АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши урушида аслида қанча одам ўлдирилган – ҳеч қачон билиб бўлмайди. Нега?

Published
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Кристин Живанс,

Мэтт Мёрфи

BBC Verify

Расмий маълумотларга кўра, феврал ойида АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланганидан буён Яқин Шарқ бўйлаб минглаб одамлар ҳалок бўлган. Энди урушни тугатиш бўйича келишувга эришилди.

Қурбонлар ҳақида Эрон ва Ливан расмийлари эълон қилган маълумотларга кўра, 28 февралдан бери бу икки мамлакатда 7 300 дан ортиқ одам ўлган. Улар орасида юзлаб болалар ва ўнлаб тиббиёт ходимлари бор. Минтақанинг бошқа ҳудудларида ҳам ўнлаб одамлар ҳалок бўлган.

Бироқ айрим таҳлилчилар бу рақамлар ҳақиқий кўрсаткичдан анча паст эканини айтмоқда. BBC Verify билан суҳбатлашган экспертларга кўра, интернетга ва оммавий ахборот воситаларига қўйилган чекловлар, шунингдек, айрим ҳудудларда қуролли гуруҳлар мавжудлиги сабабли ишончсиз маълумотлар тарқалгани қурбонлар ҳақида аниқ хабар беришга тўсқинлик қилган.

Буюк Британияда жойлашган қуролли зўравонликларни мониторинг қилувчи "Action on Armed Violence" хайрия ташкилоти ижрочи директори доктор Иэн Овертоннинг айтишича, можаро бир вақтда бир нечта мамлакатда давом этаётгани сабабли қурбонлар ҳақидаги маълумотлар "кўпинча тўлиқ бўлмаяпти, кечикиб келмоқда ёки уларни мустақил равишда тасдиқлаб бўлмаяпти".

Унинг қўшимча қилишича, "уруш тугаганидан кейин ҳам қурбонлар сони бўйича якуний рақамлар узоқ йиллар давомида баҳсли бўлиб қолиши эҳтимол".

Эрон

Апрел ойи ўрталарига келиб, АҚШ ва Исроил зарбалари бошланганидан буён камида 3468 нафар эронлик, жумладан 499 нафар аёл ҳалок бўлган. Бу ҳақда Эрон ҳукумати расмий маълумотларида айтилган.

Эрон давлат ахборот агентлиги IRNA 26 апрель куни хабар беришича, ҳалок бўлганларнинг 1460 нафари тинч аҳоли, 2008 нафари эса ҳарбий хизматчилар бўлган.

Бироқ АҚШда жойлашган Human Rights Activists News Agency (HRANA) ташкилоти қурбонлар сони юқорироқ — 3636 нафар эканини маълум қилди.

18 май куни эълон қилинган ҳисоботида HRANA бу рақам 1701 нафар тинч аҳоли, жумладан 307 нафар бола, 1221 нафар ҳарбий хизматчи ҳамда шахси ёки мақоми тасдиқланмаган 714 нафар кишини ўз ичига олишини билдирди.

Ташкилот ҳужжатлаштирилган бу рақамларни "мутлақ минимал кўрсаткич" деб атади. Унинг таъкидлашича, ҳодиса жойларига етиб боришдаги қийинчиликлар, ҳукумат жорий қилган интернет узилишлари ва сиёсий тазйиқ қурбонлар ҳақида маълумот тўплашни жиддий чеклаган.

«Ҳокимият вакиллари қурбонлар ҳақидаги маълумотларни мунтазам яширади. Шунингдек, ҳалок бўлганларнинг оилаларига ўлим ҳолатининг тафсилотлари ҳақида омма олдида гапирмаслик учун босим ўтказилиши мумкин», деди ташкилот директори ўринбосари Скайлар Томпсон.

Эрон расмийлари АҚШ ва Исроилни мамлакат бўйлаб уюштирилган зарбаларда фуқаролик инфратузилмасини нишонга олганликда айбламоқда.

Бир нечта мустақил текширувларга кўра, урушнинг биринчи кунида АҚШ ракета зарбаси Минаб шаҳридаги мактабга теккан. Эрон расмийлари бу ҳужумда 168 киши, жумладан 110 нафар бола ҳалок бўлганини билдирган. АҚШ ҳарбийлари эса мазкур ҳужум юзасидан текширув олиб борилаётганини маълум қилган.

АҚШ бу ҳужумга алоқадорлигини рад этди. Бироқ BBC Verify билан суҳбатлашган экспертлар ҳужумда АҚШда ишлаб чиқарилган Precision Strike Missile (PrSM) ракетасидан фойдаланилган бўлиши эҳтимоли юқори эканини билдиришди.

Ливан

Исроил ва "Ҳизбуллоҳ" ўртасидаги тўқнашувлар 2 март куни – "Ҳизбуллоҳ" Эрон олий раҳбарининг ўлдирилишига жавоб сифатида Исроилга ракета отганидан кейин яна авж олди. Исроил бунга жавобан Ливан жанубида ҳаво ҳужумлари ва қуруқликдаги ҳарбий операция бошлади.

Шундан бери Ливан соғлиқни сақлаш идоралари маълумотига кўра, Исроил ҳужумларида ҳалок бўлганлар сони 3912 нафарга етган. Улар орасида 366 нафар аёл ва 247 нафар бола бор.

Улар орасида қанча "Ҳизбуллоҳ" жангчиси борлиги ёки умуман бор-йўқлиги аниқ эмас. BBC Verify бу масала юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилди, аммо ҳозирча жавоб олмади.

"Ҳизбуллоҳ" ўзининг расмий қурбонлар сонини эълон қилмаган. Бироқ Исроил Бош вазири Бинямин Нетаньяҳу ўтган ойда Эрон билан уруш бошланганидан бери 3000 нафар жангари ўлдирилганини айтди.

Март ойи бошида Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакат шарқидаги Бақо водийсида жойлашган шаҳар атрофида Исроил томонидан ўтказилган йирик ҳаво ва қуруқлик операциясида 41 киши ҳалок бўлганини маълум қилди. Исроил мудофаа кучлари (ИМК) ўз ҳарбийлари 40 йил аввал Ливандаги аввалги можаро пайтида бедарак йўқолган исроиллик ҳарбий учувчининг жасадини қидираётганини билдирди. Бироқ Ливан расмийлари бу операцияда ўз армиясининг уч нафар аскари, шунингдек, бир қанча тинч аҳоли ва болалар ҳалок бўлганини айтди.

8 апрель куни эса Ливан расмийларига кўра, Исроилнинг оммавий ҳаво ҳужумлари тўлқини 10 дақиқа ичида камида 361 киши ўлимига сабаб бўлган. ИМК ўша куни "Ҳизбуллоҳ"нинг 250 нафар аъзосини нишонга олганини билдирди. Бироқ Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу даъвони рад этиб, ҳалок бўлганларнинг мутлақ кўпчилиги тинч аҳоли бўлганини маълум қилди.

Шу билан бирга, БМТ маълумотига кўра, Ливанда унинг тинчликпарвар кучларининг етти нафар ходими ҳам ҳалок бўлган. Улардан сўнггиси 4 июн куни вафот этган.

Исроилнинг ҳарбий кампанияси тинч аҳоли орасида кўплаб қурбонларга сабаб бўлгани учун қораланмоқда. Сешанба куни АҚШ президенти Доналд Трамп ИМК ҳаракатларини кескин танқид қилиб, ҳаво зарбалари оқибатида «жуда кўп одам ҳалок бўлганини» айтди.

«Кимнидир қидираётганингиз учун ҳар сафар бутун бошли кўп қаватли уйни вайрон қилишингиз шарт эмас. Чунки ўша уйларда жуда кўп одам яшайди ва уларнинг ҳаммаси ҳам "Ҳизбуллоҳ" эмас», деди Трамп Парижда бўлиб ўтган G7 саммитида.

Исроил

Исроил расмийлари маълумотига кўра, 18 июн ҳолатига мамлакатда, асосан, Эрон ҳужумлари ва "Ҳизбуллоҳ" билан жанглар натижасида 60 киши ҳалок бўлган.

BBCга тақдим этилган ҳукумат маълумотларига кўра, қурбонларнинг 29 нафари тинч аҳоли бўлиб, шулардан 21 нафари Эрон ракета зарбалари оқибатида ўлган. Яна 31 нафар Исроил мудофаа кучлари (ИМК) ҳарбийси жангларда ҳалок бўлган. Ҳукуматнинг билдиришича, бир киши тасодифан ўз ҳарбийси отган ўқ оқибатида жон берган.

Исроил бир неча бор Эронни мамлакатдаги аҳоли яшайдиган ҳудудларга кластерли ўқ-дорилар қўллаганликда айблаган. Ҳужумлардан бирида, ИМК маълум қилишича, кассетали ўқ-доридан тарқалган ўқлар Рамат-Ган шаҳрига тушганида, бомбапаноҳга кетаётган 70 ёшлар атрофидаги эр-хотин ҳалок бўлган.

Март ойида Human Rights Watch (HRW) ташкилоти Теҳронни аҳоли яшайдиган ҳудудларни кластерли ўқ-дорилар билан нишонга олиб, уруш жиноятларини содир этганликда айблади.

"Кластерли ўқ-дорилардан тарқаладиган ўқлар кенг ҳудудга сочилади. Бу эса уларни уруш қонунларини бузган ҳолда нишон ажратмай таъсир кўрсатадиган қуролга айлантиради", деди HRWнинг инқирозлар, қуролли можаролар ва қуролланиш масалалари бўйича тадқиқотчиси Патрик Томпсон.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Яқин Шарқ бўйлаб қурбонлар

Эроннинг АҚШ ва Исроил зарбаларига дастлабки жавоби қўшни араб давлатларида жойлашган АҚШ ҳарбий базаларига қилинган ҳужумларни ҳам қамраб олди.

Эрон кучлари баллистик ракеталар ва портловчи дронлар билан кетма-кет ҳужумлар уюштирди. Уларнинг кўпчилиги аэропортлар, энергетика объектлари ва портлар каби фуқаролик объектларига келиб тушди. Кўплаб ҳолатларда ҳавода уриб туширилган ракета ва дронлар парчалари турар жой ҳудудларига тушган.

BBC Verify аввалроқ Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари (БАА), Қатар, Қувайт, Ироқ, Иордания, Баҳрайн ва Умондаги ҳарбий базаларга қилинган ҳужумларни ҳужжатлаштирган эди.

Бу ҳужумлар тўлқини Эроннинг қўшни давлатларида кескин норозиликка сабаб бўлди. БАА президенти маслаҳатчиси доктор Анвар Гаргаш X ижтимоий тармоғида шундай ёзди:

"Сиз қўшниларингиз билан урушмаяпсиз. Бу кескинлашув орқали Эронни минтақадаги асосий хавф манбаи деб ҳисоблайдиганлар қарашларини тасдиқлаяпсиз."

Минтақа бўйлаб умумий талофатлар сонини аниқ ҳисоблаш қийин, чунки барча давлатлар ҳам талофатлар бўйича умумий рақамларни эълон қилмаган.

Бироқ расмий баёнотлар ва оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, Форс кўрфази давлатларининг аксариятида қурбонлар қайд этилган. Жумладан, БАА Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатда 13 киши ҳалок бўлган.

Ироқда эса Al Jazeera ва Agence France-Presse (AFP) тўплаган маълумотларга кўра, 100 дан ортиқ киши ҳалок бўлган. Уларнинг камида 80 нафари АҚШ ва Исроил зарбаларида ўлдирилган, Эрон қўллаб-қувватлайдиган шиа қуролли гуруҳлари устунлик қиладиган "Халқ сафарбарлик кучлари" (PMF) таркибидаги жангарилар бўлгани хабар қилинган.

Шу билан бирга, Пентагон маълумотига кўра, Яқин Шарқда хизмат қилган АҚШнинг 13 нафар ҳарбий хизматчиси ҳам ҳалок бўлган. Уларнинг етти нафари Эрон ҳужумларида, яна олти нафари эса Ироқда ёнилғи қуйиш самолёти ҳалокатга учраши оқибатида вафот этган.

Халқаро денгиз ташкилоти маълум қилишича, Ҳўрмуз бўғози ва Яқин Шарқнинг бошқа ҳудудларида кемаларга қилинган ҳужумлар натижасида турли миллатларга мансуб 14 нафар денгизчи ҳалок бўлган.

Доктор Овертоннинг таъкидлашича, Яқин Шарқнинг айрим ҳудудларидаги "кириш чекловлари, вайрон бўлган инфратузилма ва сиёсий нозиклик" қурбонлар ҳақида хабар беришни чеклаган, айрим ҳолларда эса қурбонлар сони ҳақидаги маълумотлар умуман ошкор этилмаган.

"Ироқ, Сурия ва бошқа можаролар тажрибаси шуни кўрсатадики, қурбонларнинг якуний сони эҳтимол узоқ вақт давомида баҳсли бўлиб қолади ва ҳозирда мавжуд рақамлардан анча юқори бўлиши мумкин", деди доктор Овертон.