You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Қувайт ва Дима Қаюм Риштондаги камбағалларга қандай ёрдам беришмоқда? Ўзбекистон O'zbekiston
Ўзбекистонлик блогер ва тадбиркор Дима Қаюм ўзи яшовчи Риштон туманида қароргоҳи Қувайтда жойлашган Халқаро Исломий хайрия ташкилоти билан ҳамкорликда хайрия тадбирини уюштирди.
1986 йилда асос солинган Халқаро Исломий хайрия ташкилоти мустақил ва ноҳукумат ташкилот бўлиб жаҳон бўйлаб беғараз хайрия амалларини ўтказади.
Дима Қаюм хабарига кўра, Осиё мусулмонлари қўмитасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси хамкорлигида "Камбағалликни йўқотамиз" шиори билан ўтган акцияда маҳаллий кам таъминланган оилаларга 150 дона газ балон, 150 дона печка ва 150 дона кўрпа совға қилинди.
Блогер Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг нутқидан руҳланганини айтади.
Президент Мирзиёев 24 январь куни Олий Мажлисда қилган нутқида Ўзбекистон учун ғайриоддий тарзда илк марта расман мамлакатда камбағаллар борлигини эътироф қилди.
"Ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда аҳолининг аксарият қисми етарли даромад манбаига эга эмаслиги сир эмас. Ҳар қандай мамлакатда бўлгани каби бизда ҳам кам таъминланган аҳоли қатламлари мавжуд. Турли ҳисоб-китобларга кўра, улар тахминан 12-15 фоизни ташкил этади. Бу ўринда гап кичкина рақамлар эмас, балки аҳолимизнинг 4-5 миллионлик вакиллари ҳақида бормоқда. Камбағалликни камайтириш - бу аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш бўйича комплекс иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, демакдир", - деди президент.