You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Россия қўллови минтақа президентлари учун муҳимми? Марказий Осиё ва сиёсат - Qirg’iziston, dunyo, yangiliklar
- Author, Шоҳруҳ Соипов
- Role, Би-би-си, Қирғизистон
- Published
Россия қўллови минтақа президентлари учун муҳимми?
Қирғизистон янги президентининг айтишича, "Россия билан муносабатларни энг юқори даражадаги иттифоқчилик, стратегик шериклик даражасига етказиш сиёсати мамлакатининг миллий манфаатларига жавоб беради".
Садир Жапаровнинг "Иттифоқчилик алоқалари" номли мақоласи унинг Россияга илк хорижий ташрифи кутилаётган бир манзарада давлатлар нашрларидан бирида чоп этилган.
Қирғизистон янги президентининг "Слова Кыргызстана"даги мақоласида ёзишича, "Россия билан ҳамкорликни кучайтиришнинг альтернативаси йўқ ва Қирғизистон ташқи сиёсатида ушбу йўналишга асосий ўрин берилган".
Садир Жапаров фикрича, "Интеграцион лойиҳалар ва ўзининг қудрати туфайли Россия давлат чегараси бўйлаб тинчликни таъминлайди, атрофида жадал ривожланаётган минтақани шакллантиради".
Унга кўра, рус тилининг мақоми ҳам ўзгармайди, расмий тил мақомини сақлаб қолаверади.
"Қирғизистонда Россия йили, Россияда Қирғизистон йили ҳам узайтирилса, яхши бўларди".
"Йиллар" ҳар икки давлат пойтахтида ўтган йил февраль ойида эълон қилинган, тантанали расмий маросимлар ҳам бўлиб ўтган, аммо глобал коронавирус пандемияси боис, ташаббус доирасида режаланган қолган аксарият тадбирлар сиртдан - онлайн шаклида ўтказилган.
Қирғизистон янги президентининг илк хорижий ташрифини шу йил 24-25 февраль кунлари айнан Россияга амалга ошириши кутилмоқда.
Россия Ўзбекистон илова қолган аксарият минтақа давлатлари мисолида бўлгани каби Қирғизистоннинг иккита энг муҳим савдо-иқтисодий, ҳарбий-техник ҳамкоридан биттаси, стратегик иттифоқчиси саналади.
Қирғизистон минтақанинг энг катта сондаги Россия ҳарбий иншоотлари жойлашган давлати бўлади.
Қирғизистон Россия Шамсияси остидаги ҳар уч минтақавий ташкилот: ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи - Божхона Иттифоқи, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг тўлиқ аъзоси бўлади.
Ўзбекистон ва Тожикистон мисолида бўлгани каби қирғизистонлик энг катта - юз минглаб меҳнат муҳожирлари ҳам айнан Россия ҳисобига тўғри келади.
Жорий йилнинг 10 январида бўлиб ўтган президентлик сайловида ғолиб бўлган Садир Жапаров ой охирида қасамёд қилиб, расман ишга киришган.
"Халқ инқилоби" ортидан чақирилган муддатидан илгари сайловда ғолиб чиқиши ортиданоқ, Садир Жапаров ўзининг илк хорижий сафари Россияга бўлишини маълум қилган.
Орада айрим Ғарб матбуотида Россия "МДҲ давлатлари ҳудудида инқилобларни ёқтирмаслиги боис, Қирғизистонда ҳокимият тепасига келган етакчиларга совуқ муносабатда бўлаётгани"га оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.
"Қирғизистон Россия ваъда қилган $100 миллион доллар ёрдам пулини бу яқин орада ололмаслиги" эҳтимоли ҳам пайдо бўлганди.
Садир Жапаров эса, ўз сайловолди дастурида давлат иқтисодиётини кўтариш, ишчи ўринларини тузиш ва муҳожиротдаги қирғизистонликларни ўз ватанига қайтаришни ваъда қилган.
Устма-уст инқилоблар ва кетма-кет қудратга келаётган президентларнинг "бажариқсиз" ваъдалари манзарасида аксариятнинг мамлакатдаги сиёсий жараёнлардан ҳафсаласи пир бўлгани кўрилади.
Йилдан йилга давлат бюджетидаги камомад ортиб, ташқи қарзлар кескин кўпаяркан, халқнинг иқтисодий аҳволи янада ёмонлашган.
Ўртача ойлик иш ҳаққи $200 долларни ташкил қилган Қирғизистон аҳолисининг учдан бир қисми қашшоқликда яшайди.
Аҳолининг аксарият қисми хусусий тадбиркорлик билан шуғулланади, мамлакатда етарлича иш ўринлари йўқ.
Айниқса, мамлакатнинг асрларки ўзбеклар зич яшаб келган ва 2010 йилги қонли этник низолардан жиддий зарар кўрган жанубида ижтимоий-иқтисодий аҳволнинг ҳануз нисбатан анчайин оғир экани кузатилади.
Кенг қулоч ёйган ишсизлик сабаб, меҳнатга лаёқатли одамлар Қозоғистон, Россия ва бошқа хориж давлатларига муҳожиратга кетади.
Қирғизистонлик мигрантларнинг сони бугун биргина расмий рақамларда қарийб бир миллионга етади.
Қирғизистон Тожикистон билан бирга минтақанинг энг камбағал икки мамлакати сифатида кўрилади.
Айнан четда меҳнат муҳожирлигида банд фуқаролари ортга юбориб келаётган миллиардлаб долларлик маблағлар шундоқ ҳам беқарор Қирғизистон иқтисодини тутиб, юритиб келаётган энг муҳим молиявий манбалардан бири бўлади.
Ҳозирги кунда Қирғизистон аҳолисининг сони 6 ярим миллиондан сал ортади. Уларнинг бир миллиондан ошиқроғини ўзбеклар ташкил этади.
Глобал коронавирус пандемияси мамлакат иқтисодига етказган зиён қолган аксарият Марказий Осиё давлатлари мисолида бўлгани каби Қирғизистонда ҳам аллақачон жиддий хавотирларга сабаб бўлиб улгурган.
Хитойдан олинган миллиардлаб долларлик ташқи қарзни қандай тўлаш муаммоси ҳам кун тартибига ҳар қачонгидан кўра долзарброқ чиқаётгани кўрилган.
Қирғизистон ҳозир Қозоғистон билан бирга минтақанинг коронавирус энг кўп тарқалган икки мамлакатидан бири бўлади.
Минтақадаги четдан энг кўп инсонпарварлик ёрдами олаётган иккита давлатдан биттаси экани кўрилади.
Россия билан "олий даражадаги иттифоқчилик" сиёсатига мамлакат аҳолиси нима дейди?
Муносабат
Ҳикматилло Маҳаматсабиров, ошпаз
Қирғизистон Россия билан яқинлашиши аниқ. Бу нарса керак.
Собиқ Совет иттифоқи давлатлари, жумладан, бизнинг давлат ҳам Россиядан умуман воз кечиб юбора олмайди. Россия бунга йўл ҳам қўймайди.
Бу дегани Қиғизистон Россия билан бўлиб кетиб, бошқа давлатлар билан алоқасини узади, дегани ҳам эмас.
Давлатимиз ҳам Россия билан, ҳам бошқа давлатлар билан ўз қадрини йўқотмасдан, яхши муносабатда бўлиши керак.
Янги президент Садир Жапаровдан ҳамманинг умиди катта. Давлат, халқ манфаати учун ишласа яхши бўлади.
Феруза Шамшиддинова, менежер
Қирғизистон Россия билан яқинлашса, албатта, яхши. Буни ўқиган баъзи бирларнинг ғаши келмасину, Қирғизстонни Россиясиз тасаввур қилиш қийиш.
Чунки Қирғизистон экономикасининг асосий қисмини Россиядаги мигрантлар кўтаради.
Биз Россиядан алоҳида бўлиб ривожланиб кетишимиз қийин.
Давлат ривожланиши учун Америка ёки Хитой билан асосий шартномаларни тузиш керак.
Лекин бизга буларга нисбатан Россия билан ҳар сохада ҳамкорлик қилган қулай бўлса керак, деб ўйлайман.
Сабаби, Хитой билан ҳамкорлик қилинса, энди молиявий томондан кўра, маданий ва идеологик томонлама ўз таъсирларини ўтказа бошлайди.
Чунки Қирғизстоннинг қарзи бор, яна давлат ривожланиши учун, деган лозунг остида ёрдам кўрсатишса, улар бизни ютиши мумкин.
Улар маданиятининг бизга кириб келиши - ўзлари кирди, дегани.
Америка билан ҳамкорлик қилиш эса ҳар томонлама биз учун катта хавф.
СССР вақтида ҳам Россия қошида бўлдик. Ёмон бўлмадик.
Келажакда Россия билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш давлат ривожи учун имконият.
Замир Искендеров, мутахассис
Қирғизистон, барибир, қайсидир давлат билан бўлса ҳам, дўстона муносабатда бўлиши керак.
Бироқ раҳбарларимиз Россияга кўпроқ ён босаяпти.
Давлатимиз тақдирини кўпроқ Россия хал қилаяпти.
Қачонгача у давлатга қарам бўлиб яшаларкин, билмайман.
Масофада алоқа қилинса яхши бўлади.
Лекин ундай қилинса, президетлар узоқ турмай, остига сув қуйиб, қувиб юборишаяпти.
Давлат кучли бўлмаса, шундай қарамлик бўлаверади. Мустақил давлат бўлганимиз билан, бироқ Россияга қарамликдан қутила олмаяпмиз. Усиз ҳеч нарса ҳал қилинмаяпти.
Россия бизнинг раҳбарлардан ўз фойдаси учун фойдаланади. Иқтидордан кетганидан кейин эса, кераги ҳам бўлмайди.
Россияга нима деса "хўп", дейдиган президентлар керак. Бизнинг президентлар ҳам шундай бўлишини хоҳлайди.
Равшан Жээнбеков, сиёсий таҳлилчи
"Марказий Осиё давлатларининг раҳбарлари, айниқса, янги сайланган президентлари албатта Россиянинг президенти билан шахсий алоқа қилишга ҳаракат қилишади.
Сабаби, шахсий муносабат орқали қандайдир даражада яхши алоқа, ишонч ҳосил бўлади. Ишлаш қандайдир бир масалаларни хал қилишга имконият пайдо бўлади.
Шу қаторда Қирғизистон президенти ҳам Россия билан муносабатларини яхши қилишга ҳаракат қилаяпти.
Россиянинг қўллови биз учун жуда муҳим.
Садир Жапаровнинг бу ҳаракати энг аввало шахсий манфаати, кейин эса давлат манфаати ҳисобланади.
Қирғизистон бугунги кунда ёнилғи, электр энергияси билан боғлиқ масалаларни Россия орқали ҳал қилади.
Афсуски, Россия билан ўта яқин алоқа қилиш барча давлатлар учун, Марказия Осиё, Европа тарафдами ёки Кавказда бўладими, фойдали бўлмади.
Биз Россия билан икки тарафлама, бир-биримизнинг манфаатларимизга мос келадиган алоқа қилишимиз керак.
Россия билан қанчалик яқин муносабатда бўлмайлик, давлатимиздаги ижтимоий, иқтисодий ва сиёсатдаги муаммолар ҳал этилмаяпти, ҳолат яхши тарафга ўзгармади.
Марказий Осиё давлатлари Россияга ижтимоий, иқтисодий жиҳатдан қарам бўлганимиз билан, бошқа, Европа, Осиё давлатлари билан ҳам яхши муносабатда бўлишга ҳаракат қилишимиз керак. Шундагина ўз манфаатларимизни ҳимоя қиламиз".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek