You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Маҳалла вазирлиги керакми? - O'zbekiston
Сўнгги уч йилда Тошкент ва бошқа шаҳарларда ўнлаб эски маҳаллалар бузиб ташланди.
Энди эса анъанавий маҳалла тушунчасининг ўзи ҳам ўзгаришларга юз тутмоқда.
Маҳалла эндиликда фақат "справка берадиган идора" эмас. Бутун-бошли вазирлик тузилмаси.
Ўзбекистон маҳалла ва оила вазирлиги ташкил этган дунёдаги биринчи давлат бўлди.
Мақсад - маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш.
40 минг кишилик армия
Ўзбекистоннинг молия ва банк тизимида ишлаган собиқ мулозим, тадбиркор Абдулла Абдуқодировнинг Би-би-сига шарҳлашича, янги вазирлик маҳалладан тортиб, республика даражасигача бўлган 40 мингдан ортиқ ходимни бирлаштиради.
"Вазир - "Маҳалла" жамғармасига, вазирнинг биринчи ўринбосари - "Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш" жамоат фондига, Кексалар ва фахрийлар бўйича ўринбосар "Нуроний" жамғармасига раисликни ҳам бажаради.
Вазирнинг биринчи ўринбосари оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалаларга, бошқа ўринбосари кексаларни ижтимоий рағбатлантириш, ёшларда ватанпарварликни мустаҳкамлаш масалаларига, ва ниҳоят, оилавий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш масалаларига масъул яна бир вазир ўринбосари бўлади.
Вазирликнинг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари бошлиқлари бир вақтда тегишли ҳокимнинг ўринбосари ҳисобланади.
40 минг сонли ишчилар армияси эга бўлган янги давлат бошқаруви органи яратилиши, энг аввало, моддий базани яратишни кўзда тутади. Яъни:
•12000 га яқин махалла марказлари биноси бўлишини;
•Турли шаҳар ва туманларда вазирлик худудий бўлимларининг ҳамда Тошкентда вазирликнинг ўз биноси бўлишини, уларни сақлаш ва таъмирлаш масалаларини ҳал қилишни;
•Тегишли равишда компьютерлар, серверлар, иш машиналари, юк машиналари, иш жиҳозлари, ёқилғи ва бошқа моддий-техника таъминоти масалалари ҳал бўлишини;
•40000 тадан ортиқ ходимларга маошлар тўлаш масаласини ҳал этишни назарда тутади.
Йўқ қилинаётган турли бошқа институтлар ва вазифалардан эришилган иқтисод бу харажатларни қоплайдими, йўқми? Тахмин қилишимиз мумкинки, йўқ.
Демак, бу яна 2019 йил сўнггида тасдиқланган Давлат бюджети бажарилишига салбий таъсир кўрсатади".
Репрессиялардан хавотир
Янги вазирлик раҳбарларидан икки нафари амалдаги ва собиқ ИИВ генералларидир.
Ўзбекистоннинг бир пайтлар қудратли солиқ идораси раҳбари Ботир Парпиев ҳам шу асно ҳукуматга қайтарилган- Президент қарори билан янги вазирнинг ўринбосари лавозимига тайинланганини ўтган ҳафта Би-би-сига унинг ўзи шахсан тасдиқлади.
Вазирликнинг шаҳар ва вилоят бошқармалари раҳбарлари орасида ҳам ички ишлар ва прокуратурадан чиққанлар талайгина.
Бу нимадан далолат беради?
Лондондаги Осиё, Африка ва Яқин Шарқ институти (SOAS) тадқиқотчиси Алишер Илҳомовнинг фикрича, ўзбек маҳалласи янги вазирлик ташкил этилгунига қадар ҳам ҳокимият органларининг кўрсатмасини бажарадиган тузилмага айланиб бўлган эди.
"Маҳалла вазирлиги бу жараённинг кульминацияси бўлди", - дейди таҳлилчи.
"Маҳалла вазирлигини ташкил этиш тўғрисидаги қарор ҳукумат маҳаллани фуқаролар ташаббус билан чиқадиган платформадан кўра кўпроқ полиция давлати инструменти деб кўраётганининг яна бир ифодасидир. Маҳалла фуқаролар йиғинлари тобора анъанавий тарзда ўзлари эга бўлган салоҳиятдан узоқлашиб, тепадаги ҳокимият органларининг кўрсатмасини бажарадиган тузилмага айланмоқда. Агар улар фуқаролар ўз-ўзини бошқариш органи бўлса, вазирлик даражасидаги йирик бюрократик тузилма нима учун керак? Маҳаллаларни таъбир жоиз бўлса, "давлатлаштириш" ва давлатнинг фуқаролар шахсий ҳаётининг барча жабҳаларига фаол аралашиш жараёни анча аввал бошланган. Вазирлик ташкил этилиши эса бу жараённинг энг юксак чўққиси бўлди. Бугун маҳалалар ҳеч бир кўринишда оддий фуқаролар манфаатини ҳимоя қилмайди. Улар ҳокимият берадиганг сонсиз-саноқсиз топшириқларни бажаради ва фуқароларга эмас, балки маҳаллий ҳокимиятга ҳисоб берадилар. Одамлар маҳаллани ўзларига ёрдамчи деб эмас, балки уларнинг шахсий ҳаётлари ва мол -мулклари дахлсизлигига таҳдид соладиган, сиёсий назорат олиб борадиган, уларнинг устидан милиция, прокуратура ёки хавфсизлик идораларига чақимчилик қиладиган орган сифатида кўришади. Маҳалла фуқаролар йиғини раислари сайловини ҳам демократик деб бўлмайди. Амалда маҳалла раислари ҳокимлар томонидан тайинланади. Шунинг учун маҳаллани фуқаролик жамиятининг бир кўриниши деб бўлмайди. Бу маънодаги анъанавий маҳалла аллақачон ўлган ва у формал жиҳатдан мавжуд,холос. Ҳақиқатда эса, сиёсий тузумнинг иродасини ҳаётга тадбиқ қиладиган бир орган, холос. Буни ҳам раҳбарият ва ҳам маҳаллий даражада янги вазирликка кўпгина ҳолларда, ички ишлар ва бошқа куч тизимларидан чиққан кадрлар тайинланаётганининг ўзи ҳам айтиб тарибди. Ўтмишда репрессив аппаратнинг бир қисми бўлган бу одамлар фуқаролик жамияти билан мулоқот қилиш тажрибасига эга эмас. Улар фақат куч ишлатиш ва назорат қилиш тажрибаси билан мақтаниши мумкин, холос. Мен янги вазирликни Ўзбекистонда ҳақиқий фуқаролик жамиятини яратиш йўлида олдинга эмас, балки орқага қўйилган қадам, деб биламан. Ҳукумат ҳақиқий фуқаролик ташаббусига асосланган гуруҳларни эса ўзига хавф сифатида кўришда давом этмоқда, уларнинг рўйхатдан ўтишига қаршилик қилмоқда. Фуқароларнинг бу каби эркин ташаббусларига ўтган йиллардаги каби фақат жиноий кодекс доирасида ёндошилмоқда, холос. Назаримда, янги вазирликнинг ташкил этилиши билан бу тенденция кучаяди".
Абдулла Абдуқодировнинг фикрича, маҳалла вазирлигидан мақсад қанчалик эзгу бўлмасин, янги тузилма репресия қуролига айланмаслигига кафолат йўқ.
"Янги вазирлик расмий мақоми бир бўлиб, моҳияти ўзга нарсага айланмаслигига, аҳоли эркинлиги устидан назорат ва репрессия қуролига айланмаслигига ҳеч қандай кафолат йўқ. Вазирлик раҳбар лавозимларига собиқ ички ишлар вазирлиги ходимлари тайинланиши бу хавотирларнинг ўринли эканлигини билдиради.
Шу билан бирга, маҳаллада озодалик, ободончиликни таъминлаш, йўллар, ариқлар ва бошқа турли коммуникация иншоотларини иш ҳолатида тутиш катта маблағлар ва оддий ижро интизоми бўлишини талаб қилади. Бундай вазифаларни қаттиққўлликсиз амалга ошириш ҳам бир муаммо.
Хуллас, дилемма бор", - дейди Абдулла Абдуқодиров.
Собиқ депутат Қобул Дўсов маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳокимият ва айниқса, куч тизимларининг "дастёри"га айланганига ўз тажрибасида гувоҳ бўлганини айтади.
"Нечта рўмол ўраган аёл бор, нечта намозхон бор, аҳолига справка ва ёрдам пули берадиган, давлат дотацияси ва фуқароларнинг иш ҳақидан мажурий фоиз олиб, баъзи ташкилотларга информаторлик вазифасини бажарадиган ташкилотга айланганди", - дейди у Би-би-си билан суҳбатда.
Унинг фикрича, ҳозирда маҳаллаларнинг моддий таъминоти бироз яхшиланган.
Кинорежиссёр ва фаол Абдулазиз Маҳмудов ҳам янги вазирликнинг ташкил топиши билан фуқаролар устидан яна битта назорат органи пайдо бўлмоқда, деган фикрда.
"Жабрдийда халқимиз устидан яна битта назорат органи пайдо бўлаётир. Бу қарор ҳокимият, ИИВ ҳамда ДХХнинг дастёрига айланган анъанавий маҳалла институтининг янада бузилишини англатади. Худди "касал" дарахтларни кесиш дарахтларга оммавий қирон келтиргани ёки уй-жой қурилиши оммавий сносларга айланиб кетгани ё-да "кластер"лар фермерни янада қашшоқлаштиргани сингари", - дейди Абдулазиз Маҳмудов.
Янги вазирлик таркибига киритилган Республика "Нуронийлар" жамғармаси раисининг ўринбосари, журналист Шароф Убайдуллаев бу фикрларга қўшилмайди. Унинг фикрича, Маҳалла ва оила вазирлиги "ортиқчалик қилмайди.".
"5-10 процент одам милициядан, ҳуқуқ-тартибот идораларидан келган бўлиши мумкин. Лекин ҳуқуқ-тартибот идораларининг ичида ҳам арзигулик одамлар кўп. Прокуратурада ҳам "бўрилик"дан, "каламушлик"дан анча узоқдаги одамлар бор, Худога шукур. Касбига қараб хулоса қиладиган бўлсак, янглишамиз. Қайси касбда бўлишидан қатъий назар, янги Ўзбекистоннинг юкини зиммасига олишга қобилиятли одамлар бор. Янги, бирлашган тизим ортиқчалик қилмайди. Ҳозир маҳалла фуқаролик органи бўлишдан тўхтаб қолаётгани йўқ. Аксинча, фуқаролик жамияти, яъни маҳалла ҳозирда раҳбарликка келмоқда", - дейди Шароф Убайдуллаев.
Янги "вертикал"
Абдулла Абдуқодировнинг фикрича, маҳалла институтини давлат бошқарувига киритиш уриниши анча аввал, 1990-йиллардан бошланган.
"Маҳалла раисларига маош белгилаш, маҳалла раисларини маҳаллий хокимият органларига бириктириб қўйиш, уларга вазифалар белгилаш ва ҳисобот талаб қилиш ана шу уринишларнинг юзаки кўриниши эди, холос.
Кейинги уч йил ичида маҳалла потенциалини ижобий қўллаш, унинг обрўсини кўтариш борасида қатор ишлар олиб борилди: ажралиш арафасида бўлган оилаларни яраштириш комиссиялари, маҳаллада яшаётган қашшоқ оилаларнинг моддий аҳволидан хабар олиш каби хайрли ташаббуслар киритилди.
Шу билан бирга, маҳаллада юз бераётган жараёнларни ўрганиш ва маҳалланинг яшаш тарзини яхшилаш борасида турли уринишлар ўзининг самарасини бермаётган эди. Маҳаллий хокимият органлари кўпроқ тадбиркорликни ривожлантириш миссиясини бажаришга жалб этилган бир вақтда, юқоридаги "миссияни" бажарадиган масъул давлат органи йўқ эди. Ана шундай масъул вертикал ички тузилишга эга бўлган давлат ташкилотини тузиш Президент Қарорининг асосий мазмуни, деб айтиш мумкин.
Аммо шу билан бирга, Президент фармони жамиятнинг кўпгина саволларини жавобсиз қолдиради", - дейди Абдулла Абдуқодиров.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek