Ўзбекистон: Муҳаббатни чиқаргандир чидаганга - Моҳира Асадова тақиқ ҳақида

Published

1990-йиллар бошида энг таниқли хонандалардан бўлган Моҳира Асадова катта саҳнадан ғойиб бўлганига қарийб чорак аср бўлди.

Бу вақт мобайнида у биронта ҳам расмий тадбирда иштирок этмаган, биронта давлат мукофотига ҳам лойиқ кўрилмаган.

Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатда айтишича, унга нисбатан ҳеч қандай тақиқ қўйилмаган, лекин давлат ва санъат тандеми доирасида авж олган коррупция ҳамда таниш-билишчилик сингари омиллар унинг тўлақонли ижод қилишига йиллар давомида тўғаноқ бўлиб келган.

У қарийб 40 йиллик фаолияти давомида «заринг ё зўринг бўлмаса» санъат соҳасида ҳеч нарсага эришиб бўлмаслигини англагани ва «парда ортидаги ўйинлар»га дуч келганини айтади.

"Халқимизнинг чиройли бир мақоли бор - «Ё заринг, ё зўринг бўлиши керак». Бугунги кунда санъат соҳасида ижод қилишингиз учун ҳам зарингиз, ҳам зўрингиз бўлиши керак. Фақат истеъдод, фақат меҳнат билан узоққа бора олиш мумкин эмаслигига ҳаётим давомида иймон келтирдим", - дея сўзлайди хонанда.

Жонли ижрочи

Салкам 40 йиллик ижодий фаолияти давомида қўшиқларини фақат жонли ижро этганини таъкидлаган Асадова ҳозирда «номини халқ танимайдиган, фонограммасиз қўшиқ айта олмайдиган юлдузлар» давлат унвонларини қўлга киритаётганию, байрам тадбирларини эгаллаб олишган, деб ҳисоблайди.

"Нима учун меҳнат қилмайдиган 10 та одам мукофотларни эгаллаб, тадбирлар фақат улар билан ўтади. 33 миллионлик ўзбек халқи ичида улардан бошқа одам йўқми? Халқ зерикиб кетди", - дейди у.

"Байрамларда чиқадиган 10-15 қўшиқчининг ё тепадан таниши бўлади ёки ташкилотчилар қўлига пул тутқазади. Буёғи ўзингиз билган коррупция, ўзингиз билган монополия. Улар фақат ўзи учун манфаатдор санъаткорларни чиқаради".

Моҳира Асадова ўзининг марказий телевидение ва тадбирларда қўшиқ ижро этишига бўлган «норасмий ва кўринмас» тўсиқлар 1990 йиллар охирларида бошланганини маълум қилади.

«Қўлимда лицензиям бўлса ҳам, мен ҳеч қаерда чиқа олмасдим. Телевидениега борсангиз, бўлди, бўлди, чиқарамиз, дейишади, расмий тадбирларга қўшиқчилар рўйхатини тузишда ҳам хўжакўрсинга чақиришади. Охири 2006 йилда ўзимга сўз бердим - менга ҳеч қандай ҳуқуқ бермайдиган, ҳеч қаерда ўтмайдиган лицензия олмайман, деб», ҳикоя қилади хонанда.

Шундан сўнг ижодини хорижда давом эттиришга қарор қилгани ва у ерда турли мукофотларни қўлга киритганини айтади.

Таниш-билишчилик

«Ўз юртимда топмаган қадримни чет элда топдим,» - дейди Асадова.

Қўшиқчи марказий телевидениеда коррупция ва таниш-билишчилик чуқур илдиз отганини иддао қилади.

"Бизга ўхшаган пул бермайдиган, тепада фалончи-писмадончи таниши йўқ санъаткорлар чиқа олмайди. Токайгача сабр қилиб ўтираман. Халқ билмайди сизга бўлаётган бундай тазйиқни. Халқ фақат бир нарсани ўйлайди - сиз запретдасиз".

Моҳира Асадова адолат қарор топиб, катта санъат йўлида ўзига қўйилган тўсиқлар олиб ташланиши ва санъат соҳасидаги коррупция йўқ қилинишини исташини айтади.

Ўзбекистонда Юлдуз Усмонова, Шерали Жўраев ва Обид Асамов каби таниқли санъаткорлар турли йиллар давомида ҳукуматнинг қора рўйхатида бўлиб келган.

Уларнинг ижод маҳсули радио-телевидение орқали эфирга узатилишига тақиқ қўйилганди.

Шавкат Мирзиёев қудратга келгандан сўнг аксар санъаткорларга қўйилган "запрет" олиб ташланган.

Би-би-си Моҳира Асадованинг иддаолари юзасидан расмийлар, жумладан, "Ўзбекконцерт" мулозимларидан изоҳ олишга уринмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek