Қозоғистон, Ўзбекистон: яна автобус бузилди, яна 35 ўзбекистонлик қутқарилди

Published

Қозоғистон даштларида даҳшатли совуқ бошланди, техника бузилиб қолиши фожеа билан тугаши мумкин.

Шу кеча-кундузда Қарағанда вилоятида тунда -22, кундузи -14 даража совуқ ҳаво ҳарорати кузатилмоқда.

Қозоқ қутқарувчилари Қарағанда вилоятида бузилиб қолган автобусдаги 43 инсон қутқарилгани ҳақида хабар тарқатди.

Уларнинг 35 нафари Ўзбекистон фуқаролари бўлганлар.

Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар қўмитаси чўл ўртасидаги машина ичида одам қисқа вақт ичида музлаб қолиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Айнан Россияга йўл олган автобуснинг бузилиб қолиши 2018 йилнинг 18 январида 52 ўзбекистонлик умрига зомин бўлган эди.

Чимкентдан Россиянинг Қозонига йўл олган автобус Ақтўбе вилоятида бузилиб қолган.

Ҳаво ҳарорати -40, -45 даражада совуқ бўлган.

Автобус ичида исиниш мақсадида йўловчилар кавшар лампа(паяльник) ёқилгани ёнғин келиб чиқишига сабаб бўлган.

Ақтўбе фожеаси туфайли Ўзбекистон ҳукумати мамлакатнинг турли шаҳарларидан Россияга автобус қатновларини йўлга қўйиши, бу автобусларнинг техник созлиги текширилиши ҳақида эълон қилди.

Бироқ ҳали ҳам ўзбекистонликлар пулни тежаш мақсадида Қозоғистондаги хусусий автобуслар, маршрут таксиларига минмоқдалар.

Охирги ойда Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар идораси ўзбекистонликлар қутқариб қолингани ҳақида бир неча марта хабар тарқатди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek