You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Каримовдан кейин нима ўзгарди? Ўзбекистон - Тожикистон, O‘zbekiston, Tojikiston, mintaqa, dunyo, yangiliklar
- Author, Мустақил журналист
- Role, Тожикистон
- Published
Ўзбекистон-Тожикистон: Каримовдан кейин нима ўзгарди? Тожикистон - Каримов даври Ўзбекистони билан сув туфайли муносабатлари ўта кескинлашган минтақа давлати бўлади.
Аҳвол шу даражага етган эдики, Ислом Каримов сув устида минтақада уруш келиб чиқиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.
Бугун бари бошқача
Ҳозир икки қўшни давалт муносабатлари жадал яхшиланиб бормоқда.
Тожикистонда Ўзбекистон томонидан молиялаштирилган замонавий тиббиёт мажмуаси қуриб битказилди.
Мажмуа битта 4 қаватли, учта уч қаватли, 20 тадан ортиқ ёрдамчи бинолардан иборат.
Мамлакат жанубидаги Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти билан чегарадош Бохтар (собиқ Қўрғонтепа) вилоятининг Қабодиён туманидаги янги мажмуадаги саломатлик маркази - амбулатория бир йўла 300 нафар кишини қабул қила олади.
Беморхонада эса, 350 та даволаш ўрни мавжуд. Бу мажмуа хорижда тайёрланган энг янги замонавий тиббий ускуна ва жиҳозлар билан таъминланган.
Ҳозирда Япония ва Туркиядан келган мутахассислар ускуна ва жиҳозларни ўрнатишаётир.
- Менимча, фақат Қабодиёнда эмас, унинг яқин-атрофида бизнинг янги мажмуамизга ўхшаш беморхона йўқ, - деди жарроҳ-врач Эшмат Қодирқулов. - Энди одамларимиз олдингидек даволаниш учун вилоят маркази ва Душанбега қатнашмайди. Биз бу қулайликни яратиб берилишига сабаб бўлган, қадимий дўстликни тиклаш ва мустаҳкамлашдек тарихий воқеани амалга оширган азиз Тожикистонимиз ва жон қўшни Ўзбекистоннинг халқпарвар президентлари - муҳтарам Эмомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёевдан беҳад мамнунмиз.
Янги мажмуада дастлабки лойиҳага қўшимча равишда коронавирус ва бошқа юқумли хасталикларга чалинган беморларни қабул қилиш-тақсимлаш маркази ҳам қурилди.
Мазкур марказ Тожикистон томони илтимосига кўра Ўзбекистон Ҳукумати томонидан қуриб берилди.
Мутахассислар бу марказнинг Тожикистонда ягона эканлигини қайд этишган.
Уларнинг айтишларича, мажмуадаги замонавий тиббий жиҳозлар текширилаётган ҳар бир одамда коронавирус инфексияси бор-йўқлигини одатдагидан анча қисқа муддатда аниқлаш имконини беради.
Агар юқумли касалликка чалиниш ҳоли аниқланса, бемор зудлик билан вилоят ва мамлакат пойтахтидаги беморхоналарга жўнатилади.
Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлигидан билдиришларича, тиббиёт мажмуасида ва COVID-19 ни аниқлаш марказида ишлаш учун мамлакатнинг ўзида малакали мутахассислар етарлидир.
Вазирлик томонидан коронавирус олдини олиш ва унга қарши кураш кечган тўққиз ой давомида тожикистонлик шифокорларнинг етарли малака тўплашгани таъкидланаётир.
Коронавирус ўтиб кетди, лекин янги шифохона туманимизда бошқа касалликлар олдини олиш ва беморларни даволашда катта хизмат қилишига ишонаман, деди қабодиёнлик ўқитувчи Эркин Эшмуродов, Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларининг кейинги тўрт йил давомида яхшиланганидан мамнунлигини билдирар экан.
Тожикистон расмийлари деярли икки ойдан буён мамлакатда коронавирусга чалиниш ҳоллари қайд этилмаётганини бот-бот таъкидлашмоқда.
Коронавирусга қарши кураш жараёнида қўшни ўзбекистонлик мутахассислар тожикистонлик ҳамкасбларига ёрдамга келишганди.
Ўзбекистондан Тожикистонга коронавирусга қарши курашда тажриба тўплаган 8 нафар тиббиёт мутахассиси келиб, тожикистонлик ҳамкасбларига кўмак беришди.
"Бизда пандемия олдинроқ бошланганди. Тажрибамиз бор. Тожикистонда коронавирусни биргаликда енгишга ҳаракат қиламиз", деган эди Тожикистонда COVID-19 авжига чиққан паллада қўшниларга ёрдамга келганлардан бири - Тошкент тиббиёт академияси кафедра мудири Неъматжон Иброҳимов.
Ўзбекистон Тожикистонга 18 вагонда озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотлар юборганди. Бундан кейин Ўзбекистондан махсус самолётда яна инсонпарварлик ёрдами юборилди.
"Биз бугун тиббий жиҳозлар, ўнта сунъий нафас олдириш аппарати, дори-дармонлар, шахсий ҳимоя воситалари кўринишида ёрдам олдик. Мен бу воситалар халқимиз саломатлигини яхшилашда хизмат қилишига умид қиламан. Яна бир марта вазирлик, ҳукуматимиз номидан қардош Ўзбекистон халқига миннатдорчилик билдиришни истайман", деган эди Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазири муовини Саида Умарзода.
Душанбедаги футбол майдонларидан бирида Ўзбекистондан келтирилган барча зарур даволаш жиҳозлари ва воситаларига эга махсус контейнерлар ўрнатилиб, кўчма беморхона ташкил этилганди.
Сунъий нафас олиш аппаратлари билан таъминланган бу контейнерларнинг ҳар биттасида тўрт нафар киши соғлиги текширилиб, даволаниш имконияти борлиги айтилганди.
Бу ёрдамдан бироз кейин Ўзбекистондан Тожикистонга "Дамас" тамғали "тез ёрдам" машиналари етиб келди.
Тожикистон Туркманистон истисно қилинганда, минтақада коронавирусга чалиниш энг кейин эълон қилинган ва бу юқумликдан ўлим ҳоллари энг оз қайд қилинган давлат ҳисобланади.
Тожикистонда қатъий карантин эълон қилинмаган. Чекловлар ҳам ёз ойлариданоқ олиб ташлана бошланган.
Ҳаммадан кейин масжидлар фаолиятига рухсат берилди. Коронавирус олдини олиш ва унга қарши кураш штаби 1 февралдан жамоат намозларини ўқишга рухсат берар экан, 2021 йилда мамлакатда COVID-19 га чалиниш ҳоллари қайд қилинмаётганини урғулади.
Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ҳам мамлакатда COVID-19 устидан ғалаба қозонилганини эълон қилди.
Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлигига кўра, шу пайтгача 13308 нафар киши COVID-19 юқтиргани қайд қилинган, уларнинг 13218 нафари ё 99,3 фоизи шифо топган. 90 нафар киши коронавирус қурбони бўлган.
Умидлар фақат кучаймоқда
Янги замонавий тиббиёт мажмуаси «Ўзбекнефтгаз» ҳиссадорлик жамияти томонидан молиялаштирилди ва жиҳозланди.
Мазкур марказ қурилиши Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил март ойида Душанбега ташрифи давомида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида тузилган шартномалар асосида амалга оширилган.
Айни шу шартномага кўра, Ўзбекистон Тожикистоннинг Суғд вилоятидаги Спитамен туманида янги замонавий мактаб қуриб берди.
Ўтган йилнинг 2020 йил сентябрида фойдаланишга топширилган бу мактабда бир навбатда 630 нафар ўқувчи ўқиши мўлжалланган.
Мактаб бинолари қурилиши ва уни жиҳозлаш учун "Ўзбекистон Темир йўллари" ҳиссадорлик жамияти деярли $1, 8 миллион АҚШ долларига тенг маблағ ажратди.
"Бизнинг янги бунёд этилган қишлоғимизда мактаб йўқ эди. Устига мактабнинг энг замонавий тарзда қурилгани, таълим-тарбия учун барча қулайликларнинг борлигини кўрган ота-оналарнинг хурсандлигини кўринг. Фақат қишлоғимиздан эмас, балки бошқа қишлоқлардан ҳам ўқувчилар келишмоқда. Аллақачон ўқувчиларимиз сони 800 нафарга етди. Таҳсилни икки навбатда ташкил этиш режамиз бор. Унда мактабимизда 1260 нафар ўқувчи таълим-тарбия олади", - деган эди янги мактаб директори Феруза Шокирова.
Уч қаватли янги мактабда 28 та синфхона, кутубхона, 280 ўринли йиғилишлар зали, 224 ўринли ошхона, замонавий спорт зали ва майдонлари мавжуд.
Айни бир пайтда икки ўртадаги шартномага кўра, Тожикистон Ҳукумати томонидан Ўзбекистоннинг Самарқанд вилоятида 640 нафар ўқувчи учун мактаб қурилаётир.
Фарғона вилоятининг Риштон шаҳридаги болалар боғчаси қурилиши эса, ниҳоясига етаётир.
Айни бир пайтда ҳар икки қўшни мамлакатда яшаётган юз минглаб кишилар ўртадаги чегараларнинг тезроқ очилишини, пандемиядан олдинги каби борди-келдилар давом этишини кутишмоқда.
Йил бошида Душанбе ва Тошкент ўртасида мунтазам авиапарвозларнинг тикланиши бу умидни кучайтирди.
Ўзбекистон ва Тожикистон Ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари учрашувида чегаралар очилиши муҳокама қилингани ва Наврўз арафасида олдингидек борди-келди имкониятлари яратилиши ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда тез тарқалиб кетди.
Лекин Тожикистон Нақлиёт вазири Азим Иброҳим икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг дўстона эканлигини таъкидлар экан, чегаралар очилиши ҳақида музокаралар олиб борилмаётганини айтди.
У пандемия бутунлай тугаб, эпидемиологик вазият яхшилангандан сўнггина Ўзбекистон билан чегаралар очилиши мумкинлигини билдирди.
Айни бир пайтда тожикистонлик кузатувчилар Ўзбекистонда ҳам коронавирусга чалиниш ҳоллари камайгани ва ҳали ўтган йилнинг августиданоқ карантин чекловлари юмшатила бошланганини таъкидлашаётир.
Гарчи расмий равишда чегаралар очилиши ҳақида музокаралар олиб борилмаётгани маълум этилган бўлса-да, ҳар икки мамлакатда Наврўзни бирга нишонлашга ишонч сўнган эмас.
"Ҳозир минг-минглаб талабалар Ўзбекистондан Тожикистон олий ўқув юртларида таҳсилларини давом эттириш учун имконият яратилди-ку! Улар неча марта уйларига бориб қайтишди. Биронтасида ҳам коронавирус аниқланган эмас. Майли, КОВИДга қарши тест топшириб бўлса-да, бизга чегарани очишларини истаймиз. Биз қаерда бўлмайлик, барча санитария-гигиена қоидаларига риоя қиламиз". Тожикистон-Ўзбекистон чегарасига яқин Турсунзода шаҳрида яшайдиган Нормўмин Холбековнинг бу гапларини икки қўшни мамлакатда яшаётган жуда кўп кишилар такрорлашмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek