You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Курашсангиз адолат амалга ошади, янги Парламентдан умид қилса бўлади
Ўзбекистонда ўтган парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловнинг якуний натижаси эълон қилинди. Унга кўра ЎзЛиДеП партияси 35 фоизлик ўрин билан Бош вазир номзодини кўрсатиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Сайловларнинг умумий якунларига кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида сиёсий партиялар қуйидагича депутатлик ўринларига эга бўлди:
- ЎзЛиДеП — 53 нафар (35 фоиз);
- "Миллий тикланиш" — 36 нафар (24 фоиз);
- "Адолат" СДП — 24 нафар (16 фоиз);
- ЎзХДП — 22 нафар (15 фоиз);
- Экопартия — 15 нафар (10 фоиз).
Ўзбекистондаги айрим нашрлар янги парламент натижалари эскиси билан деярли бир хил бўлганига эътибор қаратди.
Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг кузатувчилар ҳайъати 22 декабрда ўтган сайловни аввалгиларидан эркинроқ ўтгани, аммо сайлов тизимидаги ўзгаришлар мухолифатнинг ўрнини тўлдира олмаганини таъкидлади.
Ижтимоий тармоқларда кўплаб қонунбузарликлар бўлгани ҳақида сурат ва видео далил чоп қилинди.
Ҳолатлар юзасидан прокуратура суриштирув ишларини бошлаганини маълум қилган.
Блогер ва тиббиёт ходими Обиджон Латиповнинг Тошкент шаҳар кенгашига депутат бўлиш учун курашини Facebookдаги ўқувчилари яқиндан кузатиб борди.
Латипов қонунбузарликлар бўлаётган сайлов участкаларидан жонли эфир уюштириши ва адолат учун курашиши билан эсда қолди.
Иккинчи уринишда "Адолат" партиясидан Тошкент шаҳар кенгашига депутат бўлиб сайланган Обиджон Латиповдан таассуротларини сўрадик.
Обиджон Латипов: Таассуротлар яхши. Биз жуда катта умид қилиб бошлаган эдик бу жараённи. Сайловлар билан боғлиқ бўлган турли хил ёқимсиз, негатив кайфиятлар фонида шу жараёнга киришдик. Осон бўлмади, деб айтишишим мумкин. Лекин ҳаракат давомида билдикки, ўзига яраша машаққатли йўл. Шу билан бирга бизларда ишонч бор эди ғалаба қилишга ва адолат қарор топишига. Ўша ишонч бизга куч берди. Ўйлайманки, бугунги кундаги натижа ўша ҳаракатларимизнинг меваси.
Курашсангиз, амалга ошириш мумкин бўлган адолат борлигига биз бугун амин бўлдик.
Би-би-си: Депутат бўлиб сайлангандан сўнг нималардан умид қиляпсиз? Сайлов олди дастурингизда кўплаб ўзгаришлар ҳақида гапирган эдингиз. Уларни амалга ошира оласизми?
Обиджон Латипов: Биз бошидан сайлов олди жараёнларида айтдик. Биз ҳеч нарсага ваъда бермаймиз, лекин ҳаракат қиламиз. Чунки кўпчилик депутат ваъда бериши керак, деб тушунаркан. Шу нуқтаи назардан ваъда бермадик, ҳаракат қиламиз, дедик. Айтганингиздек, кўп нарсаларни илгари суриб, шуни амалга оширишга ҳаракат қилишимизни билдирганмиз. Умид қиламанки, уларни навбати билан 5 йил давомида босқичма-босқич амалга оширамиз, деган умидимиз бор.Шунинг учун бир вақтнинг ўзида ҳис қилиб турибмиз, ҳам ғалаба ҳам катта масъулият юкланяпти. Шу масъулиятни ҳис қилган ҳолатда шуларни амалга ошириш учун ўзбекча айтганда қамишдан бел боғлаб меҳнат қилишимиз кераклигини ҳис қилиб турибмиз.
"Адолат" партияси Тошкент шаҳар кенгаши учун 12 киши билан ЎзЛиДеПдан сўнгги ўринда турибди. Бу сайловчилар томонидан бизга берилган катта ишонч. ЎзЛиДепдан 22 нафар номзод сайланди. Миллий тикланиш партиясидан 11, ХДПдан 11 ва Экологик партиядан 4 депутат сайланган.
Би-би-си: Сайловолди дастурингизда Тошкент шаҳрида прописка масаласи, коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида ўзгартиришлар қилиш ҳақида айтилганди. Тошкент шаҳар ҳокимига таъсир ўтказиб буларни амалга ошириш учун бирор дастур борми?
Обиджон Латипов: Умумий режаларимиз бор. Коммунал тизим билан боғлиқ таклифлар режалаштирганмиз. Шу жумладан прописка билан боғлиқ таклифларимиз ҳам бор. Бу таклиф нафақат бизга, "Адолат" партиясида ҳам сайловолди дастурида кўзда тутилган. Ўйлайманки, Тошкент шаҳар аҳолиси, умуман юртдошларимизни фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаши, ҳаётининг фаровонлигини таъминлаши ва эртанги куни бугунги кунидан яхшироқ бўлиши учун амалга ошириладиган таклифлар. Бу таклифларни амалга ошириш учун, Тошкент шаҳар ҳокими бунга қаршилик кўрсатади деб ўйламайман. Бизнинг таклифларимиз ҳаётий ва реал бўлса, ҳамюртларимизнинг ҳаётини яхшилаш мумкинлигини исботлаб берсак, Тошкент шаҳар ҳокими бу нарсага қаршилик кўрсатади, деб ўйламайман. Ўша нарсаларни амалга ошириш учун керак бўлса Тошкент шаҳар ҳокимияти ва бошқа идораларни амалга ошириш инсонларнинг фаровонлигини таъминлаши мумкин бўлган нарса эканлигига ишонтиришга ҳаракат қиламиз.
Би-би-си: Ўзбекистондаги нашрлар Парламент сайловига Янги Ўзбекистоннинг янги парламент сайловлари якуний натижаси деярли эски Ўзбекистонникидек бўлди, дея таъриф берди. Сиз бунга нима дейсиз?
Обиджон Латипов: Сон жиҳатидан сиз айтган гапларга қисман қўшилса бўлади. Ҳақиқатда ЎзЛиДеП партияси биринчи ўринда бўлди ва сони аввалги сайловдан кескин фарқ қилмайди. Лекин партияларнинг сондаги ўзгариши бўйича "Адолат" партияси энг яхши натижа билан ўзгаришни қайд этган.
Лекин парламентдаги фаолиятга мен ҳали меҳнат оширилмасдан туриб баҳо беришга шошмаган бўлардим. Умид қиламиз яхшироқ парламент бўлишга ва яхшироқ натижалар билан халқимизни хурсанд қилишга умид қиламиз.
Би-би-си: Умид қилишга асос борми?
Обиджон Латипов: Умид шундан иборатки, биринчидан барибир янги парламент. Янги бўлганидан кейин унга умид бўлади. Иккинчидан, биз аввалги таркибдаги парламентда ҳам кўрдик, ҳамма баробар жон фидо қилиб ишламаса ҳам маълум бир депутатларимиз гўёки эски таркиб бўлишига қарамасдан бир неча депутатларимиз фаоллик кўрсатиш мумкинлигини исботлашди. Ишончимиз йўқдек нарсадан ҳам яхши натижалар амалга ошириш мумкинлигини кўрдик. Ўшанинг учун мен умид қиламан, янги парламентда янги жонланиш , қисман бўлса ҳам ўзгариш бўлишига мен ишонаман.
Би-би-си: Нима учун номзодингизни Олий мажлисга илгари сурмадингиз, нега Тошкент шаҳар кенгаши билан чекландингиз?
Обиджон Латипов: Ўзбекистон қонунчилиги бўйича Олий мажлисга номзодим кўрсатилишини ўзим ҳал қилмайман. Партиялар Олий мажлис ва маҳаллий кенгашларга номзодларини тавсия қилади."Адолат" партияси менинг номзодимни Тошкент шаҳар кенгашига муносиб кўрганлиги сабабли Тошкент шаҳар кенгашига қўйилди. Ўйлайманки, кейинчалик насиб қилса навбатдаги сайловларда Олий мажлис қонунчилик палатасига ҳам номзодим кўрсатилиши мумкин, деб умид қиламан.
Би-би-си: Депутат сифатида иш бошлагандан сўнг биринчи эътибор қаратиб қиладиган ишингиз нимадан иборат бўлади?
Обиджон Латипов: Биринчи навбатда деб айтадиган нарсаларим кўп. Шунинг учун ҳозир маълум бир вақтим ўрганишга кетади, деб айтсам тўғрироқ бўлади. Ҳозир мен катта бир нарсани ваъда қилишни хоҳламасдим. Жараённи, ҳодиса, ҳолат ва муҳитни ўрганишга вақт кетади биринчи навбатда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek