Ўзбекистон: Коронавирусдан диктант ёзиб, қутилиб бўладими? - O'zbekiston, Xitoy, koronavirus

    • Author, Аваз Тоҳиров
    • Role, Би-би-си, Тошкент
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Хитойда тарқалган коронавирус бутун дунёни хавотирга солмоқда. Мамлакатлар бу вирусга жиддий эътибор қаратмоқда. Хўш, ўзбекистонликлар бу вирус ҳақида нималарни билади? Вирус уларни қанчалик хавотирга солмоқда?Одамлар вирусдан сақланиш йўлларидан хабардорми?:

Январь ойининг сўнгги ўн кунлигидан буён дунёнинг асосий диққат марказида туриб келаётган коронавирус қурбонлари 600 нафардан ошди.

Хитойда бу вирусни юқтирганлар сони 31 мингдан ўтгани хабар қилинмоқда.

Давлатлар зудлик билан ўз одамларини Хитойдан олиб чиқишга уринмоқда.

Ўзбекистон ҳам Хитойдан ўз фуқароларини олиб келиб, уларни икки ҳафталик карантинга ташлаган.

Ўзбекистонликларнинг Хитойдан олиб келиниши мамлакатнинг ичида турли баҳсларни келтириб чиқарган.

Аксар одамлар бу қарор хато бўлганини таъкидласа, айримлар ватандошларни ортга қайтарилишини дастаклаган.

Шунингдек, одамлар орасида бу касалликнинг Ўзбекистонга ҳам кириб келишидан хавотир ортган.

Шундай экан, ўзбекларга бойлар, катта бизнесменлар ҳам ёрдам бериши керакми?

Ўзбекистонлик айрим мутахассисларга кўра, "ҳа"ва Ўзбекистонда коронавирус тўлиқ назорат остига олинди, дейишга ҳали эрта.

Ҳозир сарф қилинган юз сўм пул эртага сизнинг минг сўмингизни тежайди. Ўзбекистондаги бой кампаниялар, хусусий бизнеслар ҳам шаҳар, қишлоқ, туманлар, жамоат ва сув йўқ жойларда текин ниқоблар, қўл тозалаш воситалари тарқатишда кўмак беришса, шу йўлда бироз пул харжлашса ёмон бўлмасди, дейишмоқда улар.

Бу каби мутахассисларга кўра, ҳатто, коронавирусга қарши курашда қудратли Хитой ўзининг қўли калталик қилиб қолгани бунга бир мисол бўла олади.

Ўзбекистон аҳолиси минтақадаги энг каттаси бўлади.

Қарийб 34 миллион одамнинг аксарияти камбағаллик ва ишсизлик чуқур илдиз отган чекка қишлоқ ҳудудларида яшайди.

Худди шу манзарада одамлар коронавирусдан сақланиш йўлларидан қанчалик хабардор?

Бу вирусдан сақланиш йўллари одамлар орасида қанчалик кенг тарғиб этилмоқда?

«Ўзбек миллатига ҳеч қандай вирус юқмайди!»

Би-би-си одамларнинг коронавирус тўғрисида нималарни билишини ўрганиш мақсадида Тошкент шаҳрида сўровнома ўтказди.

Суҳбатга тортилган одамларнинг кўпчилиги «Хитойда шундай вирус тарқаётгани, уни Ўзбекистонга кириб келишидан қўрқаётгани»ни маълум қилди.

Одамлар Би-би-сига вирусдан юзга маска (тиббий ниқоб) тақиш орқали четланиш мумкинлигини ҳам билдирди.

Аммо улар, бир вақтнинг ўзида, ўзлари тилга олган хавфсизлик чораларига у қадар амал қилмасликларини ҳам тан олдилар.

Баъзи одамлар «ҳар эҳтимолга қарши» саримсоқ пиёз, мева шарбатлари истеъмолини кўпайтиргани, «кўпроқ исириқ тутатаётгани»ни айтади.

Ҳатто, Би-би-си гаплашган одамлар ичида коронавируснинг хавфига ишонмайдиганлар ҳам топилди.

"Эеэ, бўлмаган гап. Шов-шув, ваҳима қилишаверади. Аллоҳни ўзи асрайди", дейди ёши олтмишларга бориб қолган эркак.

«Ўзбек миллати - ҳали янги миллат. Бизга ҳеч қандай касаллик юқмайди», ишонч билан сўзлайди ўттиз ёшлардаги йигит.

Яна бошқа бир эркак «тоғлик жойда яшаши сабабли» ҳеч қандай касалликдан қўрқмаслигини таъкидлайди.

Шунга қарамай, асосан, аёллар фарзандларининг саломатлигидан хавотирга тушиб қолгани, уларни мактабга маскада жўнатаётгани ҳақида гапиради.

Вирусга қарши қурол - диктант?

Маҳаллий нашрлар ҳам коронавирус мавзусига жиддий эътибор қаратган.

Аммо маҳаллий матбуотда чиқаётган мақолалар, асосан, вирусга доир кундалик янгиликлардан иборат.

Уларда вирусдан сақланиш йўллари, у борасидаги илмий маълумотлар у қадар кўзга ташланмайди.

Бироқ Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Анвар Умаров мактабларда диктант кўринишидаги тарғибот ишлари бошланганини хабар қилган.

"Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мамлакатимизда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш, касалликнинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Аҳолини коронавирус касаллигидан муҳофаза қилиш учун тавсиялар ишлаб чиқилди. Мазкур тавсияларни ёш авлодга содда тилда етказиш мақсадида мактабларда диктант ёзиш тадбирлари ташкил этилди", деб ёзади Умаров ўзининг Телеграм каналида.

Унинг билдиришича, диктант ёзиш давомида ўқувчилар коронавируснинг юқиш йўллари ва унинг тарқалишини олдини олиш бўйича амалга оширилиши керак бўлган чоралар ҳақида маълумотлар олади.

«Жумладан, болаларга мунтазам қўл ювиш ва шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш кераклиги уқтирилмоқда», дейди матбуот котиби.

Гулистон Давлат Университети эса ўз расмий сайти орқали 4 февраль куни олийгоҳда коронавирус бўйича тарғибот дарси бўлиб ўтганини хабар қилади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати эса 6 февраль куни пойтахт бўйлаб қатновчи барча автобусларда коронавирусга қарши дезинфекция ишлари амалга оширилишини эълон қилган.

"Турли юқумли касалликлар вируслари кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида Ҳудудий санитария ва эпидемиология марказлари билан тузилган шартномага мувофиқ, "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ тасарруфидаги автобус саройлари ҳамда уларга бириктирилган шоҳбекатларда дезинфекция ишлари бошланди. Мазкур санитария тадбири бир ҳафта давом этади. Ушбу муддатда автосаройлар ва улардаги транспорт воситалари ҳамда Тошкентдаги барча шоҳбекатларда дезинфекция ишлари бажарилади", дейилади ҳокимлик хабарида.

Ниқоблар тугаяптими?

Тошкент кўчаларида Би-би-си билан суҳбатлашган ота-оналар пойтахтнинг кўплаб мактабларида ўқувчиларнинг ниқоб тақиши талаб этилаётганини айтади.

Кўчаларида тиббиёт ниқобида юрган одамлар у қадар кўп кўзга ташланмасада, дорихоналарда аллақачон ниқоблар тақчиллиги бошлангани борасида хабарлар пайдо бўлган.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси ўз расмий вебсайти орқали «70 фоиз дорихоналарда аллақачон ниқоб қолмагани»ни хабар қилган.

"Дорихоналар одамларнинг соғлиғи учун эмас, балки аллақачон мўмайгина даромад кўрадиган шахсий бизнесга айланиб улгурган. Бунинг ёрқин далили эса, Коронавирус хабари тарқагандан сўнг ниқобларнинг нархини автоматик тарзда кўтарилганидан кўришимиз мумкин. Келинг яхшиси буни фактлар орқали кўрсатамиз.

Республика маркази ҳисобланган Тошкент шаҳрида аллақачон ниқоб етишмовчилиги бор, бу 60% дорихоналарни ташкил қилади. Бор бўлса ҳам 1000 сўмдан 5000 сўмгача", дея ёзилади Федерация хабарида.

Хабарда вазият ўрганилган вилоятлардаги аксар дорихоналарнинг 50 фоиздан зиёдида ниқоблар етишмовчилиги кузатилгани таъкидланади.

"Коронавирус ҳақидаги хабар тарқаганидан ҳеч қанча вақт ўтмай дорихоналарда ниқобларнинг нархлари шу тарзда сезиларли ошди. Бу ҳали дорихоналарнинг сиз билан биз билган «бизнес»и, билмаганларимизга эса, аниқлик киритиб албатта сизга баён қиламиз", ваъда беради Федерация.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek