You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Мирзиёев ўз сўзини айтди, одамлар нима дейди?
Ўзбекистон: Мирзиёев ўз сўзини айтди, одамлар нима дейди? - коррупция, қариндош-уруғчилик, лоббизм, динга эътиборсизлик - аксарият ўзбекистонликларга кўра, Ўзбекистон қаршисида турган энг катта хавф ана шулар бўлади.
Бунга яна ўзбекча менталитет, ўзгаришсиз қолаётган дунёқараш, фикрлаш ва маънавият ҳам қўшимча қилинади.
Ўзбекистон Президенти куни-кеча қилган чиқишида худди шу савол ўзини қийнашини ошкора ва расман эътироф этган.
"Энг катта хавф кадрларнинг савияси, билими, илми ва фидойилигида. Минг афсус, энг оғир масала шу", - деганди.
Шавкат Мирзиёевнинг бу чиқиши Ўзбекистондаги аксарият интернет нашрларининг диққатини ўзига тортган.
Бу ҳақдаги хабар ва мақолалар умумиятла Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон учун энг катта хавф нималигини айтди, мазмунидаги сарлавҳалар билан босилган.
Хавфсизлик бўладими, ишсизлик ёки қашшоқлик, Ўзбекистон ва минтақа юз тутиб келаётган муаммолар озмунча эмасми, катта сондаги ўзбекистонликларнинг эътиборини тортиш учун худди шу сарлавҳанинг ўзиёқ кифоя қилган.
Мазкур хабар биргина ўзбекзабон интернет фойдаланувчиларининг қанчалик катта қизиқишларига сабаб бўлганига улар остида қолдирилган ўнлаб коментларнинг ўзи кифоя қилган.
Дейлик, биргина Би-би-си Ўзбек Хизматининг худди шу постида юзга яқин фикру мулоҳазага сабаб бўлган.
Фолловерларимиз ўз коментларини қолдириш баробарида, бошқалар билан баҳсга ҳам киришишган, президентнинг назарини савол остига олишган, ўз қарашларини изҳор этиб, айрим ҳолларда, ҳатто, ўз ечим йўлларини ҳам тақдим, таклиф этишган.
Қолдирилган аксарият мазмунлар мисолида уларнинг наздларида Ўзбекистон учун энг катта хавф президент мисоличалик битта эмаслиги кўрилган.
Акс-садолар
Дейлик, ўзбекистонлик интернет фойдаланувчиларидан бирининг ёзишича, Ўзбекистон учун энг катта хавф бугун:
- 1. Ҳамма поғоналарда тушунарли давлат идеологиясининг йўқлиги.
- 2. Давлат лавозимларида маошнинг камлиги
- 3. Илм-фаннинг йўқлиги ҳисоби
- 4. Таниш-билишчилик
- 5. Директив иш услуби - "я начальник, ты - дурак..." ва ҳоказо.
Унга кўра, мана шу масалалар ечилмагунча, Ўзбекистонда иш ўрнидан қўғалмайди.
Худди шу фикрнинг мантиқий давомидек кўринган бошқа бир коментда эса, "Албатта, яхши ойлик, ишлаш учун нормал шароит бўлмаганидан кейин, президент айтган кадрлар чет мамлакатларда ишлайди-да. Бунинг ажабланарли жойи йўқ, менимча", - дейилган.
Юзга яқин комент таҳлил қилинганида эса, бугун аксарият ўзбекистонликларнинг Ўзбекистон учун энг катта хавф, деб коррупцияни билишлари кўрилган.
Айрим коментларда жавоб "коррупция", деган сўзнинг ўзидан бошланган бўлса, бошқалари худди шу каби жавоблари таъсир кучини ифодалаш учун унга учта ундов белгисини илова қилишган.
Ундан кейинги ўринларни эса, қариндош-уруғчилик, таниш-билишчилик ва лоббизм эгаллаган.
Орада Ўзбекистон учун энг катта хавф, "Тожикистондаги сув омбори", деган коментлар ҳам кўзга ташланган.
Унда, "Энг катта хавф - Тожикистондаги сув омбори. Худо сақласину, зилзила бўлса, Ўзбекистонни уч соат ичида сув босади. Бошланиши 27 метр бўлади. Асосий хавф шу", деб ёзиларкан, "кадрлар Ўзбекистоннинг ички муаммоси, аввал ташқаридагини ҳал қилиш керак. Кейин ичкарига ўтилади", деган.
Бошқа бир коментда эса, "Россия ёки Қозоғистоннинг мигрант қабул қилмаслиги, ана шундан қўрқаман", деб ёзилган.
Қолдирилган яна бир фикрга кўра, "Биринчи навбатда ёлғонни йўқотиш керак. Агар, ёлғон камаймас экан, шундай давом этаверади".
"Менинг фикрим оддий - шу янги институт очиш керакмикан, халқпарвар, деган, виждон, деган факультети бўлсин", - деганлар ҳам бўлган.
Яна бир коментда эса, "Президентимизга ўхшаган кадрларни топиш жуда қийин, туғма талант, ёнларида яна иккита ўзларига ўхшагани бўлса борми, зўр бўларди", - дейилган.
Худди шу манзарада, "қарийб уч йиллик кузатувлари"га таяниб, "президентимиз фақат "чиройли" гапириб қўя қоладилар", деган фикрдагилар ҳам учраган.
Бугунги Ўзбекистон мисолида ҳам мамлакат аксарият фуқаролари наздларидаги "хавфлар" эса, бевосита айнан кадрлар билан боғлиқ муаммо экани англашилади.
Кадрлар мавзуси мустақил Ўзбекистоннинг ҳар икки президенти бирдек устивор эътибор қаратган энг долзарб, ҳатто, давлатнинг миллий дастури қабул қилиниш даражасида муҳим, деб билинган масалалардан бири бўлади.
Бу масалада Президент Шавкат Мирзиёев, ҳатто, ноодатий ва янгича ёндашув тутган, Ўзбекистондаги малакали кадрлар муаммосини хориждаги фуқаролари ҳисобига бир қадар енгиллатиш ташаббуси билан чиққан эса-да, унинг сўнгги эътирофи бу муаммо мамлакатда ҳануз ўткирлигича қолаётганига далолат қилади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek