Бердимуҳамедов Тоқаевга ҳам от ва ҳам ит совға қилди - Туркманистон ва Қозоғистон Turkmaniston, Qozog‘iston, dunyo, yangiliklar

Published

Қозоғистон президенти давлат ташрифи билан Туркманистонда. Туркман етакчиси унга нега қўшалоқ совға бериш қарорига келгани сабаби маълум эмас. Аммо президент Бердимуҳамедов ўзига яқин, деб билан давлат раҳбарларига зотдор от ва итларидан ҳадя қилиб туради. Уларнинг орасида Ўзбекистоннинг президентлари ҳам бор.

Туркманистон ўзининг ўта зотдор Ахалтекин отлари ва Алабай каби итлари билан дунёга танилган.

Қозоғистон президенти Туркманистонга давлат ташрифини кеча, 24 октябрь куни бошлаган.

Худди шу куннинг ўзидаёқ Туркманистон раҳбари билан бирга пойтахт Ашхободдаги Ахалтекин отларига мўлжалланган отчопар мажмуасини бориб кўрган.

Президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг у ерда сақланаётган отлари билан шахсан танишган.

Фахрий меҳмон сифатида мезбон билан бирга ўзининг шарафига уюштирилган чавандозлар чиқишини томоша қилган.

Худди шу ерда Туркманистон президенти қозоғистонлик ҳамкасбига насли тоза Ахалтекин отларидан бирини совға қилган.

Бунинг ортидан унинг Алабай итларига расман масъул тўнғич ўғли Сердар Бердимуҳамедов президент Тоқаевга яна бир ҳадялари - този итни топширган.

Туркманистон раҳбарининг қўшалоқ совғасига оид хабарни ҳар икки томон ҳам расман тасдиқлашган.

Қозоғистон президентининг матбуот котиби ҳадяларни топшириш чоғидан олинган кичиккина видеолавҳани ўзининг ижтимоий тармоқлардаги айрим акаунтларида ҳам чоп қилган.

Гурбангули Бердимуҳамедов бунгача Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримов, Россиянинг жорий Президенти Владимир Путин ва Қатар амирини шунга ўхшаш совғалар билан сийлаган. Уларга ўзларининг зотдор Алабай итларидан берган.

Аммо Туркманистон раҳбарининг бу яқин йиллар ичида бир давлат раҳбарига бир эмас, бирваракайига бир жуфт совға бергани кўрилмаган.

Гурбангули Бердимуҳамедов 2017 йилнинг мартида, Ўзбекистоннинг янги сайланган иккинчи президенти сифатида Туркманистонга амалга оширган илк хорижий расмий ташрифи чоғида Шавкат Мирзиёевга ҳам Ахалтекин отини ҳадя қилган.

Расмий хабарларга кўра, Қозоғистон президентининг давлат ташрифи чоғида томонлар тор доирада ва кенгайтирилган таркибда музокаралар олиб боришади.

Ўзаро стратегик ҳамкорликларининг истиқболини муҳокама этишади.

Сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-транзит, маданий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликка асосий эътиборларини қаратишади.

Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалаларни ҳам муҳокама этишади.

Қозоғистон президентининг Туркманистонга давлат ташрифи Афғонистонда Толибон қудратга қайтганидан қисқа вақт ўтмай амалга ошган.

Воқеаларнинг сўнгги ривожидан Афғонистонга бевосита чегарадош Туркманистон баробарида унга тўғридан-тўғри туташ бўлмаган Қозоғистоннинг ҳам жиддий хавотирда экани кўрилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek