You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Қирғизистон: Президентнинг дўсти судланди, лекин озодликда қолди
- Author, Санжар Эралиев
- Role, bbc.com/uzbek
- Reporting from, Бишкек
- Published
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Қирғизистонда муддатидан олдин президент сайлови ўтказиш ташаббуси ортидан очилган ва сўнгги беш ой давомида жамоатчилик диққат марказида бўлган жиноят иши бўйича суд ҳукми чиқди.
Иш доирасида Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раиси, генерал Қамчибек Ташиев ҳамда яна етти нафар юқори лавозимларда ишлаган собиқ амалдор судланди.
Бишкекнинг Биринчи май туман судида ҳукм 2 июлнинг оқшомида ўқиб эшиттирилди. Суд барча айбланувчиларни тўрт йилга озодликдан маҳрум қилди. Бироқ уларга уч йиллик пробация тайинлангани сабабли жазо озодликда ўталади. Ўн кундан кейин кучга кирадиган ҳукмга мувофиқ, судланганларнинг мол-мулки ҳам мусодара қилинади. Бу жараённи ёритиш учун ташқарида ўнлаб журналистлар кун бўйи кутиб туришди.
Ҳукм эълон қилинишидан аввал суд биносида кескин муҳит ҳукм сурди. "Залга сиғмайсизлар", деган важ билан судланувчиларнинг айрим қариндошлари ва бир гуруҳ журналистлар киритилмагани норозилик келтириб чиқарди. Лекин залга киришга муваффақ бўлган айрим журналистлар жараённи жонли эфирда ёритди ва минглаб фойдаланувчилар ижтимоий тармоқлар орқали ҳукмни реал вақтда кузатиб бордилар.
Судланганлар орасида камида учта генерал, собиқ бош прокурор, собиқ ички ишлар вазири ва собиқ парламент раиси ҳам бор.
Суд уларни Жиноят ва жазо кодексининг 326 моддаси — "Конституцияни бузган ҳолда ҳокимиятни куч ишлатиб эгаллаб олиш ёки куч билан сақлаб туриш, шунингдек конституциявий тузумни куч ишлатиш орқали ўзгартиришга қаратилган ҳаракатлар" бўйича айбдор деб топди. Айни пайтда, тергов давомида қўйилган "Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш" (337 модда) айблови бўйича оқландилар. Давлат айбловчилари улара тўққиз йиллик қамоқ жазоси сўраган бўлса, ҳимоя томони тўлиқ оқлашни талаб қилган эди.
Айблов моддалари оғир бўлгани учун таҳлилчилар доирасида собиқ амалдорлар суд залидан қамоққа олиниши мумкинлигини тахмин қилинганди.
Жараённи жойидан кузатган BBC мухбирининг айтишича, судя пробация ҳақидаги қарорни эълон қилган пайтда ташқарида кутиб турган қариндошлар қарсак чалиб, бир-бирини қучоқлаб, табрикладилар.
Пробация — маҳкумнинг қамоқ жазосини озодликда, суд белгилаган шартларга риоя қилган ҳолда ўташ тартиби ҳисобланади. Агар у ушбу шартларни бузса ёки янги жиноят содир этса, пробация бекор қилиниб, қамоқ жазоси ижро этилади.
Судланган саккиз нафар собиқ амалдордан беш нафари сўнгги беш ой давомида ҳибсда сақланган. Қамчибек Ташиев, собиқ парламент раиси Нурланбек Турғунбек ўғли ва собиқ бош прокурор Қурманқул Зулушев эса тилхат асосида озодликда юриб, тергов ҳамда суд жараёнларида иштирок этди. Улар қўйилган айбга мақул эмасликларини такрорлаб келдилар.
"Қилим шами" инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилоти раҳбари Гулшайир Садибақасова суд ҳукми тушунарсиз бўлганини билдирди.
"Мен Жиноят кодексининг 326-моддаси бўйича қандай қилиб пробация назорати қўлланганини тушунмаяпман. Ахир Жиноят кодексида "конституциявий тузумга қарши жиноятлар" бўйича пробация қўлланилмаслиги аниқ белгиланган-ку" – деган Садибақасова шу тоифадаги жиноятлар билан айбланиб, қамоқда ўтирган фаолларни ҳам озодликка чиқаришга ундади.
Адвокатлар ҳукм устидан шаҳар судига апелляция шикояти беришларини маълум қилишган. Шу боис ишнинг маҳкамадаги муҳокамаси давом этиши кутилмоқда.
Собиқ мулозимлар нега судланди?
Қамчибек Ташиев президент Садир Жапаровнинг дўсти ва яқин сиёсий ҳамкори саналган. У 2020 йили Жапаров келгач, 2026 йил бошигача Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси ва Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари лавозимларида ишлаган.
10 феврал куни Ташиев кутилмаганда лавозимидан озод этилди. Ундан бир кун аввал 75 нафар собиқ амалдор ва сиёсатчилар президентга ва давлат парламенти - Жогорку Кенешга муддатидан аввал президент сайловини ўтказиш таклифи билан мурожаат йўллаган эди. Уларнинг аксари Ташиевга яқин шахслар сифатида тилга олинган.
Милиция бунинг ортида қонунга зид ҳаракатлар бўлиши мумкин, деган гумон билан жиноят иши қўзғатди. Мурожаатга 75 нафар собиқ амалдор ва сиёсатчи имзо чеккани сабабли, жамоатчилик орасида ушбу иш "75чилар мактуби" номи билан танилди.
Бу орада Ташиев бир муддат хорижга чиқиб, кейин мамлакатга қайтди. Унга яқин деб ҳисобланган бир қатор амалдорлар ишдан кетди, парламентдаги ўнга яқин депутат эса мандатидан воз кечди.
Президент Садир Жапаров Ташиевни ишдан бўшатиш қарорини "давлат ва халқ тинчлиги учун" қабул қилинганини айтган. Аммо икки сиёсатчи ҳозиргача бир-бирини очиқ танқид қилмаган.
Жамоатчиликда Ташиевнинг президентликка даъвогар бўлиши мумкинлиги ҳақида тахминлар тарқалганди. Жиноят иши очилганидан кейин журналистларга берган изоҳларда у бир неча бор президент Жапаров сиёсатини қўллаб-қувватлашини билдириб, судда оқланишига ишонишини айтган.
Бошқа судланувчилар ҳам сайловни эртароқ ўтказиш таклифини Конституция доирасида илгари сурганини, амалдаги ҳокимиятга қарши эмаслигини таъкидлашган.
Бу воқеалар ортидан Конституциявий суд навбатдаги президентлик сайловини 2027 йил январига белгилаган.
Президент Жапаров Қамчибек Ташиевга оид ушбу жиноят иши юзасидан бир неча бор муносабат билдириб, унга ҳуқуқий баҳо бериш суд ваколатига киришини таъкидлаган. Шу билан бирга, у Ташиевни ўзининг яқин дўсти эканини ҳам бир неча марта айтган. Сўнгги йилларда жамоатчиликда уларга нисбатан "икки дўст" ибораси кенг қўлланила бошлаган.
End of Ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимиз:
Ташиев фаолияти нега танқид қилинади?
Қамчибек Ташиев сўнгги беш йилда Қирғизистонда президентдан кейинги энг таъсирли шахс сифатида танилди. У миллий хавфсизликдан ташқари, тиббиётдан тортиб қурилишгача бўлган турли соҳаларни шахсан назорат қилишини бир неча бор таъкидлаган. Шунингдек, маҳаллий ҳокимиятда ишлаганларни кетирган камчиликлари учун мажлис вақтида ҳибсга олиш бўйича топшириқлар берган ҳолатлари бўлган.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар Ташиев раҳбарлик қилган даврда сиёсий танқидчилар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига нисбатан таъқиблар кўпайгани ҳақида бир неча бор баёнот берган.
Айни пайтда, уни қўллаб-қувватловчилар қатъий сиёсати коррупцияни камайтиришда натижа берганини, уюшган жиноий гуруҳларга қарши кураш ва Ўзбекистон ҳамда Тожикистон билан чегараларни белгилаш жараёнида муҳим роль ўйнаганини таъкидлайди.
Ташиев лавозимдан кетгач, айрим тадбиркорлар у ишлаган даврда бизнесга босим ўтказилгани ва айрим мулклар тортиб олинганини даъво қила бошлади.
Март ойида Давлат солиқ хизмати "Қирғизнефтегаз" давлат ташкилотида эҳтимолий коррупция схемалари бўйича суриштирув бошланганини маълум қилди. Иддаога кўра, Ташиев ва унинг қариндошлари билан боғлиқ ҳолатлар оқибатида давлатга 3 миллиард сомдан ортиқ зарар етказилган. Бу иш доирасида унинг укаси Шаирбек Ташиев қамоққа олинган.