Ўзбекистон: Болалар билан ишлайдиган ходимлар текшируви кучайтирилиши керакми?

Нукус боғчаси тарбиячиларининг болаларга нисбатан шафқатсизлиги кузатув камераси видеоларида  сақланган

Сурат манбаси, Ijtimoiy tarmoq

Сурат тагсўзи, Нукус боғчаси тарбиячиларининг болаларга нисбатан шафқатсизлиги кузатув камераси видеоларида сақланган
Published
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ўзбекистонда болалар боғчалари билан боғлиқ кузатилаётган сўнгги ҳодисалар бу борада жаҳон тажрибасини янада яхшироқ ўрганиш ва илғор, ҳаётда ўз самарасини кўрсатганларини татбиқ этишни тақозо этаётгандек.

Бўка туманидаги суд Тошкент вилоятида 2025 йил сентябрида 1900 боланинг оммавий заҳарланиши юзасидан ўз ҳукмини эълон қилди.

11 шахс айбдор топилди, улар орасида болалар боғчаси раҳбари ҳам бор.

Айбланувчилар сифатсиз, санитария талабига жавоб бермайдиган сут маҳсулотларини болалар боғчларига тарқатиб келишда айбландилар.

Феврал ойида Фарғона вилоятида ҳам 62 бола овқатдан заҳарланиб шифохонага ётқизилган эди.

У ерда ҳам болалар боғчаларига егулик етказадиган ширкат қонун талабларига жавоб бермаслиги маълум бўлган.

Мамлакатда боғча тарбияланувчиларига нисбатан шафқатсиз муомала ҳолатлари ортиб бораяпти.

2026 йил февралида Қорақалпоғистон суди Нукусдаги боғча тарбиячилари болаларга мунтазам зўравонлик қўллагани устидан ҳукм чиқарди.

Ўтган йил февралида Сенатор Бахтиёр Абдуллаев болакайларни овқат емагани учун стулчага боғлаб қўйган тарбиячиларга қандай чора кўрилганини Мактабагача таълим вазирлигидан талаб қилди.

Бугун Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги болаларга шафқатсиз муомала қилинган Тошкент шаҳридаги Rayyan Kids Group хусусий болалар боғчасининг лицензиясини олиб қўйгани хабар қилинди.

Навоийнинг Нурота туманида боғчаларда болаларга яроқсиз гўшт берилганини аниқлади Ўзбекистон Истеъмолчилар федерацияси.

Бухорода 25 болани Spark автомобилида ўтирғизиб уйларига олиб кетаётган боғча ходимаси тўхтатилди.

Булар кенг жамоатчиликка ошкор бўлганлари, холос.

Ният ва реал ҳаёт

Тошкентдаги ҳодиса видеосини Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги эълон қилди

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Тошкентдаги ҳодиса видеосини Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги эълон қилди
Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин болалар боғчалари сони камайиб кетди, бунинг асосий сабаби, бюджетдан маблағ ажратилиши камайиб кетгани эди.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан болаларнинг боғча қамровини кенгайтиришга қарор қилди.

Ўзбекистонда болалар боғчалари сонини ошириш учун бир нечта йўналишда ислоҳотлар амалга оширилди.

Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди ва соҳа алоҳида давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлантирилди.

Давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида боғчалар очишга кенг йўл берилди. Тадбиркорлар давлат кўмаги билан нодавлат ва оилавий боғчалар ташкил қилиш имкониятига эга бўлдилар.

Хусусий боғчалар учун субсидиялар, имтиёзли кредитлар ва турли компенсациялар жорий этилди. Давлат баъзи ҳолларда тарбияланувчилар учун харажатларнинг бир қисмини қоплашни ҳам йўлга қўйди.

Қамров паст бўлган ҳудудларда янги боғчалар қуриш учун ер ажратиш, давлат ва хусусий сектор иштирокида янги муассасалар ташкил этиш дастурлари қабул қилинди.

Янги давлат боғчаларини қуриш ва мавжудларини реконструкция қилишга киришилди.

Натижада мактабгача таълим билан қамров сезиларли ошди. Расмий маълумотларга кўра, бугун Ўзбекистонда мактабгача таълим қамрови 78 фоизга етган.

Боғчалар сони 30 мингдан ортган, уларга 3-7 ёшлардаги 2 миллион бола қатнаяпти.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев болалар боғчаларидан бирига ташрифи пайти

Сурат манбаси, O'zbekiston prezidenti matbuot xizmati

Сурат тагсўзи, Президент Мирзиёев 2025 йили Ўзбекистон боғчаларида қўшимча 182 минг бола ўрни яратишга фармон берди

Аммо боғча очиш деган мақсад билан давлат бюджети маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари ҳам юзага келди.

Матбуот хабарларини таҳлил қиладиган бўлсак, маҳаллий ҳокимлик вакиллари билан тил бириктирган "уддабурон"лар боғча учун деб расмийлаштириб арзон ер олиш, имтиёзли кредит, субсидия ва компенсацияларни ўзлари ёки қариндошлари номига расмийлаштириш ҳолатлари оз эмаслигини кўриш мумкин.

Болалар боғчаларига сут, гўшт, бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини қоғозда бир нархда, амалда эса арзон-гаровига сифатсиз, санитария талабларига зид "сотиш бизнеслари" йўлга қўйилгани учрамоқда.

Жиноий, коррупция ҳолатларидан ташқари, боғчаларга ишга жалб этилаётган инсонларнинг билими ва руҳий ҳолатлари назорати ҳам долзарб масала экани аён бўлди.

Тарбиячи ўтмишини текширинг!

Iqtibos

Кузатувчиларга кўра, боғчалар сони кўпайиши ишсизлик муаммосини ҳал этишда муҳим қадамлардан бўлди.

Ҳам ишсизлар боғчаларга ишга жойлашдилар, ҳам боласи боғчага чиққан онанинг ўзи ишлаши имконияти юзага келди.

Бир йил олдин Жаҳон Банки Ўзбекистон аёлларининг бандлиги 12 фоиз ортганини қайд этди.

Лекин болага шафқатсиз муомала қилаётган тарбиячиларнинг ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетган видеолари "бу тарбиячалар бирор жойда болалар билан ишлаш бўйича таълим олганми?" деган саволни пайдо қилади.

Дунёнинг кўплаб илғор мамлакатларида айниқса бола, ногирон ёки кексалар билан ишлайдиган мутахассисларнинг шахсияти қаттиқ текширилади.

Бу инсоннинг руҳий саломатлиги мана шундай босим остида ишлаш шароити талабларига жавоб берадими, ўтмишда криминал жиноят содир этмаганми, бола ёки кекса инсонга зўравонлик қилмайдими, деган саволларга жавоб изланади.

Мисол учун, Буюк Британияда хусусий ширкатлар иш берувчи талабига кўра ишга олинаётган шахснинг криминал ўтмишини текшириб беради.

Бундай текширув болалар, таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий хизматлар ва бошқа юқори ишонч талаб қилинадиган соҳаларда ишлаш учун кенгроқ ўтказилади.

Ходим ёки ходиманинг криминал ўтмиши тоза ва шу соҳада ишлаб турганига қарамасдан, бу текширув ҳар икки-уч йилда янгиланиб туради.

Skip Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: and continue readingБизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: