Ўзбекистон: Мирзиёевнинг қудратли идораси коррупцияни йўқота оладими? O'zbekiston

Published

Президент Шавкат Мирзиёев фақат ўзига ва парламентга ҳисоб берувчи коррупцияга қарши курашиш идорасини тузишни бошлади. Мутахассислар ушбу тузилма ташкил қилинаётганини олқишламоқда. Бироқ уларга кўра, коррупцияни камайтириш учун қудратли идора тузилишининг ўзи камлик қилади.

Президент бошчилигида 11 феврал куни ўтган йиғилишда ушбу тузилма қандай бўлиши ва унда жамоатчилик назоратининг роли ҳақида гаплашилган.

Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш мақсади-да кўплаб қонун, қарор ва фармойишлар чиққан.

Бироқ коррупция йўқ бўлиш ўрнига у палак отаверди.

Коррупцион ишларга Каримов даврида ҳатто давлат раҳбарининг қизи ҳам аралашгани, янги даврда эса бир неча Бош прокурор ва уларнинг ўринбосарлари коррупцияда айбланиб қамалгани ушбу муаммонинг кўламини кўрсатиб беради.

Янги тузилма қудратли бўлиши айтилаётган бўлса-да, ҳозирча у қандай шаклдаги идора бўлиши ҳақида расмий хабар берилгани йўқ.

Лондонда истиқомат қилувчи таҳлилчи Алишер Илҳомов коррупцияга қарши тузилаётган янги идора давлатнинг иродасини кўрсатиб берганини айтади.

"Коррупцияга қарши курашадиган агентлик тузиш ҳақида тўғри қарорга келишди. Бундай идоранинг мавжудлиги ҳар бир давлат учун стандарт талаб ҳисобланади. Лекин бу ҳали етарли эмас. Бу балки биринчи қадамдир", дейди Алишер Илҳомов.

Сиёсий таҳлилчининг таъкидлашича, шу вақтгача Ўзбекистон раҳбариятида коррупцияга қарши бундай масштабда курашни бошлаш учун сиёсий ирода етишмай келаётган эди.

Илҳомовнинг айтишича, ушбу идорага қандай ваколатлар берилиши ҳам муҳим масала.

"Коррупция содир этган амалдорни сўроқ қилишда ва ишларни қўзғашда ушбу идора мустақил бўладими? Яна қандай даражадаги амалдорларни коррупцияда айблай олади. Масалан, Украинада олдинги тузимда коррупцияга қарши курашиш идораси тузилди. Бироқ у ваколатида кўрсатилган вазифаларни бажаролмади. Чунки сиёсий ирода ва сиёсий қўллаб-қувватлов йўқ эди", дейди Алишер Илҳомов.

Таҳлилчига кўра ушбу тузилма ишлаши учун коррупцион ишларни кўриб чиқадиган мустақил судлар ҳам бўлиши керак.

Акс ҳолда ушбу тузилма шу вақтгача бўлганидек майда даражадаги коррупцион ишлар билан шуғулланадиган ташкилотга айланиб қолиши мумкин.

Президент матбуот хизматида йиғилиш бўйича ёзилган хабарда Соғлиқни сақлаш тизимидаги коррупцион муаммолар алоҳида кўрсатилган.

Кузатувчилар ҳуқуқ тартибот идоралари коррупцияга қарши курашиши мақсадида таълим ва соғлиқни сақлаш тизимидаги майда пора олди-бердисини бўрттириб ҳисобот беришини айтишади.

"Биз ҳам шунга ҳайронмиз. Соғлиқни сақлаш тизимида қайд қилинган коррупция оз, аммо нимагадир айнан бизни кўпроқ нишон қилишади. Балки бунинг ортида бизда ҳуқуқ-тартибот идораларида бўлганидек ваколатнинг йўқлиги ёки шундай шов-шувлар билан халққа кўпроқ ёқиш илинжида қилинадими, биз билмаймиз", дейди Би-би-сининг тиббиёт тизимидаги манбаси.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги юристи Руслан Махамадиев олдинроқ Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев томонидан тиббиёт тизимидаги коррупция борасидаги танқидларни маошларни солиштириб жавоб берганди.

"Прокуратура идорасини хизмат машинасини ҳайдайдиган ҳайдовчиларнинг ўртача маоши институтда 10 йил ўқиган, қонида СПИД ва гепатит С аниқланган беморни ҳам ўз ҳаётини хавф остига қўйиб операция қилишга мажбур бўлган врачникидан кўп бўлган бир шароитда тиббиёт ходимларини барчаси коррупционер дейишга қанчалик ҳаққимиз бор?", дея савол беради Руслан Махаммадиев.

Бош прокурор 2019 йил 25 декабр куни ўтказилган йиғилишда тиббиёт соҳасида коррупция "палак"отганини таъкидлаб, 2018-2019 йилларда 114 нафар шахс коррупцион жиноят содир этганлиги учун жавобгарликка тортилганлигини маълум қилганди.

Ниғматилла Йўлдошев Бектемир туман марказий поликлиникаси шифокори 150 минг сўм олганлиги учун жавобгарликка тортилганлигини мисол қилиб келтирган.

"Тизимда ишлайдиган 500 минг ходимдан бор-йўғи 114 нафари, яъни 0,02 фоизи (уям бўлса икки йил давомида) шундай тоифадаги жиноятлар учун жавобгарликка тортилганлиги тизимда коррупция "палак" отиб кетди дейишга асос бўладими? Ахир ўша 114 нафар "коррупционер"нинг ҳаммаси олган поранинг суммасини қўшиб чиқсак, Сиз раҳбарлик қилаётган идорада ишлаб кетганлар ("собиқлар")нинг энг кам пора олганидан ҳам кам сумма чиқди-ку", дейди Соғлиқни сақлаш вазирлигининг юристи Руслан Махаммадиев.

Вазирлик масъули "тиббиёт ходимларига 2,5 миллион сўм маошниям бера олмаяпмизми ҳеч бўлмаганда уни коррупционер дейишдан ўзимизни тийиб турайлик! Илтимос!", деган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek