АҚШ ва Эрон келишуви Нетаняҳу учун нега даҳшатга айланиши мумкин?

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
- Author, Люси Виллямсон
- Role, BBC мухбири, Қуддус
- Published
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
АҚШ ва Эрон ўртасидаги оташесим келишуви Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу учун ҳақиқий сиёсий даҳшатга айланди. У унинг кўп йиллик сиёсий фаолиятининг бир вақтнинг ўзида учта асосий таянчини хавф остига қўйди ва Исроил раҳбарини янги стратегик тузоққа туширди.
Қандай қилиб йиллар давомида ўзини Вашингтонга ўзига хос таъсирга эга ва Америка президентлари билан тил топиша оладиган сиёсатчи сифатида намоён қилиб келган шахс асосий иттифоқчиси томонидан қарор қабул қилиш жараёнидан шунчалик намойишкорона четлатилган ҳолатга тушиб қолди?
Қандай қилиб Эронга қарши курашни Исроил хавфсизлик стратегиясининг марказий элементига айлантирган раҳбар бу можарони айнан Эрон режими, эҳтимол, ўз мавқеини янада мустаҳкамлаган бир пайтда якунлаши мумкин?
Вашингтон ва Теҳрон амалда Исроилдан у ердаги умумхалқ сайловларига бир неча ой қолганида Ливандаги «Ҳизбуллоҳ»га қарши зарбаларни тўхтатишни талаб қилаётган бир шароитда, унинг азалий, аммо анча хиралашган «Жаноб Исроил хавфсизлиги» сиёсий имижи сақланиб қоладими?
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Ҳозирда Нетаняҳунинг кейинги ҳаракатлар учун мақбул бирорта ҳам варианти йўқ. Мухолифат раҳбари Яир Лапид душанба куни Кнессетда бош вазир тушиб қолган вазиятни шундай тасвирлади: «Ё асосий иттифоқчимиз билан тўғридан-тўғри ва ҳалокатли тўқнашувга кирамиз, ёки Исроил манфаатларини итоаткорона топширамиз».
АҚШ Президенти Доналд Трампнинг Нетаняҳу якшанба куни Байрутга зарба бера туриб, ақлини йўқотди, деган кескин баёнотлари унинг сиёсий рақиблари ва сайловларга аллақачон диққатини қаратган исроиллик шарҳловчилар томонидан дарҳол илиб олинди.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Бироқ бош вазирга босим фақат мухолифатдан келмаяпти. Унинг ўзининг «Ликуд» партияси ва ҳукмрон коалициядаги ўта ўнгчи вазирлар баёнотлари унинг ўз жамоаси ичида ҳам норозилик кучайиб бораётганини кўрсатмоқда. Энг катта норозилик Теҳроннинг оташкесим «барча фронтлардаги ҳарбий амалиётлар, жумладан Ливандаги ҳаракатлар»га ҳам татбиқ этилиши кераклиги ҳақидаги талаби билан боғлиқ.
«Трамп келишуви бизни мажбурламайди, — деб ёзди душанба куни ижтимоий тармоқларда Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир. — Биз хавфсизлигимизни кафолатламайдиган бу келишувда қатнашмаганмиз».
«Исроил ўзини ҳимоя қилишда давом этади», — деди менга «Ликуд» партияси депутати Ариэл Каллнер, аммо бу зарбалар давом эттирилишини англатадими-йўқми, аниқлаштиришдан бош тортди.
«Биз зарур деб ҳисоблаган ишни қиламиз. Ва дўстларимиз бизларни тушунишларини кутамиз, — деди у. — Баъзан иттифоқчилар ўртасида келишмовчиликлар бўлади ва хавфсизлик таҳдиди ҳақида гап кетганда иттифоқчилар бир-бирини тушуниши керак».
Собиқ «Моссад» ходими ва Эрон бўйича мутахассис Сима Шайн шундай деди: «Америкаликлар нима учун бу шартга рози бўлганини тушуниш қийин. Эронга Ливанда нима бўлишини белгилаш имконини бериш орқали АҚШ Теҳронга "Ҳизбуллоҳ"ни қўллаб-қувватлашни ва уни Ливандаги асосий сиёсий ўйинчилардан бири сифатида сақлаб қолиш имкониятини бермоқда. Исроил бундан норози —куч ишлатувчи тузилмалар ҳам, сиёсий раҳбарият ҳам».
Турли сиёсий лагерлардан янграётган танқидлар тўлқини манзарасида Нетаняҳу журналистларнинг ўзининг муваффақиятсизликка учрагани ҳақидаги фикрларига кескин жавоб қайтарди.
«Вояга етган ҳаётимнинг катта қисмини бир мақсадга — Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишига йўл қўймасликка бағишладим, — деди у Қуддусдаги матбуот анжуманида. — Биз зарур бўлган барча ишни қиламиз. Бу масалада мен учун чекловлар йўқ: Эрон ядровий қуролга эга бўлмайди».
Шу билан бирга, бош вазир айрим масалаларда унинг қарашлари Трампнинг мавқеидан фарқ қилишини тан олди.
«Мен муҳокамалар давомида ўз нуқтаи назаримни билдирдим, аммо бизнинг ўз манфаатларимиз бор: биринчидан, ядровий таҳдиднинг йўқлиги; иккинчидан, Ливан — биз у ерда буфер ҳудуд яратдик ва зарур бўлганича у ерда қоламиз», — деди Нетаняҳу.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
«Эрон биз чиқиб кетишимизни истаган эди, аммо бу содир бўлмади. Нима учунлигини биласизми? Чунки мен қатъий позицияни эгалладим. Америкадаги иттифоқчиларимиз бундай қатъиятни ҳурмат қилишади. Биз ҳаракат эркинлигини сақлаб қолишда ҳам қатъиймиз: агар бизга ҳужум қилинса ёки таҳдид қилинса, жавоб қайтарамиз», — дея давом этди бош вазир.
Одатда ўз ғалабасини эълон қилиш имкониятини қўлдан чиқармайдиган Исроил бош вазири энди кейинги қадамлар бўйича мураккаб танлов қаршисида турибди.
Хавфсизлик ўн йиллар давомида Нетаняҳу сайловчиларга таклиф этадиган сиёсий дастурининг асосий қисми бўлиб келган. Аммо бугун бу даъвосини ҳимоя қилиш тобора қийинлашмоқда.
2023 йил 7 октябрдаги ҲАМАСнинг қонли ҳужумидан сўнг у хавфсизликнинг янада агрессив стратегиясига — таҳдидларни жиловлаш эмас, балки уларни олдиндан бартараф этишга таянди.
Унинг инқирозга жавоби Исроил дуч келаётган таҳдидларни йўқ қилиш орқали Яқин Шарқни ўзгартириш ғояси бўлди.
Бироқ Исроил қўшинлари Ғазо секторининг катта қисмини вайрон қилганига ва ҲАМАС назоратидаги соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, уруш давомида 73 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлганига қарамай, ҲАМАС ҳануз анклав ҳудудининг тахминан ярмини назорат қилмоқда ва яна ўз мавқеларини мустаҳкамламоқда. Шу билан бирга, АҚШ таклиф қилган тинчлик режаси ва Ғазони урушдан кейин бошқариш учун Америка маъмурияти томонидан яратилган тизим Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги сулҳ тузилганидан саккиз ой ўтган бўлса-да, ҳали ҳам мавҳум қолмоқда.
Washingtonda kelishuvni izdan chiqarishga urinish deb baholanadigan har qanday Isroil harbiy harakati AQSh tomonidan qattiq reaksiyaga sabab bo‘lishi mumkin.
Нетаняҳунинг янги хавфсизлик стратегияси натижасида Исроил қўшинлари бугун Ғазо, Ливан ва Суриядаги катта ҳудудларни назорат қилмоқда. Кўплаб исроилликлар учун бу оммабоп қадам ҳисобланади ва сайловларгача бу ҳолат ўзгариши эҳтимоли кам. Бироқ бундай стратегия армия ва захирадаги ҳарбийларнинг ресурсларини тобора кўпроқ сарфламоқда, ва айни пайтда вазиятдан чиқишнинг аниқ дипломатик ечимини таклиф қилмаяпти.
«Ҳизбуллоҳ» ва Эрон режими билан тўқнашувлар Исроилнинг асосий рақибларини йўқ қилмади. Бунинг ўрнига, Теҳрон янада қаттиққўл раҳбарлар назоратига ўтди, улар Америка-Исроил босимига камроқ мойил ва Ҳўрмуз бўғози орқали қўшимча таъсир воситаларига эга.
Энди парадоксал вазият юзага келмоқда: Исроилнинг асосий душмани бўлмиш Эрон, эҳтимол, яҳудий давлати учун асосий иттифоқчи бўлган АҚШга таъсир кўрсатиш имкониятини қўлга киритди.
«Исроилнинг муваффақиятсизлиги Теҳронга нисбатан стратегияни қайта кўриб чиқишни талаб қилади. У янада реалистик ва вазмин устувор йўналишларни шакллантириши керак», — деб ҳисоблайди Исроил Миллий хавфсизлик тадқиқотлари институти (INSS)нинг Эрон бўйича катта тадқиқотчиси Данни Цитринович.
«Вашингтонда келишувни издан чиқаришга уриниш деб баҳоланадиган ҳар қандай Исроил ҳарбий ҳаракати АҚШ томонидан қаттиқ реакцияга сабаб бўлиши мумкин», — деб ёзган у Israel Hayom газетасидаги мақоласида.
«Обама маъмурияти давридан фарқли ўлароқ, ўшанда Бенямин Нетаняҳу Конгресс ва Америка жамоатчилиги қўллаб-қувватловини сафарбар этиш орқали Оқ уйни четлаб ўтишга уриниши мумкин эди, ҳозир эса бундай имкониятлар деярли мавжуд эмас», — деб ҳисоблайди эксперт.
Кўп йиллар давомида Нетаняҳу исроиллик сайловчиларни айнан унинг сиёсати ва сиёсий маҳорати минтақавий таҳдидлардан энг яхши ҳимоя эканига ишонтириб келган. Бугун эса бу ваъда тобора кўпроқ воқеликдан узоқлашмоқда.
Эронда режим алмашиши унинг сиёсий имижини сақлаб қолиши ва сайловолди кампаниясининг марказий элементига айланиши мумкин эди. Аммо бунинг ўрнига янги хавфсизлик стратегияси уни душман билан эмас, балки иттифоқчи билан муносабатларда муросасизлик ва ён бериш ўртасидаги танлов қаршисида қолдирди.





























