Бердимуҳамедов, Жапаров - президентлар бир нимани билмаса, айтмайдими? Qirg'iziston Markaziy Osiyo koronavirus dunyo yangiliklar

Published

Иссиқкўл илдизи. Бу гал Қирғизистон президенти коронавирусга қарши ўз давосини таклиф қилди. Экспертларга кўра эса, бу препарат ўлдириши мумкин.

Сўнгги янгилик барча минтақа давлатларида аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш бошланган, аммо уларнинг аксариятида вирус қайта бош кўтараётган бир пайтга тўғри келди.

Агар, президенти ва Соғлиқни сақлаш вазирининг даъволарига таянилса, Қирғизистонда коронавируснинг давосини топишган.

Унинг Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг заҳарли ўсимлик препаратлари рўйхатида биринчи ўринда турувчи Иссиқкўл ёки аконит илдизи экани айтилмоқда.

Ковидга чалинган беморларни у билан даволашни шахсан 52 ёшли мамлакат президенти Садир Жапаровнинг ўзи таклиф қилган.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазири эса, яширин клиник тадқиқотлари ҳақида гапириб бўлиб, матбуот анжуманининг ўзида, жонли эфир чоғида унинг дамламасини ичиб ҳам кўрсатган.

"Агар, бу дорини қабул қилишса, Ковиднинг енгил шаклига чалинганлар бир-икки, оғирлари эса, уч-тўрт куннинг ўзида тузалиб кетишади. Биз аллақачон 300 га яқин беморни шу йўл билан даволадик", - деб айтган вазир Алимқадир Бейшеналиев.

Вазир, шунингдек, ушбу препаратнинг клиник синовлари мамлакат шифохоналарида икки ҳафтадан буён давом этаётганини ҳам маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, беморлар бу "дори"ни кўнгилли равишда, шифокорлар назорати остида қабул қилишмоқда.

Клиник синов натижалари эса, препаратнинг самарадорлигини тасдиқлаш учун маълумот тариқасида қайд этиб борилаётир.

Бейшеналиевнинг айтишича, ўн кун давомида "дори"нинг дозасини шахсан президентнинг ўзи белгилаб берган ва уни тайёрлашда ҳам иштирок этган.

Маълум бўлишича, дамлама аллақачон давлат юқумли касалликлар шифохонасида қўлланилмоқда. Мамлакатдаги инфекционист-шифокорларга эса, ундан қандай фойдаланиш борасила лозим йўл-йўриқлар ҳам берилган.

"Уни фақат иссиқ ҳолда қабул қилиш, кейин эса, яхшилаб ўраниб, ётиш керак. Терлаганда, барча аломатлар ўтиб кетади. Агар, совуқ ҳолда ичсангиз, нафас йўллари сиқилиб, одам ўлиши мумкин. Шу боис эҳтиёт бўлинг", - дея томошабинларни огоҳлантирган вазир.

Унинг айтишича, Қирғизистон президенти аконитни болалигидан билади - табиблик қилган отаси шу йўл билан яқинлари, қариндош-уруғларини тузатиб, оёққа қўйган.

Матбуот анжумани ўтказилган куни Садир Жапаровнинг ўзи Facebook ва Instagram саҳифаларида препаратнинг қандай тайёрланиши борасидаги видеони улашган.

Қирғизистон президенти постида мамлакат фуқароларини ўзларини эмлатиш, қирғиз шифокорлари дастлабки босқичларида ковидни даволаш йўлини топишгани боис, даво истаб, касалхоналарга мурожаат қилишга чақирган.

"Бу иш билан шуғулланишга ҳозирча ўзимнинг вақтим йўқ. Лекин биз Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан комиссия тузиб, бу дорини синаб кўришимиз керак. Чунки ўзим ҳам касал бўлганман. Касалликка чалинган бошқаларни ҳам даволаганмиз. Очиғини айтганда, қамоқдалик пайтимда Қора-Балта молия полициясининг аксарият ходимлари шу дори туфайли соғайиб кетишган. Бошқа ҳеч қандай препарат қабул қилишмаган. Оилавий бўлиб даволанишган. Ўзим ҳам шу билан тузалганман", - деб айтган ўшанда Садир Жапаров.

Президент маъмуриятидагиларнинг журналистларга айтишларича, дамлама давлат раҳбарининг резиденциясида тайёрланади, бунинг учун у ерда махсус хона ажратилган.

Қирғизистон президенти ва Соғлиқни сақлаш вазирининг баёноти қизғин акс-садоларга сабаб бўлган.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг Қирғизистондаги миссияси раҳбари Назира Ортиқова коронавирус инфекциясини Иссиқкўл илдизи дамламаси билан даволаш тўғрисидаги маълумотлар, катта эҳтимол билан, сохта эканини айтган.

Халқаро ташкилот ўзининг баён қилишича, клиник синовлардан ўтмаган дори рўйхатдан ўтказилиши ва аҳоли томонидан кенг қўлланилиши учун тавсия этилиши мумкин эмас.

Қирғизистонда бундан аввал Иссиқкўл илдизи дамламасидан заҳарланиш ҳолатлари бўлган.

2007 йилда пойтахт Бишкек яқинидаги Новопавловка қишлоғининг 11 нафар яшовчиси бу каби дамламадан заҳарланишган, улардан уч нафари ўша ернинг ўзида ҳаётдан кўз юмишган.

Орадан беш йил ўтиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг икки ходими билан ҳам худди шундай ҳодиса юз берган, улардан фақат биттасининг жонини сақлаб қолишга имконли бўлишган.

Садир Жапаров гиёҳванд ўсимлик билан даволаш мумкинлигини иддао қилиб чиққан биринчи давлат раҳбари эмас.

Марказий Осиёда бундан аввал ҳам худди шунга ўхшаш даъволар янграган.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов исириқ ва қизилмия илдизи ковидга энг яхши даво эканини айтиб чиққан.

Орада Мадагаскар президенти эса, коронавирусни даволашда артемизия дамламаси иш беришини иддао қилган. Бу ўсимлик ўзининг безгакка қарши шифобахш хусусиятлари билан танилган.

Қирғизистон жорий пайтда Қозоғистон билан бирга минтақанинг коронавирус энг кўп тарқалган иккита давлатидан биттаси бўлиб турибди.

Мамлакатда жами коронавирусга чалинганлар сони ҳозирга келиб 92 мингдан ортган, кундалик кўрсаткичлар яна орта бошлаган.

Сўнгги кунларда мамлакатнинг учинчи тўлқинга қанчалик тайёрлиги билан шахсан президентнинг ўзи қизиққани, пойтахт Бишкек ва Чўй вилоятидаги вазият билан яқиндан танишгани расман хабар берилган.

Ўзбекистон Бош вазири эса, 17 апрель куни мамлакати шу йил охиригача ўзининг вакцинасини чиқариши мумкинлигини айтган.

Бунгача фақат Қозоғистон бунга муваффақ бўлгани, яратган вакцинаси аллақачон клиник синовлардан ўтаётгани хабар берилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek