Нега аёллар эркаклардан узоқ яшайди?

Сурат манбаси, MStudioImages/Getty Images
- Author, Эллен Цанг
- Role, BBC Жаҳон Хизмати
- Published
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Агар сиз аёл бўлсангиз, катта эҳтимол билан ака-укаларингиз ёки эркак дўстларингизга қараганда узоқроқ яшайсиз — дунё бўйича ўртача ҳисобда бу фарқ тахминан беш йилни ташкил этади.
Бу ҳолатнинг аниқ сабаблари тўлиқ маълум эмас. Аммо олимлар бир қатор фаразларни илгари сурмоқда. Улар айрим қуш турларида, аксинча, нарлари узоқроқ яшашини ҳам изоҳлашга ёрдам бериши мумкин.
Бевақт ўлим
"Деярли барча мамлакатларда аёллар эркакларга қараганда узоқроқ яшайди", — дейди Оксфорд университетининг Аҳоли қаришини ўрганиш институти директори, профессор Сара Харпер.
Унинг таъкидлашича, бу фарқ мамлакатга қараб сезиларли ўзгаради.
Our World in Data маълумотларига кўра, Россия, Украина ва Ветнамда аёллар эркакларга қараганда тахминан 10 йил ёки ундан ҳам кўпроқ яшайди. Нигерия каби давлатларда эса бу фарқ анча кичик.
Олимлар бу тафовутни қисман ижтимоий ва хулқ-атвор омиллари билан изоҳлайди.

Сурат манбаси, Quynh Anh Nguyen/Getty Images
2023 йилда Ветнамда ўртача умр давомийлиги аёлларда 79,3 йил, эркакларда эса 69,9 йилни ташкил этган.
Харпернинг айтишича, айниқса Россияда чекиш ва спиртли ичимликлар истеъмоли муҳим омил бўлиб, бу одатлар эркаклар орасида кўпроқ тарқалган. Жаҳонда эркаклар умрни қисқартирувчи бошқа одатларга ҳам кўпроқ мойил.
"Уларнинг овқатланиш рациони одатда унчалик соғлом эмас", — дейди у.
Шунингдек, эркаклар шифокорга камроқ мурожаат қилади. Бироқ, "уйланган эркаклар нисбатан яхшироқ ҳолатда — кўпинча уларни шифокорга турмуш ўртоғи олиб боради". Кўплаб жамиятларда эркаклар аёлларга нисбатан хавфлироқ фаолият турлари билан шуғулланади. Эркаклик тушунчаси эса кўпинча юқори таваккалчилик билан боғланади.
"Йўл-транспорт ҳодисалари, зўравонлик, қотиллик ва ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ ўлимлар эркаклар орасида анча юқори", — дейди Харпер.

Сурат манбаси, Ronald Dumont/Getty Images
Erkaklar biologiyasi ularni o‘limga, ayollar biologiyasi esa nogironlikka moyil qiladi.
Бироқ бу ҳолатни ўзгармас деб бўлмайди. Масалан, Буюк Британияда 1960–1970 йилларда ўтказилган тамакига қарши кампаниялар эркаклар орасидаги муддатидан олдинги ўлимни камайтирган.
"Кутилмаганда бу тафовут кескин қисқарди", — дейди у.
Шунга қарамай, олимнинг фикрича, ҳатто аҳоли одатлари ўзгарган тақдирда ҳам гендер фарқи тўлиқ йўқолмайди. Чунки аёллар ва эркаклар ўртасида "биологик тафовут ҳамиша сақланиб қолади".
Эстроген ва тестостерон
Бу фарқларнинг бири гормонлар билан боғлиқ.
"Эстрогенлар аёл организмини ҳимоя қилувчи кўплаб вазифаларни бажаради", — дейди Валенсия университети физиологи, қариш жараёнлари бўйича мутахассис профессор Консуэло Боррас.
Унинг сўзларига кўра, эстроген холестерин даражасини назорат қилиш, иммун тизимини тартибга солиш, сийдик йўллари инфекцияларининг олдини олиш, шунингдек, мия ва суякларни ҳимоя қилишда муҳим рол ўйнайди. Эстрогеннинг яна бир муҳим жиҳати — унинг антиоксидант хусусияти. У ҳужайраларда тўпланиб, қаришни тезлаштирадиган эркин радикалларга қарши курашади.
"Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, менопауза даврида эстроген ҳимояси камайиши организмнинг кўплаб функцияларига таъсир қилади. Масалан, остеопороз нафақат қариш, балки гормон танқислиги билан ҳам боғлиқ", — дейди Боррас.
Унинг таъкидлашича, менопаузанинг бошида гормон ўрнини босувчи терапия қўлланганда, айрим функциялар тикланиши мумкин. Бу усул менопауза олдидан камаядиган эстроген ва прогестерон миқдорини тўлдиришга қаратилган.

Сурат манбаси, Half point images/Getty Images
Эркакларда эса асосий гормон тестостерондир. У кўпроқ таваккалчилик билан боғлиқ хулқ-атворга таъсир қилиши маълум. Боррасга кўра, тестостерон организмга маълум даражада салбий таъсир кўрсатиши ҳам мумкин, аммо бу жараён ҳали тўлиқ ўрганилмаган.
2012 йилда ўтказилган тадқиқотда тестостерон ишлаб чиқармайдиган кореялик евнухлар (бичилган сарой амалдорлари) ўз тенгдошларига қараганда 14–19 йил узоқ яшагани аниқланган. Бироқ бу маълумотлар чекланган ва бундай тадқиқотларни такрорлаш амалда имконсиз. Шу билан бирга, айрим ҳайвонлар устидаги кузатишлар ҳам бичилган нарлари кўпроқ яшашини кўрсатади.
Гормонлар — узоқ умр сирининг фақат бир қисми холос. "Бу ҳақиқатан ҳам жуда мураккаб жараён", — қўшимча қилади Боррас.
Эволюцион изоҳлар
Бу масалани тушуниш учун олимлар ҳайвонлар дунёсига ҳам назар ташлаган. Урғочилари узоқроқ яшайдиган ягона тур инсон эмас. Бу ҳолат кўплаб сутэмизувчиларга хос — жумладан, шерлар, қўйлар, косаткалар (қора делфинлар) ва сичқонлар.
Қизиғи, қушларда бошқача манзара кузатилади: одатда уларнинг нарлари узоқроқ яшайди.
Бу фарқ жинсий хромосомалар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Эркакларда Y-хромосома X-хромосомага нисбатан кичик ва камроқ генларга эга.

Сурат манбаси, Nathan Devery/Getty Images
Макс Планк институти тадқиқотчиси доктор Йоханна Штарк шундай дейди: "Сутэмизувчиларнинг урғочиларида икки Х-хромосома мавжуд. Агар улардан бирида мутация бўлса, иккинчиси уни қоплаши мумкин. Нарларида эса бундай имконият йўқ".
Қушларда эса аксинча: нарларда иккита бир хил хромосома (ZZ), урғочиларда эса турлича хромосома (ZW) мавжуд.
"Бу сутэмизувчиларда урғочилар, қушларда эса нарлар узоқроқ яшашининг сабабларидан бири бўлиши мумкин", — дейди Штарк.
Унинг айтишича, жуфтлашиш усули ҳам муҳим. Моногам турларда жинсий фарқ катта эмас. Аммо полигин турларда — масалан, шерлар ва гориллаларда — бу фарқ анча кучли бўлади. Бундай турларда нарлар катта жусса ёки кучли "қуроллар"ни ривожлантиришга кўп энергия сарфлайди. Бу эса баъзан узоқ умр ҳисобига тўғри келади.
Урғочиларда эса эволюция бошқа йўл билан кечган. "Айниқса узоқ яшайдиган турларда, жумладан инсонларда, оналарнинг узоқ яшаши зурриётни вояга етказиш учун муҳим", — дейди Штарк.

Сурат манбаси, guenterguni/Getty Images
Узоқроқ ва сифатлироқ
Лекин бу аёллар учун фақат ижобий ҳолат эмас.
Тадқиқотлар кўрсатишича, аёллар узоқроқ яшаса-да, ҳаёт давомида ўлимга олиб келмайдиган касалликлардан кўпроқ азият чекади. Улар орасида бел оғриғи, депрессив бузилишлар ва бош оғриқлар бор.
"Аёлларда иммун реакция кучлироқ, аммо бу яллиғланиш касалликларига олиб келиши мумкин", — дейди Харпер.
Шунингдек, уларда мушак ва суяк тизими нисбатан заифроқ бўлиши мумкин.
2021 йилги "Глобал касалликлар юки" тадқиқотининг таҳлили аёллар бел оғриғидан эркакларга қараганда кўпроқ азият чекканини, бу фарқ эса ёш билан ортиб боришини кўрсатган.

Сурат манбаси, The Good Brigade/Getty Images
Харперга кўра, "эркаклар биологияси уларни ўлимга, аёллар биологияси эса ногиронликка мойил қилади".
Шу билан бирга, мутахассисларнинг таъкидлашича, биология инсон тақдирини тўлиқ белгилаб бермайди.
"Биологик фарқларга атроф-муҳит ва ҳаёт тарзи ҳам таъсир кўрсатади", — дейди Боррас.
Унинг фикрича, ҳар икки жинс учун ҳам тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик, уйқу ва стрессни назорат қилиш нафақат узоқ яшаш, балки сифатли ҳаёт кечириш учун ҳам муҳим.


































