Сукут девори: Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган аёлларнинг адолат йўлидаги тўсиқлари

Сурат манбаси, "Ko'rinmaslar" hujjatli filmidan (Qirg'iziston)
2025-йилнинг сўнгги кунларида "Equality Now" халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Марказий Осиё мамлакатларида ногиронлиги бўлган аёлларнинг ҳуқуқлари ва уларга нисбатан содир этиладиган жинсий зўравонлик масалаларига бағишланган муҳим тадқиқотини эълон қилди.
1992-йилда ташкил этилган "Equality Now" дунё бўйлаб аёллар ва қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хусусан, жинсий зўравонликка чек қўйиш, зарарли анъаналарга қарши курашиш ва қонунчиликдаги камситишларни бартараф этиш билан шуғулланади. Ташкилот нафақат муаммоларни ўрганади, балки ҳукуматларга халқаро стандартларга мос келадиган қонуний ислоҳотлар бўйича аниқ тавсиялар ишлаб чиқади.
Мазкур ҳисобот юзасидан Би-Би-Си Ўзбек хизматига интервю берган ташкилот вакили Жанет Ахилгова Ўзбекистонда маълумот йиғиш жараёнида дуч келинган мураккабликлар ва тизимли муаммолар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.

Би-Би-Си Ўзбек хизмати: Сизнинг ҳисоботингизда Ўзбекистондаги жинсий зўрлашнинг амалдаги ҳуқуқий таърифи куч ишлатиш ва жабрланувчининг ожиз ҳолатига таянилгани сабабли ногиронлиги бўлган аёлларга зарар етказиши айтилган. Хўш, қонунчиликни "розиликка асосланган" (cонсент-басед) таърифга ўтказиш учун айнан қандай ўзгаришни таклиф қиляпсиз ва бу жисмоний қаршилик кўрсата олмайдиган жабрланувчи учун суд жараёнини амалда қандай ўзгартиради?
Жанет Ахилгова: Ҳисоботнинг асосий хулосаларидан бири шуки, жинсий зўравонликнинг ҳуқуқий таърифлари эскирган ва бу адолатга эришишга тўсқинлик қилмоқда. Жиноят кодекслари зўравонликни ихтиёрий розиликнинг йўқлигига қараб эмас, балки жисмоний куч ишлатиш, таҳдид ёки жабрланувчининг ожиз ҳолатига қараб белгилайди. Бу эса халқаро стандартларга зид бўлиб, кўплаб зўрлаш ҳолатларини, айниқса ногиронлиги бор аёлларга нисбатан содир этилган жиноятларни ҳисобга олинмаслигига сабаб бўлади.
Биз қонун ҳужжатларига "ихтиёрий розилик" тушунчасини киритишни тавсия қиламиз. Бу суд органлари жабрланувчининг ақлий салоҳиятини текширишдан тўхтаб, асосий эътиборни айбдорнинг ҳаракатларига ва у яратган шароитларга қаратишини англатади. Масалан, аёлнинг кимгадир қарамлиги, мулоқот тўсиқлари ёки муассасада назорат остида эканлиги инобатга олиниши шарт. Агар зўравонлик аёлнинг ўзига ғамхўрлик қилаётган шахс, оила аъзоси ёки расмий вакил томонидан содир этилса, бу қонуний равишда "розиликсиз амалга оширилган" деб тан олиниши лозим. Қонунда аниқ белгиланиши керакки, агар аёл қўрқув, манипулятсия ёки босим остида бўлса, унинг жисмоний қаршилик кўрсатмагани ёки сукут сақлагани асло "розилик" деб ҳисобланмайди.
Би-Би-Си Ўзбек хизмати: Васийлар кўпинча аёлларнинг шикоят қилишига тўсқинлик қилиш бўйича ҳуқуқий ваколатга эга бўладилар. Васийлик остидаги аёллар мустақил равишда адвокатга мурожаат қилишлари ёки шикоят топширишлари учун ҳукумат қандай амалий механизмларни яратиши керак?
Жанет Ахилгова: Афсуски, Ўзбекистон ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенсиянинг (CRPD) Факултатив протоколини ҳали ратификатсия қилмаган. Ушбу протокол шахсларга қўмита олдида мустақил шикоят қилиш имконини беради. Шунингдек, ногиронлиги бўлган аёлларнинг ҳуқуқий лаёқатини тан олиш ва васийлик тўғрисидаги қонунларни ислоҳ қилиш зарур. Ҳозирги васийлик режимлари аёлларнинг адолатга эришишига тўсқинлик қилади, чунки васий аёл киши шикоят қила оладими ёки йўқми — буни ўзи ҳал қилади. Бунинг ўрнига "қўллаб-қувватланадиган қарор қабул қилиш" механизмини жорий этиш керак.
Барча бу тўсиқлар, жумладан, ҳуқуқ-тартибот ходимларининг онгидаги стереотиплар жиноятчиларга ўзига хос сигнал беради: улар жазо олмасликларини билишади. Политсия ходими шикоят билан келган аёлга: "Сенга ким ҳам қарарди?!" деб айтиши мумкин. Бундай гаплар аёлларни тўхтатиб қолади. Кўплаб аёллар ҳатто шикоят қилиш ҳуқуқига эга эканликларини ҳам билишмайди, чунки уларда таълим олиш ёки транспорт имконияти бўлмаган.
"Senga kim ham qarardi?!" — huquq-tartibot xodimlarining ushbu stereotipi jinsiy tajovuzga uchragan nogironligi bor ayollarni adolatga erishishdan qaytaruvchi eng katta devordir.
Би-Би-Си Ўзбек хизмати: Жамиятдаги оддий одамлар ногиронлиги бўлган аёллар жинсий зўравонликка дуч келганида уларга ёрдам бериш борасида нима қила оладилар?
Жанет Ахилгова: Ижтимоий-маданий тўсиқлар ҳуқуқий муаммолардан кам эмас. Биз — жамият сифатида қуйидагиларни қила оламиз: аёлларни содир бўлган воқеа ҳақида хабар беришга руҳлантиришимиз, дўстларимиз ёки яқинларимиз оиласида бирор шубҳали ҳолатни кўрсак, бунга кўз юммаслигимиз керак. Жинсий зўравонлик қурбонларини асло айбламаслигимиз шарт. "Нега вақтида айтмади?" қабилидаги ҳукмлардан тийилишимиз лозим. ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ушбу муаммоларни ёритишимиз, бефарқ ўтиб кетмаслигимиз зарур. Биз ташкилот сифатида қонун устуворлигига ишонамиз, бироқ жамият ҳам кўпроқ қўллаб-қувватловчи бўла олиши керак. Чунки ҳар бир инсон, ҳар бир аёл ва қиз хавфсиз ҳаёт кечиришга лойиқдир.





























