Пахта далаларидан оммавий тадбирларгача: Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ҳақидаги баҳслар нега яна қайтди?

Сурат манбаси, Getty Images
Ўзбекистон бир неча йил аввал халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилган муҳим ютуққа эришди. Мамлакат пахта йиғим-терими билан боғлиқ тизимли мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатини бартараф этишга муваффақ бўлди. Халқаро Меҳнат Ташкилоти ва бошқа кузатувчилар бу ислоҳотларни ижобий баҳолаган, натижада йиллар давом этган "ўзбек пахтаси бойкоти" ҳам бекор қилинган эди.
Аммо сўнгги кунларда Самарқанд ва Андижонда юз берган икки ҳодиса ижтимоий тармоқларда янги саволларни ўртага ташлади. Бу воқеалар мажбурий меҳнат муаммоси тўлиқ ортда қолдими ёки унинг айрим кўринишлари ҳануз бошқарув амалиётида сақланиб қолганми, деган муҳокамаларга сабаб бўлди.
Самарқанддаги ташаббус нега баҳсга саба бўлди?
Баҳс Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоевнинг олий таълим муассасалари ректорлари билан учрашувидаги таклифидан бошланди.
Вилоят раҳбари университетларга шаҳардаги айрим кўчаларни бириктириш, профессор-ўқитувчилар эса бу ҳудудларни мунтазам кузатиб боришини таклиф қилди.
"Ҳамма ОТМга биттадан, иккитадан, учтадан кўча берамиз. Сизлар ўша кўчанинг эгаси бўласизлар. Ҳар куни эрталаб битта ўқитувчи айланиб келади ўша кўчани", — деган эди ҳоким.
Мазкур баёнот тарқалиши ортидан ижтимоий тармоқларда танқидлар кучайди. Кўплаб фойдаланувчилар кўчалар ҳолатини назорат қилиш, дарахтларни кузатиш ёки ободонлаштириш билан боғлиқ вазифалар педагогларнинг эмас, коммунал хизматларнинг масъулияти эканини таъкидлади.
Кўп ўтмай Давлат меҳнат инспекцияси ҳам масалага муносабат билдирди. Идора амалдаги қонунчиликка кўра педагог ходимларни касбий фаолиятига алоқадор бўлмаган ишларга мажбурий тарзда жалб этиш тақиқланганини эслатиб, Самарқанд вилояти ҳокимига расмий огоҳлантириш юборилганини маълум қилди. Инспекция бундай ташаббус амалда қўлланса, мажбурий меҳнат ҳолатларига сабаб бўлиши мумкинлигини қайд этди.
Ҳокимлик нима дейди?
Jamoatchilikdagi munozaralardan so'ng Samarqand viloyati hokimligi rasmiy izoh berdi.
Unda qayd etilishicha, tashabbusning maqsadi talaba yoki o'qituvchilarni jismoniy mehnatga jalb qilish emas, balki biologiya, ekologiya, agronomiya, tuproqshunoslik va landshaft dizayni yo'nalishlaridagi olimlar hamda talabalar ilmiy salohiyatidan foydalanishdan iborat.
Hokimlikka ko'ra, yosh tadqiqotchilar va professor-o'qituvchilar daraxtlarni kuzatish, kasalliklarni aniqlash va tavsiyalar ishlab chiqish bilan shug'ullanishi mumkin, barcha agrotexnik va jismoniy ishlar esa kommunal xizmatlar tomonidan bajariladi. Shuningdek, idora har qanday tashabbus qonunchilik doirasida amalga oshirilishi va majburiy mehnatga yo'l qo'yilmasligini ta'kidlagan.
Shunga qaramay, ijtimoiy tarmoqlardagi bahslar to'xtamadi. Muhokamalarda asosiy e'tibor tashabbusning mazmunidan ko'ra, uning ta'lim tizimiga aloqadorligi masalasiga qaratildi.
Андижондаги фожиа
Мажбурий сафарбарлик ҳақидаги баҳслар давом этаётган бир пайтда Андижонда яна бир воқеа жамоатчилик эътиборини тортди.
"Андижон полкаси" рақси билан боғлиқ йирик тадбирга тайёргарлик кўраётган мактаб ўқувчилари йўл-транспорт ҳодисасига учради. Оқибатда бир нафар ўқувчи вафот этди.
Вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маълумотига кўра, тадбир иштирокчилари учун махсус автобус ажратилган бўлган. Бироқ айрим ўқувчилар ўз ташаббуси билан Дамас автомобилида йўлга чиққан ва транспорт воситаси юк машинаси билан тўқнашган. Натижада бир ўқувчи ҳалок бўлган, бошқалари шифохонага ётқизилган.
Расмий изоҳлар ҳодиса тафсилотларига қаратилган бўлса-да, ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалар бошқа масалани кун тартибига олиб чиқди. Фойдаланувчилар болалар оммавий тадбирларга жалб этилганда уларнинг хавфсизлиги учун масъулият кимнинг зиммасида бўлиши кераклиги ҳақида саволлар берди.
Айнан мана шу жиҳат воқеани оддий ЙТҲдан кенгроқ жамоатчилик муҳокамасига айлантирди.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Эски муаммо, янги шакллар
Ўзбекистонда мажбурий меҳнат мавзуси жамият учун алоҳида сезгир масала ҳисобланади.
Бунинг сабаби мамлакатнинг яқин тарихида ётади. Пахта кампаниялари даврида ўқувчилар, талабалар, ўқитувчилар ва бошқа бюджет ташкилотлари ходимларининг сафарбар қилиниши кўп йиллар давомида танқид қилинган эди.
Шу боис таълим ходимлари ёки болалар давлат ва маҳаллий ҳокимият ташаббусларида иштирок этадиган ҳар қандай ҳолат жамоатчилик томонидан алоҳида эътибор билан кузатилади.
Бу бежиз эмас. Сўнгги йилларда ҳам ўқитувчиларни ободонлаштириш, таъмирлаш ёки бошқа ишларга жалб қилиш бўйича турли ҳудудлардан хабарлар чиқиб турибди. Айрим ҳолатларда текширувлар ўтказилиб, мансабдор шахсларга нисбатан чоралар қўлланган.
Кун.уз томонидан 2025 йилда эълон қилинган суриштирувда ҳам ўқитувчиларнинг таътил вақтида ободонлаштириш ва таъмирлаш ишларига жалб қилинаётгани ҳақида мурожаатлар келтирилган эди. Суҳбатда қатнашган Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вакили Сардор Раҳимбоев вазирликнинг мажбурий меҳнатга қарши эканини билдирган.
Шунингдек, Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозхон Каримова жорий йил апрель ойида ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилишга оид ҳолатлар кўпинча маҳаллий ҳокимликлар ташаббуси билан юз беришини таъкидлаган эди. Вазирлик бундай амалиётларни қўллаб-қувватламаслигини маълум қилган.
Жамоатчилик нималардан хавотирда?
Самарқанддаги ташаббус ва Андижондаги фожиа аслида бир-биридан фарқли воқеалар.
Бири - олий таълим муассасаларининг шаҳар инфратузилмаси мониторингидаги эҳтимолий роли ҳақидаги баҳс. Иккинчиси эса оммавий тадбир билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси.
Аммо ижтимоий тармоқлардаги мунозараларда иккала воқеа ҳам битта умумий савол атрофида бирлашди: таълим тизими вакиллари ва болалар давлат ёки маҳаллий даражадаги ташаббусларда қандай чегарагача иштирок этиши мумкин?
Давлат меҳнат инспексиясининг Самарқанддаги ҳолат бўйича тезкор муносабати амалдаги қонунчилик педагоглар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини назарда тутишини кўрсатди.
Бироқ кузатувчилар фикрича, жамоатчиликнинг кескин реаксияси мажбурий меҳнат мавзуси Ўзбекистон жамиятида ҳануз долзарблигича қолаётганини намойиш этди. Самарқанддаги ташаббус ҳақида ёзган айрим нашрлар ҳам бу ҳолат одамлар орасида мажбурий меҳнатга оид эски хавотирларни қайта жонлантирганини таъкидлаган.
Самарқанд ва Андижонда юз берган воқеалар бўйича якуний баҳони тегишли текширувлар ва расмий хулосалар беради. Аммо бир нарса аниқ: бу ҳолатлар мажбурий меҳнат масаласи Ўзбекистонда фақат тарихий мавзу эмаслигини, балки айрим ҳолатларда ҳануз долзарб муҳокама мавзуси бўлиб қолаётганини кўрсатмоқда. Шу боис, давлат идоралари ва таълим муассасаларида фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши жамоатчилик эътиборида қолишда давом этмоқда.































