлар олинган.

Шу соатларда эса, айрим минтақавий нашрларда Сардобадаги ҳалокат боис, Туркманистоннинг Ўзбекистонга ҳам кўмак бериш режасида эканига оид хабарлар бўй кўрсатган.

Кеча, чоршанба куни Ўзбекистон Президентининг туркманистонлик ҳамкасби билан телефон орқали гаплашиб олгани расман хабар берилган.

Ўзаро мулоқот чоғида Сардоба сув омборидаги фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш билан боғлиқ масалаларга ҳам тўхталиб ўтилгани айтилган.

Коронавирус инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ эпидемиологик вазият хусусида ҳам фикр алмашилгани маълум бўлганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek