Россия-Ўзбекистон: Путин Фаттоҳ Шодиевни «Дўстлик» ордени билан тақдирлади

Published

Асли ўзбекистонлик 66 ёшли миллиардер Фаттоҳ Шодиевнинг Россияда «Дўстлик» ордени билан тақдирланганини у муқаддам таҳсил олган Москва давлат халқаро муносабатлар институти матбуот хизмати маълум қилди.

1976 йилда мазкур олийгоҳни тамомлаган Шодиевни институт жамоаси тез-тез тилга олиб туради ва тақдирланиш ҳақида «Маданият ва санъат соҳасидаги катта хизматлари, кўп йиллик самарали меҳнатлари учун» берилганини таъкидлаб, муборакбод этган.

Фаттоҳ Шодиев - ўзи ким?

Жиззахда туғилган, Қозоғистонда расмий миллиардер ҳисобланадиган, асосий фаолиятини Москвада юритадиган, Бельгия фуқароси бўлган 66 ёшли ўзбекнинг номи кейинги йилларда ўзбек матбуотида ҳам тез-тез кўзга ташланиб қолди.

Евроосиё банки директорлар кенгаши, МДХМИ Васийлик кенгаши аъзоси, Eurasian Resources Group компанияси асосчиларидан бири Фаттоҳ Шодиевнинг таржимаи ҳолида «Сиёсий фанлар номзоди, Қозоғистон Республикаси Табиий фанлар академияси аъзоси, Япония тарихи, иқтисодиёти ва сиёсати бўйича 30дан ортиқ илмий ишларнинг муаллифи", дея кўрсатилади.

Иш фаолиятида СССРнинг Япониядаги савдо миссияси маслаҳатчиси (1976-1979 йиллар), СССР Савдо вазирлигида совет-япон иқтисодий муносабатлари бўйича етакчи мутахассис (1979-1989) бўлганлиги ёзилган.

Шодиев Тоғ-кон саноати, қайта ишлаш, энергетика, логистика ва маркетинг соҳалари бўйича интеграциялашган корхоналарга эга табиий ресурсларни ўзлаштириш бўйича етакчи гуруҳлардан саналувчи ENRC (Eurasian Natural Resources Corporation) ширкати эгаларидан бири.

Бундан ташқари, Россия ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги МГИМО Васийлик кенгаши аъзоси ҳисобланади. У МГИМО Тараққиёт жамғармаси - Россия Федерациясининг биринчи эндаумент-фонди асосчиларидан бири. Ф.Шодиев шунингдек, Болқон ярим ороли, Замбия ва Жанубий Африкада ферроникель, мис ҳамда кобальт қазиб олиш бўйича активларни бирлаштирган IMR (International Mineral Resources) кон металлургия ширкатининг асосчиларидан бири ҳисобланади.

Шунингдек, Қозоғистоннинг етакчи банкларидан бири бўлган Евросиё банкининг директорлар кенгаши аъзосидир.

Forbesда 1008-ўрин

"Қозоғистон паспортили ўзбекистонлик Forbesда 1008-ўринга кўтарилди, - деб ёзади қозоқ нашрлари, - Ўтган йили 1070-қаторни эгаллаганди".

ОАВлар Америка Forbesи баҳосига кўра, ERG тоғ-металлургия ширкати эгаларидан бири Фаттоҳ Шодиевнинг ҳолати 3,7 миллиард доллар эканлигини маълум қилишган. Унингбизнес ҳамкорлари Алижон Ибрагимов ва Александр Машкевиялар ҳам Forbes рўйхатидан ўрин олганлар ва бу ҳамкорлар "евроосиёча учлик" деб номланган.

Шодиев халқаро фонди ва "Буюк келажак"

Расмий саҳифаларидаги маълумотларга кўра, Шодиев халқаро фонди 1996 йилда ташкил этилган.

"Биз билим олишга интилган ҳар бир кишига ёрдам беришга тайёрмиз ва ишонамизки, яхши таълим ҳаётни бутунлай ўзгартириши мумкин. Ёшларга ўз салоҳиятларини тўла очишга ёрдам бериш билан тинчликни мустаҳкамлаш, қашшоқлик ва зўравонликлардан ҳоли жамият қурилишига ўз ҳиссамизни қўшамиз" , - дейилади расмий сайт шиорида.

Фан доктори Фаттоҳ Қаюмович Шодиев томонидан асос солинган мазкур фонд Шарқий Европа¸ Марказий ва Жануби-шарқий Осиëдаги илмий-ижодий ва маданий потенциални қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш мақсадида очилган, дея изоҳ берилади фонд ишига ва "Айни дамда жамғарма интеллектуал тараққиëтга қаратилган лойиҳалар ва бу ишда ëрдамга муҳтожларга кўмак бериш билан шуғулланмоқда"¸ дейилади расмий сайтда.

Шунингдек, Шодиев халқаро фонди Ўзбекистонда Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтган "Буюк келажак" халқаро нодавлат-нотижорат ташкилотининг асосий ҳомийси ҳисобланади.

Ўзбекистонга қайтиш

Фаттоҳ Шодиевнинг Ўзбекистонга қайтиши Шавкат Мирзиёев қудратга келиши билан боғланади.

2017 йил август ойида "Шодиев Халқаро фонди"нинг Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очишига рухсат берилди. Адлия вазирлиги томонидан берилган Гувоҳномага кўра¸ Шодиевнинг Халқаро фонди "Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган болалар уйларига гуманитар кўмак ва аҳолига тиббий ëрдам кўрсатиш"ни фаолиятининг асосий мақсади қилиб белгилаган.

2018 йил апрелда эса ўзида 300 га яқин экспертларни жамлаган "Буюк келажак" халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти қонуний рўйхатдан ўтди.

2019 йил апрелда эса ўзбек ОАВларида миллиардер Фаттоҳ Шодиев Сирдарё вилоятига 40 млрд сўм ажратиши ҳақидаги хабарлар эълон қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистонда бошланган қатор йирик бизнес лойиҳаларда ҳам Фаттоҳ Шодиев номи келтирилади.

Мукофотлар

Миллиадер Шодиев бундан олдин Қозоғистонда "Хурмат" ордени билан тақдирланган эди. "Давлат олдидаги хизматлари, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий тараққиётига қўшган салмоқли хизматлари учун", дея изоҳланган эди тақдирлаш маросимида.

27 декабрь 2019 йилда эса Россия Президенти Владимир Путин Шодиев халқаро фонди директорлар кенгаши аъзоси Фаттоҳ Шодиевни Маданият ва санъат соҳасидаги катта хизматлари, кўп йиллик самарали меҳнатлари учун "Дўстлик" ордени билан тақдирлаш ҳақида буйруққа имзо чеккан.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek