Қозоғистон минтақада биринчи, дунёда бешинчи бўлдими? Qozog‘iston koronavirus, Covid-19, O'zbekiston, dunyo, yangiliklar

Published

Қозоғистоннинг коронавирусга қарши вакцинаси фойдаланишга тайёр. 50 минг доза ишлаб чиқарилди. Мамлакат аҳолиси бугун, 26 апрелдан бошлаб қозоқ вакцинаси билан эмлана бошлайди. Бу ҳақда Қозоғистон Бош вазири муовини билдирди.

Қозоғистон ҳозирча бунга муваффақ бўлган ягона минтақа давлати бўлади.

Ўзбекистон коронавирусга қарши ўз вакцинасини яратишга киришгани ўтган ой охирида маълум бўлган.

Маҳаллий нашрлар бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирига таяниб, хабар беришган.

Хабарларда бугунги кунда Ўзбекистон олимлари томонидан COVID-19 га қарши биринчи вакцинанинг S оқил молекуласи яратилгани айтилган.

Яқин кунларда ҳайвонларда клиниколди тадқиқотларини бошлаш режалаштирилаётгани ҳам илова қилинган.

Бунинг ортидан, шу йилнинг 17 апрель куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов мамлакати шу йилнинг охиригача ўз вакцинасини чиқариши мумкинлигини билдирган.

У, "ушбу вакцина ҳозир белгилангани, маълум бир стандартларга мослаштирилган ҳайвонларда клиниколди синовлардан ўтказилаётгани"ни айтган.

Унинг бу сўзлари Махсус комиссиянинг кенгайтирилган йиғилиши чоғида янграган.

Йиғилиш чоғида Ўзбекистон олимлари ҳам вакцина ишлаб чиқариш бўйича жиддий изланиш олиб бораётгани қайд этилган.

Ўзбекистон вакцинасини ишлаб чиқариш бўйича иккита илмий марказ иш олиб бораётгани маълум қилинганди.

Қозоғистон минтақанинг коронавирус расман қайд қилинган биринчи давлати бўлади.

Мамлакатда илк коронавирус ҳолати ўтган йилнинг 13 март куни аниқланган.

Жорий пайтда Қозоғистонда жами коронавирус ҳоллари 300 мингдан ортган.

Бу Марказий Осиёда кузатилаётган энг юқори кўрсаткич.

Яқинда Қозоғистонда коронавируснинг ўз - "олмаотача" штамми топилгани ҳам хабар берилган.

Қозоғистон минтақада биринчи бўлиб аҳолисини коронавирусга қарши эмлашни бошлаган.

Бу ишга шу йилнинг 1 февраль куни Россиянинг Спутник V вакцинаси билан киришилганди.

Қозоғистон Ўзбекистон билан бирга минтақанинг аҳолиси йирик иккита давлатидан биттаси бўлади.

Аҳолисининг сони расман 18 миллион кишидан ортади.

Қозоғистон Бош вазири муовинининг айтишича, мамлакати энди дунёнинг коронавирусга қарши ўз вакцинасини ярата олган беш давлати сафидан жой олган.

Эрали Туғжановга кўра, "бу фақатгина аҳоли саломатлиги масаласи эмас".

"Бу маҳаллий илм-фаннинг салоҳияти ва замонавий технологияларнинг биофармацевтика соҳасида амалий қўллай билишнинг далили, давлатнинг нуфузи ҳамдир", - дея баён қилган Қозоғистон Бош вазири.

Расман билдирилишича, Қозоғистон ўз вакцинасининг дастлабки партиясини ҳам аллақачон ишлаб чиқарган.

50 минг доза QazVac вакцинаси энди аҳолини эмлаш учун бутун мамлакат бўйлаб Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг омборхоналарига етказилади.

Май ойида яна худди шунча доза вакцина ишлаб чиқарилади, кейинчалик эса, босқичма-босқич бу кўрсаткич ойига 500-600 минг дозагача чиқарилиши айтилади.

Расман маълум қилинишича, Қозоғистон вакцинаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти реестрига киритилган.

"Унинг тўлиқ хавфсизлиги исботланган, эмлаш коронавирус инфекциясига қарши кучли иммунитет ҳосил қила олади".

Фаоллаштирилмаган бу вакцина "эмлаш билан боғлиқ касалликларни келтириб чиқармаслиги" эса, унинг афзаллиги сифатида тилга олинади.

Маълум бўлишича, Қозоғистон вакцинасини етказиб бериш ҳам мураккаб совутиш мосламаларини талаб қилмайди.

QazVac ни музлатгичда + 2-8 даража ҳароратда ташиш мумкин бўлади.

Жорий пайтда Қозоғистон ўз вакцинасини ишлаб чиқаришга мўлжалланган биофармацевтика корхонасини қуриш ҳаракатида.

Расмий хабарда ўтган ҳафта Қозоғистон Бош вазирининг шахсан ўзи Жамбил вилоятида қад ростлаётган янги корхона қурилиши ишлари билан яқиндан танишгани ҳам айтилади.

Маълум бўлишича, мазкур завод Илмий-тадқиқот институти негизида барпо этилмоқда.

Дастлабки 50 минг доза қозоқ вакцинасининг ҳам худди шу ерда ишлаб чиқарилган.

Айтилишича, шу йилнинг март ойида GMP стандартларига мувофиқлигини ўрганиш бўйича ижобий хулоса берилган.

Кейинги қадам GMP халқаро стандарт сертификатининг ўзини тасдиқлаш ва олиш экани айтилган.

Расмий хабар тафсилотларидан маълум бўлишича, худди шу мақсадлар учун Туркиянинг "Атабай" компанияси жалб қилинган.

Anadolu ахборот агентлигининг ёзишича, ҳозирча қозоқ вакцинасини қадоқлаш ишлари турк корхонасида амалга оширилади.

Қозоқ вакцинаси ҳам уч ҳафталик танаффус билан икки дозада олинади.

Қозоғистон президенти коронавирусга қарши маҳаллий вакцинани яратиш бўйича аниқ кўрсатмаларни ўтган йил октябрь ойида бергани айтилади.

Орада Қозоғистон жорий йилнинг иккинчи чорагидан бошлаб, ўз вакцинасини истеъмолга киритиш ниятида экани айтилган.

Шу йил январь ойида қатор минтақавий нашрларда Қасим-Жомарт Тоқаевнинг қозоқ вакцинаси тайёр бўлиши билан ўзини эмлатишини айтганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.

Расмий хабарда қозоқ вакцинасининг қиймати ва Қозоғистон уни четга сотиш-сотмаслиги борасида бирор сўз айтилмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek