Россия, Новосибирск: Марказий осиёлик ишчилар кимга қарши бош кўтарди?

Сурат манбаси, NGS.RU
Душанба, 7 октябрь куни Новосибирскдаги Хилок бозори яқинида 200 дан ортиқ муҳожирлар иштирокида оммавий тўқнашув содир бўлди. Унда бозор ишчилари томонидан «Тамерлан» гуруҳига қарши тош ва ғиштлар отилган, тўда аъзолари эса ишчиларга қарата тўппонча ва автоматдан ўқ узганлар.
Ҳодисада бу гуруҳ 2 та автомашинаси ёқиб юборилган. Жами 5 киши ўқдан яраланган. Оммавий тартибсизлик полиция ва ОМОН ходимлари томонидан бостирилган. 50 дан ортиқ киши маҳкамага олиб кетилган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳаларда кенг майдонда одамларнинг бақир-чақири ва ўқ овозлари, тош ва ғишт отишаётгани, автомат ва тўппонча кўтарган қора ниқобли одамлар, уларнинг бир томонга қарата ўқ узаётгани, ёнаётган машиналар ва ўқ қолдиқлари манзаралари кўринади.
Полиция ва ОМОН чилар иштирокчиларни, «Тез ёрдам» эса жабрланувчиларни махсус машиналарга жойлаштираётгани саҳналари бор.
РФ ИИВ Новосибирск бошқармаси мазкур оммавий тартибсизликда 200 дан зиёд киши иштирок этгани, ҳавфсизлик учун ЙҲҲ идораси томонидан бозор ҳудуди атрофидаги йўллар бекитилгани маълум қилган.
Би-Би-Си ўзбек хизмати мазкур ҳодиса юзасидан воқеа гувоҳлари, маҳаллий журналистлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан боғланиб, вазиятни ўрганди.
"Бу 90-йиллармас, айни кунлардаги воқелик"

Сурат манбаси, NGS.RU
- Рэкитчилар, бандитлар, ишлаш ҳуқуқи учун мажбурий ўлпон, ёқиб юборилган ва ғиштлар билан синдирилган хорижий автомашиналар - бу 90-йиллар эмас, шу кунларда Хилок бозоридаги отишма кўринишлари , - деб ёзади «NGS.RU» маҳаллий нашри.
Воқеа жойига бориб ҳодисани яқиндан ўрганган нашр мухбири бозор ишчилари қуролланган бандитларга қарши ғиштлар билан қаршилик кўрсатганини аниқлаганини маълум қилади.
Оммавий тартибсизлик иштирокчиларининг катта қисми асли ўзбекистонлик ва қирғизистонлик ўзбеклар. Улар асосан Малигина кўчасидаги Хилок бозорида қўшни давлатлардан келтирилган мева ва сабзавотлар билан савдо қилишади. Бозор ёнидаги кенг майдонда катта миқдордаги полиз маҳсулотлари келтирилган юк машиналарининг автотураргоҳи жойлашган.
Савдогарлар ва қуролланган шахслар орасидаги тўқнашув шу ерда юз берди.
Жанжал нимадан чиқди?

Сурат манбаси, NGS.RU
- Бу бир-икки кунда юзага келган ишмас, «пичоқ бориб суякка етган»идан кейин халқ уларни бозордан қувиб чиқарди, - дейди Би-Би-Си ўзбек хизматига ҳодиса гувоҳларидан бири Маҳаммадэмин Абдулазизов.
Новосибирскдаги асли ўзбекистонлик фаолга кўра, кейинги 5 йилда «Тамерлан» деб номланувчи гуруҳ Хилок бозори ишчиларидан мажбурий ўлпон йиғиб келган. Унинг миқдори савдогарларнинг моли ва юк ҳажмига қараб 1500 -3000 рубль қилиб белгиланган.
"Тамерлан"чилар улуш беришдан бош тортган савдогарларни уриб-дўппослаб, ўқотар қуроллар билан таҳдид қилиб қўрқитиб келишган.
Савдогарлар бу ноқонуний талабдан шикоят қилиб йиллар давомида кўп марта полицияга шикоят аризалари билан мурожаат қилганлар, аммо уларнинг арзлари бесамар кетган.
Гувоҳларнинг матбуотга берган интервьюларига кўра, 7 октябрь куни тушки соат 13 ларда бозордаги савдогарлардан бири жой учун расмий солиқ тўлашдан ташқари номаълум шахсларга мажбурий ўлпон тўлаши кераклигини эшитган. Унинг норозилигига бошқа савдогарлар ҳам қўшилиб, катта жанжалга сабаб бўлган.
Полиция рэкитга "крыша" бўлганми?

Сурат манбаси, NGS.RU
ИИВ матбуот хизмати оммавий тартибсизлик чоғида полиция нозири иштирокчиларни огоҳлантириш учун ҳавога ўқ узганини маълум қилди. Савдогарлар эса полиция УАЗ автомашинасида зиддият авжига чиққанидан кейин келганини, полиция ходимларидан ҳеч ким ҳавога ўқ узмаганини айтишмоқда.
Жанжални бостириш учун полиция икки томонлар орасига машиналарни жойлаштириб ўртани тўсган. Шундан сўнг ўқдан яраланганларни олиб кетиш учун "Тез ёрдам" чақирилган.
ИИВ матбуотга ўқдан яраланганлар сони 1 киши эканлигини билдирди, аммо Новосибирск соғликни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати ўқдан яраланган 5 кишига тиббий хизмат кўрсатилганлигини маълум қилган. Улардан 3 нафари шаҳар шифохонасига жойлаштирилган.
Маҳаллий нашр мухбири билан суҳбатлашган юк машина эгаси полиция билан рэкит билан маҳфий алоқаси борлиги, улардан қўрққани боис ҳатто исмини ҳам айта олмаслигини билдирган.
-Навбатдаги улуш талаб қилишда тоқати тоқ бўлган савдогарлар уларни ура кетганидан кейин, улар кетиб, автоматлар билан қайтиб келишди. Халқда қурол йўқ, тошбўрон қилишга ўтди, улар эса отишди , - дейди новосибирскдаги суҳбатдошимиз .
«NGS.RU» нашри Би-би-си ўзбек хизматига тақдим қилган суратларда отишмадан кейинги ҳолатни кўриш мумкин: ерда ўқ қолдиқлари, ёқиб юборилган ва ойналари синдирилган, ўқ илма-тешик қилган машиналар, совутгич, узун-қатор юк машиналари.
Гувоҳлар томонидан телефонга тасвирга олинган видеоларда кўпсонли одамларнинг рус ва ўзбек тилларида ҳайқириқ овозлари эшитилади.
Қора ниқоб кийган кишиларнинг қўлларида пистолет ва автоматлар билан бир томонга ўқ узилаётгани ва иккинчи томондан тошлар отилаётгани кўринади.
Оммавий ахборот воситалари қуролланган ниқоблилар "Тамерлан" гуруҳи аъзолари эканлигини ёзишмоқда.
"Тамерлан" гуруҳи ҳақида нималар маълум?
Россия ОАВлари бу гуруҳ асли ўзбекистонлик ва қирғизистонликлар Малигина кўчасидаги қўшни давлатлардан мева ва сабзавотлар олиб келадиган юк машиналари қўналғаси жойлашган майдонга норасмий эгалик қилишганини ёзишмоқда.
Айни дамда интернет қидирув натижасида "Тамерлан" номли МЧЖ ҳам ўртага чиқади.
-Бу гуруҳни ҳамюртимиз - қирғизистонлик ўзбек томонидан ташкил этган, ўзи раҳбарлик қилади. Унинг аъзолари қирғизистонлик, ўзбекистонлик, доғистонликлар ва гуруҳни маҳаллий полиция билан алоқаси борлиги гумон қилинади, - дейди Маҳаммадэмин Абдулазизов.
Новосибирск вилояти ИИБ раҳбари номига Хилок бозори савдогарлари ва юк машиналари эгалари томонидан ёзилган аризаларда гуруҳ аъзоларининг исм-шарифлари ва фуқаролиги ёзилган.
Улар орасида Абдурашид, Фахриддин, Алишер, Зуҳриддин каби исмлар ва Ўзбекистон фуқароларига тегишли паспорт маълумотлари эканлиги келтирилган.
Уюшган жиноий гуруҳнинг бозор ишчиларига босим ўтказиб, уларни ўлпон тўлашга мужбурлагани, қўрқитиш ва калтаклаш ҳоллари бўйича полицияга ёзилган мурожаат аризаларининг жавобсиз қолдирилиб келинганига депутат Алексей Александров эътибор қаратди.
-Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари бу ҳолатни тушунтиришлари лозим, - деди депутат матбуотга.
Нотинчлик давом этаяпти
Ҳодиса юзасидан Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги консулликлари ходимлари муносабат билдирганлар. Қирғизистон ТИВ бозорга дипломатларни юборди ва вазиятни тўлиқ назоратга олганини маълум қилди.
-Ўзбекистон консуллигидан ҳам вакил келди, жойларга борди, вазиятни келиб кўрди. Полиция маҳкамаларига бориб бу ҳозирги ҳолатни ичида Ўзбекистон фуқаролари йўқлигини билиб, кетишди, лекин жабрланганлар жуда кўп. Машина-машина юкларини олдириб қўйганлар кўп. Уларнинг арзлари бор, вакиллар халқ билан гаплашишса, дардини эшитишса улар айтарди, - дейди Маҳаммадэмин Абдулазизов.
Айни пайтда ИИВ матбуотга мазкур ҳодиса юзасидан бир неча фактлар бўйича жиноий ишлар қўзғатилиб, тергов-суриштирув ишлари олиб борилаётгани маълум қилган.
Би-би-си ўзбек хизмати ИИВ Новосибирск бошқармаси билан боғланди. Ўзини матбуот хизмати вакили деб таништирган шахс Хилок бозорида рўй берган оммавий тартибсизликлар бўйича расмий маълумотлар берилганини билдирди. Унга қўшимча равишда қонунбузарлар орасида Ўзбекистон фуқаролари борлигини маълум қилди.
- Хилок бозоридаги оммавий тартибсизликдан сўнг Ленин туманида кенг қамровли рейдлар ўтказилаяпти. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари томонидан қонунбузарликлар бўйича аниқланди. Қўшни давлатларнинг 195 нафар фуқаролари текширилди. Улардан 30 таси полиция маҳкамаларига олиб келинди. 11 нафар чет эл фуқаролари муҳожирларни вақтинчалик сақлаш марказларига жойлаштирилди, уларни мамлакатдан чиқариб юбориш бўйича хужжатлар расмийлаштирилаяпти, - дея маълумот берди Новосибирск ИИБ матбуот хизмати.
Новосибирскдаги ўзбек фаоли Маҳаммадэмин Абдулазизов бу каби воқеаларга ҳукумат даражасида эътибор қаратиш лозимлигини билдирди.
- Бу жуда жиддий масала. Ўзбекистондан тонналаб мева ва сабзавотлар экспорт қилинаяпти. Деҳқону савдогарлар бирим икки бўлсин деб юк машиналарида Россияга молини олиб келсаю уларга турли уюшган гуруҳлар куч ишлатиб талончилик қилишса, икки давлат учун ҳам ёмон ҳолат. Ташқи ишлар вазирлиги, консулликлар, расмийлардан бу вазиятни яхшироқ ўрганишларини сўрардим, - дейди фаол.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek































