Ўзбекистон: Тошкент шаҳар ҳокими kun.uz журналистига ҳужум қилган собиқ амалдорига далда берди

Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Олмазор туманининг собиқ ҳоким ўринбосари Абдурасул Ваҳобов прокуратура томонидан киритилган тақдимнома асосида бўшатилганини инкор қилди.

У собиқ амалдорнинг яқинларига мурожаат қилиб уни беғараз инсон, дея таърифлаган.

Ҳокимнинг togri.uz сайтига берган изоҳидан Ваҳобов журналистга ҳужум натижасида ёки Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Тошкент шаҳар ҳокимига киритилган тақдимнома асосида бўшатилмагани англашилади. У ўз хоҳишига кўра ишдан кетган, деган Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Олдинроқ Бош прокуратура матбуот хизмати kun.uz сайтига Тошкент шаҳар прокурори томонидан ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ҳокими номига тақдимнома киритилгани, тақдимнома кўриб чиқилиши натижасига кўра Ваҳобов эгаллаб турган лавозимидан озод қилингани ҳақида хабар берган.

Тошкент шаҳар ҳокими собиқ амалдорга ҳеч қандай "босим ўтказилмагани" ва Абдурасул Ваҳобов хусусий тадбиркорлик соҳасида шуғулланиш ниятида эканлигини айтган.

"Ижтимоий тармоқларда сизнинг ўғлингиз Абдурасул Ваҳобов тўгрисида ҳар хил салбий фикрлар ва изоҳлар билдирилиши мумкин. Сизларга сидқидилдан бир илтимосим бор, уларга аҳамият берманг ва ўзингизни қийнаманг. Сизни фарзандингиз билан 1,5 йил аввал танишиб, шу давр мобайнида мен уни фидойи ва жонкуяр, кеча-ю кундуз халқ дардини енгил қилиш мақсадида юрган қалби тоза инсон сифатида кўрдим", дея собиқ ходимига тасниф берган Ортиқхўжаев.

4 август, чоршанба куни Kun.uz ўзининг журналистлари Тошкентда мансабдор шахс томонидан тажовузга учрагани ҳақида видео эълон қилганди.

Маҳаллий тадбиркор арзини ўрганиш учун ҳокимликка борган журналистлар видеода Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳабовнинг тажовузига учрагани акс этади. Kun.uz хабар қилишича, мансабдор шахс таҳририятга тегишли штативни синдирган.

Видеода kun.uz тасвирчисини ҳоким ўринбосари "ўзбекмисан", деб қувлаб юраркан, унинг ёнида милиция ходими бефарқ юрганини кўриш мумкин.

Ҳужум хабаридан сўнг Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати Абдурасул Ваҳобовнинг видеоинтервьюси эълон қилди.

Интервьюда Ваҳобов kun.uz мухбири Раҳматилла Исроилов муқаддам ундан тамагирлик йўли билан ер талаб қилгани ва бунинг эвазига катта миқдорда пора таклиф қилгани ҳақидаги даъвони илгари сурган.

Даъво юзасидан KUN.UZ зудлик билан ўз ички суриштирувини ўтказганини маълум қилди.

"Хизмат текширувида мухбир Р.Исроилов унга нисбатан А.Ваҳобов илгари сураётган айбловлар бирор асосга эга эмаслигини, А.Ваҳобов билан муқаддам ҲЕЧ ҚАЧОН кўришмаганини, ҳаётда илк марта 14 август куни учрашганини ва ўз-ўзидан А.Ваҳобовнинг гаплари туҳматдан иборатлигини маълум қилди", дея баёнот берган kun.uz.

Журналист Раҳматилла Исроилов Бош прокурор номига мурожаат йўллаб, ҳоким ўринбосари унга оғир жиноятни содир этишда (пора бериш) айблаб, туҳмат қилганлиги, шу сабабли унга нисбатан чора кўришни сўраганди.

17 август куни Бош прокуратура Би-би-сига ушбу ишни ўз назоратига олгани билдирди.

"Ҳоким ўринбосарининг ҳужуми ва уни кузатиб турган ички ишлар ходимининг ҳаракатсизлигини Тошкент шаҳар прокуратураси ўрганмоқда", деди идора матбуот хизмати.

25 август куни Тошкент шаҳар прокуратураси ушбу ҳолатни ўрганиб, ҳоким ўринбосарига нисбатан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилди.

Яъни ҳоким ўринбосарининг ҳокимлик биносида журналистга ташланганлик ҳолатини жиноят эмас деб топган.

Бу ерда масала аниқ ва тиниқ, деб ёзади ҳуқуқшунос Хушнудбек Худайбердиев.

"Пора таклиф қилгани рост бўлса, журналист жавобгарликка тортилсин, ахир бу коррупция! Агар бу туҳмат бўлса, унда замҳоким жавобгарликка тортилсин, ахир бу муттаҳамлик!

Лекин шахсан мен замҳокимнинг интервьюсидаги гапларига ишонмадим, ишона олмадим", дейди у.

Тошкент шаҳар прокуратураси ҳокимнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари топилмаганини маълум қилгач, бу ижтимоий тармоқларда кескин норозиликкка сабаб бўлди.

Шундан сўнг Бош прокуратура шаҳар прокуратурасининг жиноий иш қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарорини бекор қилиб, ишни қайтадан кўриб чиқиш бўйича топшириқ берган.

Журналистни ким ёки нима ҳимоя қилиши керак?

27 август куни журналистларга ҳужум қилган Олмазор туман ҳокимининг ўринбосари ишдан кетганлиги тўғрисида бир-бирига зид хабарлар чиқди.

Ҳоким ўринбосари Абдурасул Ваҳобов ишдан кетганини Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бош директори Комил Алламжонов тасдиқлади.

У ҳар бир журналист ва блогер Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳимояси остидалигини билдирди.

"Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобов вазифасидан кетди. Масала охирига етди. Ҳар бир ОАВ вакили ёки журналист, ҳар бир блогер бизнинг агентлигимиз ҳимоясида.", —дейди Алламжонов.

Журналист агентлик ҳимояси остида деган фикрга ижтимоий тармоқдагилар эътироз билан чиқди.

"Сизнинг шахсий ҳимоянгиз эмас, барча учун баробар бўлган қонун ва мустақил суд керак мамлакатга", дейди @the-bakiroo.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek