You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Яқин Шарқ: Ҳизбуллоҳ ортидан Ҳамас ҳам Исроил билан сулҳга тайёр эканини билдирди. Ғазода ҳам тинчлик бўладими?
Сешанба куни Исроил ва Ҳизбуллоҳ ўртасидаги оташкесимни эълон қилган АҚШ президенти Жо Байден ўт очишни тўхтатиш режимига доимий амал қилинишидан умид билдирган.
Оташкесим билан икки ўртада 13 ойдан бери фаол давом этиб келаётган жангларга чек қўйилган.
Келишув шартларига кўра, келаси 60 кун ичида Исроил ўз қўшинлари ва қуролларини Ливандан босқичма-босқич олиб чиқмоғи лозим.
Ўз навбатида, Ҳизбуллоҳ кучлари ҳам Ливан жанубидаги чегара ҳудудларни тарк этади – улар ўрнини Ливан армиясининг 5,000 нафар ҳарбий хизматчиси эгаллайди.
Ливан расмийлари ҳарбий хизматчилар сони аста-секин ошириб борилишини тилга олган.
Ливан армияси мамлакат жанубида оташкесим режимига амал қилинишини ҳам кузатиб боради.
Оташкесим шартларига амал қилиниши устидан, шунингдек, АҚШ етакчилигидаги беш давлатдан иборат қўмита ҳам назорат олиб боради.
Оташкесим кучга кириши билан ҳарбий ҳаракатлар туфайли Ливан жанубидаги ўз уйларини ташлаб чиқишга мажбур бўлган кўплаб одамлар ортга қайта бошлаган.
Исроил мудофаа кучлари жанубий ливанликларни ҳозирча қишлоқларга қайтмай туришга чақирган ва ҳудудларда хавфсизлик таъминланиши билан бу ҳақда хабар беришга ваъда қилган.
Шундай манзарада, Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу оташкесим давомийлиги Ҳизбуллоҳнинг келгуси ҳаракатларига боғлиқ эканини таъкидлаган.
Унинг огоҳлантиришича, агар гуруҳ яна қуролланишга ҳаракат қилгудек бўлса, бу келишувнинг бузилиши, дея ҳисобланади.
АҚШ бошчилигидаги назорат қўмитаси эълон қилган ҳужжатда ҳам агар Исроил Ҳизбуллоҳ келишувни бузди, дея ҳисоблаган тақдирда, Ливан бўйлаб зарба бериш ҳуқуқига эга экани тилга олинади.
Ҳизбуллоҳ ғалабаси?
Кўплаб халқаро кузатувчилар ва топ дипломатлар мислсиз инсоний талафотга сабаб бўлган урушга чек қўйилганини олқишлаб чиққан.
Ливаннинг Иорданиядаги собиқ элчиси Трейси Чамун келишув “барчанинг енгил тин олиши”га имкон бергани ҳақида гапирган.
BBC билан гаплашган АҚШнинг Малтадаги собиқ элчиси Жина Аберкромби-Уинстенли келишув бузилмаслигидан умидвор эканини тилга олган.
Шундай манзарада Эрон ўзи ҳам қурол-яроқ, ҳам молиявий жиҳатдан таъминлаб келадиган Ҳизбуллоҳ “ғалаба қозонган”ини иддао қилиб чиққан.
Масалан, Эрон парламенти депутати Алиреза Салими “сионистлар Ғарбдан барча ёрдам олиб туриб ҳам Ҳизбуллоҳга ютқазган”ини даъво қилган.
Ғазода ҳам тинчлик бўладими?
Ҳамас расмийлари Исроил ва Ҳизбуллоҳ ўртасидаги тинчлик келишувини илиқлик билан кутиб олганини маълум қилган.
Шунингдек, улар Ғазода ҳам ўхшаш келишувга эришилишидан умидвор эканини билдирган.
“Биз Миср, Қатар ва Туркиядаги воситачиларга Ҳамас оташкесим ва маҳбусларни айирбошлаш бўйича жиддий келишувга тайёр эканини маълум қилдик”, дея гапирган гуруҳ расмийси 27 ноябрь куни AFP билан суҳбатда.
Аввалроқ, Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлар “тўлиқ ғалаба”га қадар давом этишини таъкидлаган эди.
Шундан бери ўтган бир неча ойлар давомида Ғазода ўт очишни тўхтатиш ва маҳбусларни айирбошлаш бўйича музокаралар боши берк кўчага кирганча қолмоқда.
Ҳизбуллоҳ билан келишув ортидан Британия ва Иордания каби давлатлар Ғазода ҳам тинчлик ўрнатилиши томон қадам ташлашга чақирган.
BBC’нинг хавфсизлик масалалари бўйича мухбири Френк Гарднернинг фикрича, Ғазода тинчликка эришиш қийинроқ кечиши мумкин.
“Фарқи шундаки, Ливанда келишувга ҳукумат аралашди. Ғазода эса Ҳамас Ғарбдаги кўплаб давлатлар томонидан террорчи гуруҳ дея тан олинган ва Исроил ўтган йил 7 октябридаги ҳужумлар ортидан гуруҳни буткул йўқ қилишга онт ичган. Шу сабаб жараён анчайин мушкул кечиши мумкин”, дея ёзган Гарднер.
Оташкесим энди бузилмайдими?
Ҳюго Бачега
BBC’нинг Яқин Шарқ бўйича мухбири
Бу уруш Ливан учун жуда қақшатқич кечди.
3,500 дан зиёд инсон ҳалок бўлди, миллиондан ортиқ инсон уйидан қочди, мамлакатнинг катта қисми вайронага айланди.
Ҳизбуллоҳнинг тарафдорларидан ташқари кўплаб ливанликлар гуруҳни мамлакатни кераксиз уруш домига ташлашда айблайди.
Шубҳасиз, Ҳизбуллоҳ оташкесимни ўз ғалабаси ўлароқ кўрсатишга, унинг қатъияти Исроилни келишишга мажбурлаганини таъкидлашга уринади.
Аммо гуруҳга жиддий зарба берилди. У йўқ қилинмади, лекин бу зарбадан ўзини қайта тиклай олмаслиги ҳам мумкин.
Ҳизбуллоҳнинг Ливандаги сиёсий рақиблари бу ҳолатни “давлат ичидаги давлат” тузумидан халос бўлиш имконияти ўлароқ кўриши ҳам мумкин.
Оташкесим билан ўт очиш тўхтатади, бироқ Ливан учун инқироз ҳали тугамади.