You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: "Буюк келажак" - Баҳром Исмоилов Экспертлар Кенгашидан чиқарилганини рад этмоқда
19 сентябр куни Би-би-си Ўзбек Хизмати вебсайтида "Ўзбекистон: «Буюк Келажак»нинг келажаги йўқми?" номли мақола эълон қилинган эди. Мақолада «Буюк Келажак» халқаро нодавлат-нотижорат ташкилоти таркибидан ўн нафар экспертнинг чиқиб кетиши мавзуси тилга олинган эди. 20 сентябр куни ташкилот таъсисчиларидан бири бўлмиш Баҳром Исмоилов мазкур мақола юзасидан ўз раддиясини юборди.
19 сентябр куни чоп этилган мақолада бир гуруҳ экспертларнинг мақсади президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш бўлган ва Ўзбекистоннинг 2035 йилга қадар узоқ муддатли ривожланиш моделини тайёрлаш устида ишловчи «Буюк Келажак» халқаро нодавлат-нотижорат ташкилоти (ХННТ)ни тарк этишига Баҳром Исмоилов билан боғлиқ ички зиддиятлар сабаб бўлгани ва бунинг ортидан Исмоиловнинг ўзи ҳам ташкилот Мувофиқлаштирувчи Кенгаши қарори билан 11 сентябрь куни Экспертлар Кенгаши таркибидан чиқарилгани борасидаги маълумотлар баён этилган эди.
Бироқ Баҳром Исмоиловнинг иддаосига кўра, у «Буюк Келажак» ХННТ таъсисчиси ўлароқ мақолада «ҳақиқатдан йироқ ва ташкилот борасида нотўғри тасаввурга олиб келувчи айрим хато таъкидлар»га дуч келган.
Би-би-си Ўзбек Хизмати ихтиёрида мавжуд «Буюк Келажак» ХННТ Мувофиқлаштирувчи Кенгашининг 11 сентябрь куни қабул қилган қарорида Баҳром Исмоиловнинг Экспертлар Кенгаши таркибидан чиқариб юборилгани тўғрисида сўз боради.
Хусусан, ушбу қарорга асос сифатида Баҳром Исмоилов томонидан йўл қўйиб келинган тизимли интизомий қоидабузарликлар, жумладан, унинг ташкилотга тегишли расмий ва норасмий Телеграм каналлари бошқарувини Ижро органи ихтиёрига топширмаганлиги келтирилади.
Бундан ташқари ҳужжатда «Исмоилов қўлида қолаётган каналларнинг легитим эмаслиги» таъкидланиб, Экспертлар кенгаши аъзоларига «Исмоилов томонидан дезинформация ҳаракатларидан сақланиш мақсадида» мазкур каналлардан чиқиб кетиш тавсия этилади.
Аммо Баҳром Исмоилов ўз раддиясида ушбу қарорнинг юридик кучга эга эмаслигини даъво қилади.
"Мувофиқлаштирувчи Кенгашнинг ваколат муддати 2019 йил 28 июнь куни ниҳоясига етгани сабабли 11 сентябрь куни «Буюк Келажак» Экспертлар Кенгаши таркибига экспертларни қўшиш/чиқариш масаласи юзасидан Мувофиқлаштирувчи Кенгаш қарори қабул қилинмаган. [Мувофиқлаштирувчи Кенгаш] ваколатини 3 ойга узайтириш тўғрисидаги қарор барча таъсисчилар томонидан фақат [2019 йил] 19 сентябрь кунигина имзоланган," билдиради Исмоилов раддиясида.
Шунингдек, у мақолада келтирилган сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг қуйидаги фикрларини ҳақиқатга мос, дея ҳисобламаслиги ҳақида ёзади:
"Бу ёшлар ташкилот таркибига кирар экан, уларда ижтимоий ва индивидуал кутиш юқори бўлган. Уларда бу ташкилотга қўшилар эканмиз, у ёки бу юқори давлат лавозимлари, ижтимоий мавқени эгаллаймиз, деган кутиш юқори бўлган бўлиши мумкин. Улар ижтимоий пиллапоялардан кўтарилиш, ҳокимият корридорларига кириб бориш [ниятлари] борасида у ёки бу шаклда сигнал бериб келишар эди. Яъни янги ҳокимиятнинг малакали кадрларга эҳтиёжи юқори ва биз шундай корридор бўла оламиз, деган сигнални беришган эди. Менимча, маълум муддат ўтиб, бу кутишлар ўзини оқламади, уларда таажжубланиш юзага кела бошлади ҳамда шундан кейин бир қанча аъзолар ташкилотдан чиқиб кетди", - (Камолиддин Раббимов).
"Мазкур таъкид муаллифнинг ҳақиқатни ўзида акс эттирмайдиган шахсий мулоҳазасидир. Бир ярим йиллик фаолияти давомида «Буюк Келажак» Экспертлар Кенгаши Ўзбекистон Республикасига 15 дан зиёд экспертларнинг қайтишини таъминлади. Ўз навбатида, улар давлат структуралари ва давлат иштирокидаги йирик корхоналарда раҳбар лавозимларини эгалладилар", маълум қилади Исмоилов.
Бундан ташқари, Баҳром Исмоилов мақола муаллифини «Буюк Келажак» Мувофиқлаштирувчи Кенгаши тўғрисидаги низомларни ўрганиб чиқмаслик ва унинг муносабатини олишга интилмасликда айблайди.
Бироқ мақола ёзилиши арафасида «Буюк Келажак» вакили 10 нафар экспертнинг ташкилот таркибидан чиқиб кетиши борасида аллақачон расмий изоҳ матбуотга бериб бўлингани, лекин у Би-би-си Ўзбек Хизматининг бу борадаги саволини «раҳбар»га етказишини маълум қилди. Вакил билан суҳбат бўлган кун тунги вақтда ушбу ҳолат юзасидан «Буюк Келажак» расмий сайтида баёнот эълон қилинган, аммо материал кўп ўтмай ғойиб бўлган. Мазкур материалнинг скриншоти сақланиб қолган.
Шунингдек, Би-би-си Ўзбек Хизмати Баҳром Исмоиловга саволларни ижтимоий тармоқ орқали юборган, аммо мақола эълон қилинаётган вақтда ундан ҳали жавоб келмаган эди.
20 сентябрь куни Би-би-си Ўзбек Хизматининг қўнғироғига жавоб берган «Буюк Келажак» масъули Баҳром Исмоиловнинг ҳақиқатан ҳам Экспертлар Кенгаши томонидан чиқариб юборилганини тасдиқлади.
Би-би-си Ўзбек Хизмати баҳсли ҳолат юзасидан барча томонларнинг фикрларига очиқ.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek