Ўзбекистон: Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказида ёнғин чиқди

Сурат манбаси, Favqulodda vaziyatlar vazirligi
Пайшанба куни тушдан сўнг Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказининг янги қурилаётган биносида ёнғин содир бўлган.
Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг хабарига кўра, Тошкент шаҳар Олмазор тумани Зарқайнар 14 берк кўчасида жойлашган бинода ёнғин чиққани ҳақидаги хабар ёнғин-қутқарув хизматига соат 16:38да келиб тушган.
"Хабар асосида воқеа жойига 10 та асосий ёнғин ўчириш автоэкипажлари ҳамда 6 та махсус ва ёрдамчи ёнғин ўчириш техникалари жалб этилган. Биринчи бўлинмалар чақирилган манзилга соат 16:44 етиб борган ва 16:54 да ёнғин қуршаб олиниб, соат 17:06 да тўлиқ бартараф этилган. Тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар қайд этилмаган. Ёнғин оқибатида қурилаётган бино ертўласида жойлашган таъмирлаш учун олиб келинган теплоизоляция (пенопласт) қурилиш материаллари 150 кв.метр майдонда ёнган. Ёнғиннинг келиб чиқиш сабаб ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда", - дейилади ФВВ хабарида.

Сурат манбаси, Facebook/Muhammad Mo'min
Фэйсбукда ёнғин акс этган видео пайдо бўлган.
Унда Хаст-Имом (Ҳазрати Имом) мажмуаси узра аланга ва қуюқ тутун осмонга ўрлаётганини кўриш мумкин.
Ҳодисанинг бошқа тафсилотлари маълум эмас.
Ислом цивилизацияси маркази қурилиши 2017 йил охирида бошланган.
Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 23 июнда "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолаганди

Сурат манбаси, Facebook
Марказ қурилишига россиялик миллиардер, асли ўзбекистонлик Алишер Усмонов ҳомийлик қилмоқда.
Тошкентнинг қоқ марказидаги 10 гектар ерда қад ростлаётган бинонинг биринчи қавати ҳали ҳеч қаерда намойишга қўйилмаган асори-атиқалардан иборат музей ва кутубхона бўлиши айтилган.
Бино қурилишини бир неча марта бориб кўрган Мирзиёев ҳам исломий меъросни ўрганишнинг муҳимлиги ҳақида гапирган.

Сурат манбаси, Courtesy
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
































