Юк кемасига қилинган ҳужумдан сўнг АҚШ Эронга зарба берди

2026 йил 11 март. Ҳурмуз бўғози яқинидаги Форс кўрфазида юк кемалари.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ҳурмуз бўғози яқинида ҳаракатланаётган юк кемаларининг архив тасвири.
    • Author, Бернд Дебусманн (кичик)
    • Role, Оқ уй мухбири
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Президент Доналд Трамп Эронни Ҳурмуз бўғозида юк кемасига қилинган ҳужумдан кейин сулҳни "аҳмоқона равишда бузганлик"да айблагач, АҚШ ҳарбийлари Эрон нишонларига зарбалар берди.

АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) жума куни ракета ва дронлар сақланадиган омборларга ҳамда соҳилдаги радар тизимларига ҳужум қилганини маълум қилди.

Қўмондонликка кўра, бу зарбалар пайшанба куни юк кемасига уюштирилган дрон ҳужумига жавоб бўлган. Мазкур ҳодиса минтақада қолиб кетган минглаб денгизчиларни эвакуация қилиш бўйича режанинг тўхтаб қолишига сабаб бўлди.

Теҳрон эса юк кемаси ўта муҳим Кўрфаз сув йўли орқали ҳаракатланишда рухсат берилмаган йўналишдан фойдалангани учун ҳужумга учраганини даъво қилмоқда.

АҚШ Марказий қўмондонлиги ушбу зарбаларни бир кун олдинги дрон ҳужумига "кучли жавоб" деб таърифлади.

"Эрон кучларининг тижорат кемаларига қарши асоссиз тажовузи ўт очишни тўхтатиш келишувини очиқдан-очиқ бузди", дейилади қўмондонлик баёнотида.

"Бундан ташқари, Эроннинг хавфли хатти-ҳаракатлари халқаро савдо коридори орқали тижорат айланмаси ортиб бораётган бир пайтда кемаларнинг эркин ҳаракатланишига таҳдид солди".

Centcom АҚШ ҳарбийлари бўғоздан ўтаётган тижорат кемаларининг хавфсиз ҳаракатланишини мувофиқлаштириш ва уларни қўллаб-қувватлашни "давом эттиришини" билдирди.

Бироқ Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИМК) бунда "келишувларни бузувчи АҚШ режимини" айблади.

Қўриқчилар корпуси ўз ҳарбий-денгиз кучлари минтақадаги АҚШ ҳарбий позицияларига жавоб зарбалари берганини даъво қилди, аммо бошқа тафсилотларни очиқламади.

Би-би-си ушбу масала юзасидан изоҳ олиш учун Пентагон билан боғланди.

"Агар тажовуз такрорланса, бизнинг жавобимиз бундан ҳам кенг кўламли бўлади", дея қўшимча қилди ИИМК.

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳужумлари бошланиши ортидан, Теҳрон феврал ойи охирида бўғозни амалда ёпиб қўйган эди.

Нефт ва газ етказиб бериладиган ушбу ўта муҳим сув йўлининг ёпилиши жаҳон бозорида нефт нархининг кўтарилишига олиб келди ва ўғит каби бошқа муҳим товарларнинг етказиб берилишини тўхтатиб қўйди.

АҚШ ва Эрон 17 июн куни 14 банддан иборат англашув меморандуми асосида ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга келишиб олган эди. Ушбу ҳужжат, шунингдек, Эрондан "60 кун давомида тижорат кемаларининг ҳеч қандай тўловларсиз хавфсиз ўтиши учун бор кучини сафарбар қилишни" талаб этарди.

АҚШнинг жавоб зарбаларидан сўнг Вице-президент Жей Ди Вэнс ўзининг Х (собиқ Twitter) тармоғидаги саҳифасида, агар Эронда "меморандумнинг қўлланилиши бўйича келишмовчиликлар бўлса, улар телефонни кўтариб қўнғироқ қилишлари мумкин", деб ёзди.

"Аммо зўравонликка зўравонлик билан жавоб берилади", дея қўшимча қилди у.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Бироқ Эрон парламентининг миллий хавфсизлик комиссияси раҳбари Иброҳим Азизий ижтимоий тармоқларда АҚШ "яна бир бор музокаралар кетаётган бир пайтда Эронга ҳужум қилганини" айтди.

У ўз постида сўзини давом эттириб: "Ўт очишни тўхтатиш келишувининг бундай пала-партиш бузилиши, ҳар доимгидек, уларнинг чекиниши ва пушаймон бўлишига олиб келади. Айбдорни қидириш ўйинлари энди иш бермайди", деди.

Жума куни тушдан кейин Оқ уйда журналистлар билан гаплашган Трамп АҚШнинг дрон ҳужумига қандай жавоб бериши ёки ўт очишни тўхтатиш келишувини ҳамон кучида деб ҳисоблайдими-йўқми, деган саволларга тўғридан-тўғри жавоб беришни истамади.

"Буни яқин орада билиб оласиз", деди у. "Кеча уларнинг ўқ узишгани менга ёқмади. Улар бундай қилмасликлари керак эди".

Эрон нима учун бундай операцияни амалга оширгани ҳақидаги саволга Трамп фақат "улар бир оз бошқачароқ [одамлар]", дея жавоб қайтарди.

Сўнгги кунларда Трамп ва АҚШнинг бошқа расмийлари Эрон билан музокаралар яхши кетаётганини таъкидлаб, Эрон Ҳурмуз бўғозидан ўтаётган кемалардан бож ундириш фикридан қайтганини айтишаётган эди.

Чоршанба куни Truth Social тармоғидаги постида Трамп Эрон АҚШни "ҳеч қандай бож, суғурта харажатлари ёки бошқа турдаги тўловлар талаб қилинмаслиги ва ундирилмаслиги" ҳақида хабардор қилганини ёзганди.

"Агар бу сохта маълумот бўлиб чиқса, музокаралар зудлик билан тўхтатилади", дея қўшимча қилганди у.

Қўшма Штатлар Эроннинг бўғоздан ўтаётган танкерлардан ҳақ ундираётгани ҳақидаги хабарларни қоралаб келмоқда ва кўпчилик ҳар қандай бож тизимини халқаро денгиз ҳуқуқининг бузилиши деб ҳисоблайди.

Сешанба куни Эрон ва Уммон расмийлари Уммон пойтахти Маскатда "кемалар қатновини келгусида бошқариш" масаласини муҳокама қилишди. Гарчи Уммон Ташқи ишлар вазири Бадр ал-Бусаидий ҳар икки давлат "божсиз ва хавфсиз ўтиш" тарафдори эканини билдирган бўлса-да, вазият мураккаблигича қолмоқда.

Шунга қарамай, Эроннинг бош музокарачиси Муҳаммад Бағир Ғолибоф давлатга қарашли ОАВга берган баёнотида: "Ҳамма билиши керакки, Ҳурмуз бўғозининг бошқаруви ҳеч қачон урушдан олдинги ҳолатига қайтмайди", деди.

Пайшанба куни снаряд келиб теккан юк кемаси Сингапур байроғи остида сузувчи "Ever Lovely" кемаси бўлган.

Британиянинг UKMTO денгиз хавфсизлиги агентлиги маълумотларига кўра, кемага Уммоннинг Даҳит портидан 7,5 денгиз мили жануби-шарқда зарба берилган.

Кема эгаси "Evergreen" компаниясининг билдиришича, "Ever Lovely" ҳужумга учраган пайтда UKMTO томонидан бўғоз орқали тавсия этилган йўналиш бўйлаб ҳаракатланаётган эди.

"Экипажнинг барча аъзолари, кеманинг ўзи ва барча юклар хавфсиз ҳолатда", дея қўшимча қилди компания.

Бунга жавобан БМТнинг Халқаро денгиз ташкилоти (IMO) уруш бошланганидан бери ушбу муҳим сув йўлида қолиб кетган 11 000 дан ортиқ денгизчини эвакуация қилиш режасини вақтинча тўхтатиб қўйди.