Президент сайлови: Ўзбеклар қандай одамга овоз беришмоқчи?

Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Президент сайлови: Ўзбеклар кимга овоз беришмоқчи? - Шундай одам бўлсинки, солиҳ мусулмон бўлсин, дастурхонимизга нон келтирсин, Ватанга хизмат қилсин, Ватанни ором қилсин...

Бу 71 ёшли ўзбек Муҳаммад Иброҳим отанинг сўзлари.

У киши Ўзбекистоннинг жанубий қўшниси бўлган Афғонистонда яшовчи миллионлаб ўзбекларнинг биттаси.

"Қани, Худо меҳрибон, яхши бир тақдир насиб этса, Ватанни тинч қилса, бир ватанпараст авлод топилса, дуоимиз шу", - дейди отахон.

Афғонистон президент сайлови эртага, 28 сентябрь куни бўлиб ўтади.

Унда амалдаги президент Муҳаммад Ашраф Ғани, ижроий раиси доктор Абдулла Абдулла илова жаъми 15 нафар номзод беллашади.

Афғонистон эса, дунёнинг Ўзбекистондан кейин энг катта сондаги ўзбеклар яшовчи иккинчи давлати бўлади.

Уларнинг овозлари эса, Афғонистон президент сайловида ҳамиша муҳим, ҳатто, ҳал қилувчи таъсирга эга бўлиб келган.

Қўрқув, хавотир ва умидлар

Аммо президент сайлови арафасида ўзбеклар орасида худди шу каби қоришиқ кайфият ҳукмрон. Уларнинг ярмига яқини сайловга бормоқчи эмас.

Бу каби ҳолат, устига устак, Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош ва нисбатан тинч, деб кўрилган шимолий Балх вилоятида кузатилмоқда.

У ерда бўлган мухбирларимизга кўра, одамлар Толибон таҳдидидан хавотирда, ўз жонлари қайғусида.

Ҳатто, овоз бераман, деган кўпчиликда ҳам умидсизлик, ҳафсаласи пир бўлганлик кайфияти кузатилади, дейишади улар.

Овоз бераман деган одамлар эса, қанийди, сайлов шаффоф ва адолатли бўлса, деган умидда.

Афғонистондаги сўнгги президент сайлови қаллобликларга оид иддаолар манзарасида қолиб кетган.

Сайловлар билан боғлиқ вужудга келган инқирозий вазият, ҳатто, мамлакатда фуқаролар урушига олиб келиши мумкин, деган хавотирларни ҳам пайдо қилган.

Сайлов натижалари бир неча ой кечикиб эълон қилинган, бўҳрон фақат Америка Қўшма Штатларининг иштироки билан ҳал бўлганди:

Сўнгги президент сайлови ортидан, илк ўзбек биринчи вице-президент сифатида тарихга кирган таниқли ўзбек қўмондони ва сиёсатчиси генерал Абдулрашид Дўстум эса, бу йил президентликка ўз номзодини илгари сурмаган.

Президент сайлови Афғонистон миллий бирдамлик ҳукумати сафларига дарз етган бир манзарада ҳам бўлиб ўтади.

Юзага келган танглик, ҳаттоки, сиёсий бўҳронга ҳам қиёс бериб келинган.

Худди шу манзарада генерал Дўстум бу гал мамлакат ижроий раиси Абдулла Абдулла номзодини қўллашга қарор қилган.

Унинг девони раҳбари Иноятуллоҳ Фараҳманд доктор Абдулла Абдулланинг биринчи вице-президенти сифатида сайловда иштирок этадиган.

Би-би-си Ўзбек хизмати Афғонистон президент сайлови арафасида яна кўплаб маҳаллий ўзбекларга микрофон тутди.

"Президент дегани халқнинг, миллатнинг дарди, ғамига шерик бўлса, ҳолини сўраса", - дейди қурутфурушлик билан шуғулланувчи яна бир суҳбатдошимиз Суё Муҳаммад.

Қирқ йилдирки урушлар ичидаги Афғонистон минтақанинг аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош давлати бўлади.

Ўзбеклар илова кўпчилик туркийзабон халқлар эса, асрларки, Афғонистоннинг айни шу минтақаларида яшаб, умргўзаронлик қилиб келишади.

Ҳар икки омил назарда тутилганда, Афғонистондаги вазият барча Марказий Осиё давлатларининг диққат-эътиборларида ва жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келади.

Бу йилги президент сайлови АҚШ ва Толибон ҳаракати ўртасидаги тинчлик музокаралари бекор қилинган, Афғонистонда толиблар қайта кучайган ва яна устма-уст ҳужумларга зўр бераётган бир манзарада бўлиб ўтади.

Сўнгги йилларда Афғонистоннинг бутун шимолий, шимолий-шарқий минтақалари, ҳатто яқин-яқингача нисбатан тинч, деб кўрилган Ўзбекистон билан бевосита чегарадош ҳудудларида ҳам хавфсизлик билан боғлиқ вазиятнинг жиддий издан чиққани кузатилади.

Худди шу манзарада янги Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти ва президенти Афғонистон билан ҳар томонлама алоқаларни кучайтириш, мустаҳкамлаш сиёсатини ҳам олиб бормоқда.

Афғон можаросига тинч йўл билан ечим топишга зўр бермоқда, бу борада Марказий Осиёда пешқадам мавқеъни тутмоқда.

Расмий Тошкентнинг Афғонистон президент сайловига ўз кузатувчиларини юборган-юбормаганига оид расмий хабар ҳозирча кўзга ташлангани йўқ.

Икки давлат ўртасидаги чегара эса, йилларки, кучли қўриқланганича қолаётгани кузатилади.

Афғонистон, бошқа томондан, Покистон билан минтақанинг икки ўзбек жангари гуруҳи фаолият юритиб, бошпана топиб келаётган иккита давлатидан биттаси бўлади.

Покистон эса, афғон президент сайлови арафасида Афғонистон билан барча чегара ўтиш нуқталарини ёпиб қўйган.

Афғонистон Толибон ҳаракати худкушлик ва ракета ҳужумлари воситасида сайловни издан чиқариш билан таҳдид қилган.

Афғон ҳукумати овоз бериш шохобчалари хавфсизлигини таъминлаш учун 100000 га яқин ҳарбийлар ва полиция кучларини сафарбар этган.

Аммо, шунда ҳам, айнан хавфсизлик билан боғлиқ вазият сабаб, етти мингта овоз бериш шохобчасидан икки мингтасининг ёпиқ қолиши тахмин этилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek