You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: "Дўстим Давлат Назар ўлими уюштирилмаган - блогерлар бунинг ортидан обрў орттирмасин!"
12 ноябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ички ишлар вазирлиги мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида фожиали тарзда ҳалок бўлган хоразмлик таниқли журналист Давлат Назар (Давлатназар Рўзметов)нинг ўлими юзасидан расмий изоҳ берилди.
Анжуман давомида расмийлар 6 ноябрь ярим тунга яқин вақт ичида журналист Давлат Назар билан содир бўлган автоҳалокат уюштирилгани тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқалган миш-мишларни рад этишган.
48 ёшда бўлган журналистнинг ўлими юзасидан Бош прокуратура шундай баёнот билан чиққан эди:
"2019 йил 6 ноябрь куни соат 23:55 ларда фуқаро С.У. ўзи ишлаб келаётган корхонасига тегишли бўлган "Газел« русумли автомашинани »Урганч-Хива" йўлининг 4-километрида бошқариб бораётганида, йўлни кесиб ўтаётган «Жамият» газетаси мухбири Давлатназар Рўзметовни уриб юборган. Натижасида Д.Рўзметов бош қисмидан жароҳат олиб, воқеа жойида вафот этган.Мазкур ҳолат юзасидан Урганч тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда".
Бироқ бундай расмий изоҳлар журналист ўлими юзасидан турли миш-мишлар урчишининг олдини ололмаган.
Сўнгги вақтларда ўзига нисбатан босимлар ортиб бораётгани, мунтазам кузатилаётганини бир неча бор таъкидлаган журналистнинг кутилмаган ўлими кўпчилик учун шубҳали туйилган.
Шу сабабдан 12-куни ИИВ расмийлари билан ташкилланган матбуот анжуманида журналист ҳалок бўлган 6 ноябрь тунида кўчалардаги кузатув камераларидан олинган видеотасвирлар йиғилган журналист ва блогерларга намойиш этилган.
Видеотасвирлардан англашилишича, журналист Давлат Назар 6 ноябрь куни икки дўсти билан бирга Урганч шаҳрида ярим тунга қадар кафеда бўлган, сўнг вақт соат 22.00 дан ўтганда, ўз уйи - Қўшкўпир тумани томон йўлга чиққан.
Матбуот анжуманида оммага илк бор ошкор этилган тафсилотлардан бири - бу журналистнинг Қўшкўпир томон кетишда такси ҳайдовчиси билан жанжаллашиб машинадан тушиб қолгани бўлган.
Айнан ўша дақиқаларда қоп-қоронғи йўлни кесиб ўтаётган журналистни қарши йўналишдан келаётган Газел русумли автомашина уриб кетган, дейди ИИВ расмийлари.
Аммо ўлимга қадар содир бўлган воқеаларнинг бундай батафсил тафсилоти ҳам айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини хоразмлик журналистнинг ўлими бўйича шубҳали фаразларни илгари суришдан тўхтатиб қола олмаган.
"Дўстим ўлдирилмаган"
Би-би-сига Давлат Назарнинг сўнгги кунида унинг ёнида бўлган адвокат Умид Давлатовдан 6 ноябрь куни воқеалар аслида қандай бўлганини сўзлаб берди.
Адвокат матбуот анжуманида маълум қилинган тафсилотларнинг бари ҳақиқат экани, журналистнинг ўлими уюштирилган, деб ўйлашга заррача асос йўқлигини таъкидлади.
Сентябрь ойидан бери руҳий касалхонада сақлаб келинаётган блогер Шабнам (Нафосат) Оллошукурова иши бўйича 6 ноябрь куни Хоразмга борган адвокат Давлатов шу масалани ёритиш ниятида бўлган Давлат Назар билан кўришгани, марҳум журналист ўша вақтда анча хуш кайфиятда бўлгани ҳақида сўзлайди.
"Давлатназар ака ўзига нисбатан очилган барча маъмурий ишлар ёпилганини айтиб, энди эркин қушман, деб хурсанд бўлди", эслайди Умид Давлатов.
"У Қўшкўпир туманида содир бўлган жиноят иши бўйича Хоразм ички ишлар бошқармасидан ўша куни изоҳ экан, мени ҳам у ерга бирга боришга таклиф қилди", давом этади журналистга нисбатан сўнгги пайтлар босимлар ва кузатувлар бўлмаганини билдирган адвокат.
Унинг сўзларига кўра, икковлонни қабул қилган Хоразм вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Тоҳир Казаков меҳмонлар билан самимий суҳбат қурган ва журналистга нисбатан очилган барча ишлар бекор қилинганини тасдиқлаган.
"Казаков шунча пайт бу кишини чақириб келдик, устингиздан аризалар тушган, келиб тушунтириш хати ёзиб кетинг, дедик, лекин бу киши қочиб юраверди, деб кулди", хотирлайди Давлатов.
"Мана келиб, тушунтириш хати ёзгандилар, аризаларни қонуний ўрганиб чиқиб, иш очишга асос тополмадик ва ишларни ёпдик, деди Казаков".
Шунингдек, Умид Давлатов блогер Шабнам Оллошукуровани кўриш истагини билдирганда, Тоҳир Казаков бунга ҳеч қандай эътироз йўқлигини айтгани ҳақида гапиради.
АОКА Давлат Назар оиласига ёрдам кўрсатди
14 ноябр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги марҳум журналист Давлат Назар оиласига ёрдам кўрсатгани ҳақида хабар тарқатди.
Агентликка кўра, моддий маблағдан ташқари марҳумнинг оила аълоларига ўқув қуроллари ва бадиий адабиётлар ҳам берилган.
Шабнамнинг аҳволи яхши
Давлатовнинг билдиришича, 6 ноябрь куни у Давлат Назар билан Шабнам Оллошукуровани кўргани борган ва блогернинг аҳволи яхши эканидан хабар топган.
"Шабнамнинг кўриниши анча яхши эди. Ундан сенга ҳеч қандай уколлар қилишмаяптими, руҳий-жисмоний босимлар бўлмаяптими, деб сўрадим. У йўқ, деди. Ётган хонаси ҳам иссиқ эди", ҳикоя қилади адвокат.
Би-би-сининг расмийлар Оллошукурованинг саломатлиги яхши эканини таъкидласа ҳам, нега у ҳануз касалхона ушлаб турилибди, деган саволига Давлатов шундай жавоб беради:
"Ҳалиям сақланаётганининг сабаби - бир ойда бир марта комиссия бўлиб ўтади. Ўтган ойда Омбудсман билан борган комиссия ташхисда кўрсатилган касалликнинг ҳали аломати бор, охиригача тузалмаган. Кейинг комиссия шу ойнинг охирида бўлади".
Оллошукурова билан учрашувдан сўнг Умид Давлатов журналист Давлат Назар билан кафега боргани ва ярим тунга яқин ўша фожиа содир бўлганини айтади.
"Мен эрталаб соат тўртга яқин Давлатназар ака билан бўлган воқеани эшитганимдан бери терговни ўз кўзим билан кузатиб турибман. Агар Давлатназар аканинг ўлими уюштирилганига заррача аломат бўлганда эди, мен нафақат унинг қалин дўсти, балки адвокат сифатида ҳам бу воқеанинг тагига етмасдан қўймас эдим".
Сўзининг охирида адвокат матбуот вакиллари ва блогерлар журналистнинг ўлимига ўзгача тус беришга уринаётгани ва турли уйдирмалар тарқатаётганини тилга олиб ўтади.
"Айрим ўзини блогер атаб олганлар шунақа уйдирмалар орқасидан обрў орттиришга ҳаракат қилишмоқда. Агар бу суиқасд эканига озгина шубҳам бўлганда ҳам, охиригача етган бўлар эдим".
Мавзуга алоқадор
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek