You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Kun.uz айбдорми ёки Тошкент шаҳар ҳокими? Муносабат муносабат туғдирмоқда...
Ўзбекистон: kun.uz айбдорми ёки Тошкент шаҳар ҳокими? - Мамлакат Бош прокуратураси Жаҳонгир Ортиқхўжаев можаросидан ҳафта ўтиб баёнот берди.
Аммо прокуратура баёноти бир хилда қарши олинмади. Шу соатларда ижтимоий тармоқларни қизитган яна бир мавзуга айланди.
Ўзбекистон Бош прокуратураси расмий баёноти "Тошкент шаҳар ҳокими Ж. Артикходжаевга тегишли аудиоёзувдаги ҳолатларни текшириш юзасидан баёнот", деб номланади.
Мазкур аудиоёзув 16 ноябрь куни ижтимоий мулоқот тармоқларида тарқалиб кетган, худди шу куни Би-би-си Ўзбек хизмати муҳарририятига ҳам келиш тушган.
Унда Жаҳонгир Ортиқхўжаев журналистларни 6 сониянинг ичида гейга айлантириб қўйиш, ўлдириш ва йўқотиб юбориш билан пўписа қилган.
Ҳодиса Ўзбекистоннинг ўзи қолиб, ташқарисида ҳам кескин акс-садо берган.
Бу масалага алал-оқибат шахсан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўзи эътибор қаратган.
Аммо зўравон раҳбарларни кескин танқид қилиш, уларга жиддий танбеҳ ва тавсия бериш билан чекланган.
Орада кечган вақт давомида бу хусусда Ўзбекистон Бош прокуратураси, Олий Мажлис Сенати раиси ва парламентнинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг расмий муносабати кузатилмаган.
Бу каби воқеълик мамлакат Бош прокуратураси Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қарши чора кўришга ожизми, деган фикрларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.
Ижтимоий мулоқот тармоқлари оддий ўзбекистонликларнинг айни мазмундаги таажжуб, истеҳзо ва тушунмовчиликка йўғрилган коментларига ҳам тўлиб-тошган.
Бу хусусда Би-би-си Ўзбек хизматининг мазкур ташкилотлардан расмий муносабат олиш уринишлари ҳам шу пайтгача самара бермай келаётганди.
Сиёсий таҳлилчилар Тошкент шаҳар ҳокими билан боғлиқ ҳодисада шу даражадаги давлат амалдори томонидан камида одоб-ахлоқ кодекси меъёрлари бузилгани, шу боис ҳам бу иш рисоладагидек ўрганилиши ва хулоса ҳам шунга яраша бўлиши кераклигини таъкидлашган.
Ўзбекистонда Сенат Регламент ва одоб комиссияси амалда экан бир манзарада бу ишни қандайдир комиссия ўрганиши кераклигини айтишган.
Ҳатто, аллақачон текшираётган бўлган тақдирда ҳам, бундан Ўзбекистондаги кенг жамоатчиликнинг хабари йўқлиги, жараён шаффоф бўлмаслиги мумкин, деган тахминларга ҳам боришганди.
Эслатиб ўтиш жоиз, Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент шаҳар ҳокими бўлиш баробарида сенаторлик мақомига ҳам эга.
Ўзи билан боғлиқ можаро манзарасида эса, Ўзбекистондан унинг номзоди депутатликка илгари сурилганига оид хабарлар ҳам олинган.
Бош прокуратура баёноти
Ўзбекистон Бош прокуратурасининг расман маълум қилишича, мазкур ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида Жиноят-процессуал кодексининг 329-моддасига асосан терговга қадар текширув ўтказилган.
Расмий баёнотнинг мухтасар мазмунига тўхталинса, "Ж.Артикходжаев (Kun.uz журналистлари - таҳр.) билан мулоқотда муомала маданиятидан четга чиққан ҳолда, интернет нашрларига нисбатан ўзининг салбий муносабатини ифодалаб, гўёки уларни шармандали вазиятларга тушириш имкониятига эгалигини, лекин у бундай тарбияланмаганлиги ва буни хоҳламаслигини билдирган.
Бош прокуратура дастлабки хулосасига кўра, "ушбу жараённи "Kun.uz" мухбири Б.Ахмедов "Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонун талабларига зид равишда, учрашув иштирокчиларини огоҳлантирмасдан телефонига хуфёна ёзиб олган ва таҳририятга тақдим этган. Ўз навбатида, таҳририят томонидан ноқонуний йўл билан олинган ахборот йўқ қилинмаган.
"Оқибатда 2019 йил 16 ноябрда ҳоким Ж.Артикходжаевни обрўсизлантириш мақсадида аудиоёзувнинг ножўя сўзлардан иборат бир ярим дақиқалик қисми (учрашув икки соат давом этган) монтаж қилиниб, номаълум шахс томонидан ижтимоий тармоқларда тарқатилган. Бу ҳолат ўз навбатида оммавий ахборот воситаларида кенг муҳокама бўлишига сабаб бўлган", - дея давом этилади мазкур баёнотда.
"Kun.uz" таҳририяти эса, "ўз айбини англаган ҳолда, ҳақиқий ҳолатни маълум қилиш учун аудиоёзувнинг Ж.Артикходжаевга тегишли қисмини тўлиқ эълон қилган".
Ўзбекистон Бош прокуратураси терговолди текширувида "Ж.Артикходжаев давлат ҳокимияти ва бошқаруви органи мансабдор шахси бўла туриб, давлат хизматчисининг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилмасдан, ҳақоратли ва қўпол сўзларни ишлатган"и аниқланганини ҳам эътироф этиб ўтган.
"Бироқ унинг ножўя сўзлари умумий тарзда айтилгани, муайян шахсга қаратилмаганлиги, реал таҳдид йўқлиги боис, Ж.Артикходжаевнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд эмас", - деган хулосага келгани ҳам маълум бўлган.
"Шу сабабли ЖПКнинг 83-моддаси 2-қисмига асосан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинди", - дейди бу хусусда Ўзбекистон Бош прокуратураси.
Расмий баёнот мазмунидан англашилишича, "Kun.uz" таҳририяти ходимлари ҳам Ж.Артикходжаевга нисбатан даъво ёки эътирозлари йўқлигини баён қилишган".
Лекин баёнот сўнггида битилишича, Ж.Артикходжаев Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган "Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари"ни бузганлигини инобатга олиб, унинг интизомий жавобгарлиги масаласини кўриб чиқиш учун Ҳукуматга мурожаат қилинган.
"Шунингдек, таҳририятнинг мазкур воқеалардаги иштироки юзасидан тегишли муносабат билдириш учун ваколатли орган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига хат юборилди", дейилади Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хабарида.
"Интизомий жавобгарлик масаласи"нинг аниқ қачон кўриб чиқилиши санаси маълум эмас, юборилган хатга АОКА муносабати ҳам ҳалича кўзга ташланмайди.
Ўзбекистон Бош Прокуратураси эса, бундан олдин аудио ҳақиқийлигини текшираётганини билдирган эди.
Мазкур баёнотга Тошкент шаҳар ҳокими ва "Kun.uz" таҳририятининг расмий муносабати шу соатларда имконли эмас.
Ҳокимлик расмий веб саҳифасида бу хусусда бирор бир хабар кўзга ташланмайди, интернет нашри эса, Бош прокуратура расмий баёноти ўзини қайта чоп этиш билан кифояланган, холос.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матубот хизмати ўзининг Telegram каналида чоп қилган сўнгги хабари "Шаҳримизда риштонлик кулоллар кўргазмаси ўтказилади", деган маълумот бўлган.
Акс-садолар
Тошкент шаҳар ҳокими ва Kun.uz интернет нашри ходимлари ўртасида рўй берган ҳодиса АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича вакилининг ҳам эътиборига тушган.
Улар бу хусусда баёнот билан чиқишган, журналистларга нисбатан бу каби таҳдидларни қоралашган. Воқеани ҳар томонлама текширув чақириқлари янграган.
Бунақаси президент Мирзиёев бошқаруви билан кечган ўтган уч йил ичида кузатилмагани билан ҳам алоҳида эътибор топган, хос аҳамият касб этган.
Ўзбекистон Бош прокуратураси ўзининг расмий баёнотида "мазкур ҳолат"ни ҳам ўз назаридан четда қолдирмаган.
"Мазкур ҳолат оммавий ахборот воситалари, блогерлар, сиёсий партиялар, энг ачинарлиси, айрим хорижий экспертлар ҳамда халқаро ташкилотларнинг кескин танқидий муҳокамаларига сабаб бўлди", - дея алоҳида қайд этиб ўтган.
Бош прокуратуранинг мазкур баёноти эълон қилинган қисқа соатларнинг ичида ўзбекистонлик етакчи журналист ва блогерларнинг кескин танқидларига сабаб бўлиб улгурган.
Жумладан, Карим Баҳриев ўзининг Facebook даги расмий акаунтида, "АЙБНИ ЖУРНАЛИСТЛАРГА ТЎНКАШИБДИ... ҲОЗИР БИЗНИ СЎКМОҚЧИСИЗ, ЁЗИБ ОЛСАК МАЙЛИМИ, ДЕБ СЎРАШИ КЕРАК ЭКАН. ҲОКИМ ЖАМОАТ АРБОБИДИР, ҲОКИМИЯТ ЖАМОАТ ЖОЙИДИР, БУ ШАХСИЙ УЙ ЭМАС. ОЧИҚ ЁЗИШИГА ҲАМ ТАЪҚИҚ ЙЎҚ. УМУМАН ҲАММА ЖУРНАЛИСТЛАРНИ ИТНИНГ БОЛАСИ ДЕГАНИ УЧУН, КОНКРЕТ ДАЪВОГАР ЙЎҚ ЭМИШ... ЖУРНАЛИСТЛАР УЮШМАСИ ВА АОКА ЖУРНАЛИСТЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИБ ПРОКУРАТУРАГА МУРОЖААТ ҚИЛМАДИМИ. БИР КИШИНИ СЎКИШ МУМКИНМАСУ БУТУН БИР КАСБ ЭГАЛАРИНИ ОММАВИЙ СЎКИШ МУМКИНМИ... НЕГА СЕНАТОР ҲОКИМ МАСАЛАСИДА СЕНАТГА ЙЎЛЛАМАДИ... ТО ҚОНУН ФАҚАТ ОДДИЙ ХАЛҚ УЧУН ЭКАН ҲУҚУҚИЙ ДАВЛАТ ЙЎҚДИР", дея ўзининг бу хусусдаги фикрларини катта ҳарфлар билан ёзиб қолдирган.
Ўз пости якунида эса, "БИЗНИНГ ТЕЛЕФОНЛАРНИ ЭШИТВОТГАН, ОВОЗИМИЗНИ ЁЗИБ, ДЕЛО ЯМАВОТГАН, ИНТЕРНЕТИМИЗНИ НАЗОРАТ ҚИВОТГАНЛАР БИЗДАН РУХСАТ ОЛГАНМИ, ОКА", - деган сўзларни ҳам қўшимча қилган.
Худди шу пост остида Тошкент ҳокими билан боғлиқ можаро манзарасида ўзига Ўзбекистон Бош прокуратураси таҳдид ва туҳмат қилаётганини айтиб чиққан бошқа бир таниқли журналист Каримберди Тўрамурод ҳам комент қолдирган.
Журналист, "Менинг саволим кўп эди-ю, биттасини ҳам бермайман! Савол беришимни пойлаб ўтиришибди. Масалан, "Шундан кейин ҳам шу идорага ишонч бўладими?" ёки "Бу идора ўз обрўсини ўзи тўкмаяптими?" "Шу энди жавобми?" деган саволларимни. Бу саволларни бериб бўпман!", - деган.
Ўзбекистонда кўпчиликка яхши таниш блогер Дима Қаюм ҳам, таъбир жоиз, ўз шахсий тажрибасидан келиб чиқиб, бу баёнотга ўз муносабатини билдирган.
"Муайян шахсга" қаратмай айтилган бир оғиз сўзим учун 5 окладга тушганман...Ғирром ўйнаманглар, Дўстлар..!:)", - дея ҳазиломуз пост чоп этган.
Блогернинг Facebook саҳифасидаги мазкур пости ўтган икки соатнинг ичида ўнлаб коментларга сабаб бўлган.
Уларнинг бирида, "Shunaqa aka, ajoyib Teatrda bizdagi ishlar... Kino qilsa, Oskar oladi... chunki hech kim tassavvuriga sig'dirmagan ishlar bo'ladi...", деган.
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳалича журналистлардан узр сўрамаган.
22 ноябрда бўлган йиғилишда Шавкат Мирзиёев ҳам ундан узр сўрашни талаб қилмаган.
Йиғилишда иштирок этган Би-би-си манбасининг айтишича, ҳоким Ортиқхўжаев йиғилганларга "Президент менга ишдан бўшатмаслигини айтди", деган.
Тошкент шаҳар ҳокими аудиода акс этган таҳдидлар контекстдан узиб олинганини билдирган. "Тўлиқ версия қўйилса бошқа картина пайдо бўлади", деган у.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати Ортиқхўжаевнинг учрашувда журналистларни айблагани ва "Президент бўшатмайман, деган" гапларини рад қилди.
"Айблаганиям, Президент бўшатмаслиги ҳақида гапирганиям, ҳаммаси бўлмаган гап!", дейилади жавобда.
Матбуот хизмати ҳокимнинг узр сўрамагани тўғрисидаги саволни очиқ қолдирди.
Президент Мирзиёев ҳоким ва вазирларни журналистлар билан мулоқотда йўл қўяётган кибри ва муомала маданияти учун танқид қилди.
"Бу гапларни нима учун айтаётганимни ўзингиз яхши билиб турибсиз", деркан, Президент бирор амалдордан ном тутмаган.
Шавкат Мирзиёев ўшанда, "оёғи ердан узилган кўплаб раҳбарларни ишдан олаётганини ва қанчалик оғир бўлса ҳам чора кўришга тайёрлигини билдирган".
Ўзбекистон Бош прокуратураси ана шу видео селектор йиғинидан тўрт кун ўтиб, айни мазмундаги баёнот билан чиққан.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek