Россия-Ўзбекистон: Йўлларда ўлган ўзбек муҳожирларнинг жасадлари нега очиляпти? - O'zbekiston

РОССИЯ ФВВ

Сурат манбаси, РОССИЯ ФВВ

Сурат тагсўзи, Ўтган ой Томскда 10 нафар ўзбекистонлик ёниб кетган
    • Author, Соҳиба Ҳаёт
    • Role, Би-би-си, Москва
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Норасмий маълумотларга кўра, ҳар йили Россиядан Марказий Осиёга 7000 га яқин муҳожирларнинг жасадлари юборилади. Ўзбекистонликлар Россиядаги мигрантларнинг катта қисми эканини ҳисобга олсак, бу рақамнинг 30 фоизи ўзбекистонликлар бўлиши эҳтимоли бор.

Ўтган хафтада ўзбек матбуоти ҳам Россияда вафот этаётган муҳожирлар мавзусига эътибор қаратди. Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги эълон қилган маълумотларга кўра, 2019 йилда 308 нафар меҳнат муҳожирининг жасади ватанга қайтарилган. Бироқ муҳожирларнинг яқинлари томонидан Россияда дунёдан кўз юмган мигрантларнинг таналари мустақил равишда юборилиши ёки олиб кетилиши ҳали давом этаяпти. Бу бўйича аниқ ҳисоблар юритилмайди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Би-би-си ўзбек хизматига айни мавзуда бир дардли мурожаат келиб тушди. 34 ёшли ўзбекистонлик аёл ҳасратини қоғозга туширдик ва унда кўтарилган мавзулар бўйича мутахассисдан изоҳ олдик.

"Бирга кетамиз деб бир кунда кетишди"

"Январ ойининг ўртасида 3 ака-ука ва 1 келин эскироқ машинада Россияга ишлашга йўлга чиқишди. Ҳаммамиз йўлдан қайтаришга ҳаракат қилдик: "қўй, машинанг эски, қишни кунида узоқ йўлда қийин", дедик.

Катта укам 4 кишига арзон тушади, деб ўжарлик қилди.

4 киши учун самолётга билет 600 доллар атрофида, поездга 500 долларча пул кетади. Машинада эса фақат бензин пули кетади. Бунинг устида машинада бориб таксистлик қилсам, ижара пули ёнга қолади, кўпроқ пул ишлайман, деди.

Шундай қилиб, Россияга йўл олишди. Онам дуо билан уларни кузатди.

Орадан 2 кун ўтиб, шумхабар келди: уларнинг машинаси Қозоғистонни йўлида авария бўлибди. 3 ака-укаларим вафот этган, келинимиз беҳуш ҳолда реанимацияда.

Getty Images

Сурат манбаси, Getty Images

Ҳаммамиз карахт бўлиб қолдик, кейин қий-чув бўлиб кетди. Бутун оила бир кунда эркакларимиздан айрилдик. Жуда оғир жудолик бу, болаларини боқишга кетган эркакларимиз бир пайтда ҳаммамизни бўзлатиб кетди.

Тасаввур қилаяпсизми, оила эркаксиз қолди, қари она тоғдай ўғилларидан, 2 келин суянчи бўлган эридан, 5 та бола отасидан айрилди. Икки акам ва бир укам - уччовлон ҳали 30 га ҳам кирмаган эди. Кенжатойимиз бор-йўғи 17 га кирганди. Мактабни битириб, менам ишлаб пул топай деб эндигина йўлга чиқиши эди. Укажоним акалари каби ишлаб пул топиб, оилага ҳисса қўшмоқчи эди. Россияга бориб ишлайман, уй қурамиз, она, сизни ҳажга юбораман, дерди. Ҳали ёшсан, уйга ҳам эркак керак, деб рухсат бермасдик.

Акаларим 6 йилдан бери Россияга қатнаб ишлашарди, уй таъмирлашарди. Ҳаммамиз бир ҳовлига тиқилиб қолганимиз учунтирикчиликдан орттириб, аввал катта ўғилга уй солиб, кўчиб чиқишди. Энди навбат кенжа акамга ва укамни уйлантиришга эди. Укам мен ҳам Россияга ишлашга бораман, акаларим келса, улар билан бирга кетаман, дерди. Ҳаётни оғир синовини қаранг-ки, навниҳолгина укажонимнинг айтгани бўлди: жигарларим бирга кетди, бир кунда кетди. Бир кунда юракларимиз ўйилиб, яримжон бўлиб қолдик.

Ўликхонага киришдан олдин ўлганмиди?

Сал ўзимизга келиб олгандан кейин уларни қандай олиб келиш ҳақида қариндошлар билан маслаҳатлашдик. Икки амакимиз Қозоғистонга, ака-укаларимизнинг жасадлари сақланаётган жойга борадиган бўлдилар. Қариндош-уруғ баҳоли қудрат ўртага пул йиғишдик, кетишди. 1 хафталар ўтиб уйимизга 3 тобут кириб келди. Онам бирданига 3 ўғилнинг доғини кўтаролмади, ётиб қолди. Ҳалиям ўзларига келганлари йўқ.

Биз ўзимизни базўр қўлга олиб, дафн маросимига тайёргарлик бошладик. Шу пайтда эркаклар нотинч бўлиб қолишди. Билсак, уччала йигитнинг ҳам жасадида бўғзидан қовуғигача қирқилиб тикилган экан. Шундан бери дардимизга дард қўшилди: ака-укаларим нега ёрилган? Яқинларининг рухсатисиз ёриш мумкинми? Уларнинг ички аъзолари олинганми?

Аварияда омон қолган келиним ўзига келгач, унинг эри ўлмагани, ўша пайтда ҳушсиз инграб ётганини кўрганини айтди. Биз баттар эзилаяпмиз. Жигарларимизни моргга олиб киришганида, ёришдан олдин аварияда вафот этишгани аниқмиди? Биз буни қандай биламиз? Умримиз сўнггигача турли шубҳа-гумонларда эзилиб яшаймизми?

Бизга акаларим ва укамнинг таналарини олиб келиш жами 300 минг рублдан зиёдга тушди. Молларимизни сотиб, қарз-ҳавола қилдик. Пул кетгани майли, жигарларимизни йўқотганга куйишимиз олдида бу ҳеч нарсамас. Фақат бу ҳаражатлардан кейин моддий қийинчиликда қолдик, қарзга ботганмиз. Онам нафақада, келинлар ёш болали, оила боқувчилардан айрилдик. Шундай пайтда жасадларни қайтариш бепул деган гаплар кимлар учун деб баъзида ўйлайман…

Сизларга ёзишимдан мақсад, Россияга кетиб йўлларда ўлаётган муҳожирлар ҳақида кўп эшитаяпмиз. Бошимизга тушмагунича, бунинг қандай азоблигини билмасдик. Илтимос, юқоридаги саволларимизга маълумот берингки, Худо кўрсатмасин, бошқаларнинг ҳаётида шундай бахтсизлик бўлса, қандай йўл тутишни билсинлар. Биздек ўз ёғларида қоврилишмасин.

Қачон Россияга бориб ишлаш, эркакларимизнинг ишдаю йўлларда ўлишига чек қўйилади? Қачон болаларимиз ўз оталари бағрида катта бўлади? Қачон оилалармиз бутун бўлиб яшаймиз? Қачон-қачон? Бу саволларим сизларга эмас, Ўзбекистон раҳбарларига. Илтимос, етказинглар».

Судмедэкспертиза текшируви

Мурожаат мактубда берилган саволларга юрист Зарнигор Омониллаева жавоб берди.

1. Йулларда вафот этаётган мигрантлар жасадларининг очилиши тўғрими?

- Россия фуқароларининг соғлиғини сақлаш асослари ҳақидаги 323- қонунига кўра, фуқаро вафот этганда унинг нима сабабдан вафот этганини аниқлаш учун паталого-анотом очиш ўтказилади. Қонунга кўра, қай ҳолларда ўтказилиш рўйхати катта ва ҳажмли. Айтиб ўтмоқчиман, қонунга кўра жасадни очиш мажбурий бўлган ҳоллар бор. Агар шу мажбурий бўлган ҳолат бўлмаса, унда вафот этган одамнинг яқин қариндошлари ёки бошқа қонуний вакилнинг аризасига кўра жасадни очмаслик мумкин.

Бу норма юқорида айтилган қонунда кўрсатилган. Лекин ЙПХ, яъни автоҳалокатга учраган одам жароҳат оқибатида вафот этган бўлса, ундай айнан қайси сабаб ўлимни келтириб чиқарганини аниқлаш учун судмедкэкспертиза ўтказилади. Бу қонунан белгиланган. Гарчи қонун Россия фуқаролари соғлигини сақлашга қаратилган бўлсада, бу норма Россия ҳудудида вафот этган чет элликларга ҳам тегишли. Сабаби, Россия Конституциясига кўра, Россия фуқаролари ва чет давлат фуқаролари бир хил ҳуқуқ, тенглик ва мажбуриятларга эга.

Албатта, диний қарашлари мустаҳкам бўлган одам учун бу жуда оғриқли мавзу, лекин Россия фуқароларининг ўзи ҳам қариндоши вафот этганда диний қарашларидан келиб чиқиб, жасад очилишини тўхтатиб қолиши қийин жуда ҳам, анча куч ва асаб сарфлайди. Лекин энг кўп ваҳима сабаби - бу Россиядаги трансплантация учун розилик презумпцияси. Шу нуқтаи назардан ҳам кўпчилик жасад очилишига шубҳа билан қарайди.

Ёзма розилик шарт эмас

2. Шундай ҳолларда марҳумларнинг яқинлари кимга мурожаат қилиш керак?

Агар одам вафот этган пайтида ёнида қариндошлари ёки танишлари бўлмаса, марҳумнинг жасади юборилган ўликхонани тезлик билан топиш жуда қийин бўлиши мумкин. Буни аниқлашнинг бир неча усуллари бор:

Ритуал дафн маросимларини ўтказиш корхонасининг кечаю кундуз ёрдам хизматига мурожаат қилиш мумкин, ёки бахтсиз ҳодисалар бюроси, тез тиббий ёрдам хизмати орқали марҳумни излаб топиш керак. Марҳумнинг жасади билан бирга қонунчиликка кўра, 2 та хужжат тақдим қилинади: бири ўлим қайд этилган гувоҳнома, иккинчиси ўтказилган жасад очилиб, қандай ўрганилгани ҳақидаги далолатнома, яъни судмедэкспертиза ҳақидаги хужжат. Шу хужжатда жасад қандай очилгани, ўлимнинг тиббий сабаби кўрсатилган бўлади. Ва энг асосийси, агар вафот этган одамнинг тана аъзолари донорлик учун олинган бўлса, миқдори ва ҳолати кўрсатиб ўтилган бўлади.

Тана аъзоларининг олиниши учун ёзма розилик керак эмас, чунки Россияда транспонтология учун розилик презумцияси мавжуд. Бу - Россия транспонтология ҳақидаги қонунига кўра, ҳар бир фуқаро ёки оғир аҳволдаги фуқаронинг яқин қариндошлари, қонуний вакили ёзма равишда транспонтология учун норози эканини билдирмаган бўлса, демак рози дегани демакдир.

Маҳаллий аҳоли орасида ҳам энг кўп ваҳима уйғотадиган муҳокамалардан бири айнан шу ҳуқуқий норма атрофида кечади. Бу норма бир неча бор Конституцияга зид экани ҳақида судга мурожаатлар ҳам бўлган. Лекин Россия Конституцион суди бу нормани зид эмас ва донорлик муҳитини яхшилашга хазмат қилади деб топиб, шикоятларни рад этган.

Бу резонансли вазият

3. Агар марҳумнинг тана аъзолари олинган бўлса, конуний тартибда шикоят қилиш йўл-йўриқлари қандай?

Чет эл фуқароларининг тана аъзоларининг олиниши катта резонанс келтириб чиқариши табиий. Шунинг учун бу ҳақидаги хабарларни жуда кам учрайди.

Юқорида айтганимдек, жасад очилгани ҳақидаги актда "эксплантировано" деган тиббий термин билан тана аъзолари санаб ўтилган бўлса, демак санаб ўтилган тана аъзолари олинган бўлади. Бундай ҳолда шифохона бу ҳақида прокурорга билдириш юбориши керак. Лекин қариндош ва қонуний вакиллардан розилик олиш керак деган норма йўқ. Шунинг учун шифохонадаги қариндошлар тана аъзоларининг олинишига қарши эканини шифохона ҳодимларига оғзаки ёки ёзма равишда билдириб ўтишлари шарт. Бўлмаса, рози дегани.

Агар рози эмасликлари маълум бўлса ва прокрурорга ҳам билдиришсиз тана аъзолари олинган бўлса, унда Дафн ва дафн маросимлари ҳақидаги Россия қонуни, Фуқароларнинг соғлигини сақлаш асослари ҳақидаги қонун бузилгани асосида судга мурожаат қилинади. Бундай тажриба Россияда бор.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek